ОЛИЙ СУД РАИСИ БМТ КЕНГАШИНИНГ МАХСУС МАЪРУЗАЧИСИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов БМТ Инсон ҳуқулари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашди.

Учрашув давомида меҳмонга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Хусусан, кейинги йилларда суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, унинг обрўини ошириш, ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш мақсадида Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.

“Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатлдарини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди. Судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш ваколати берилди.

Шунингдек, судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини оширишга қаратилган суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди.

Вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялар тугатилиб, ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилинди.

2018 йил 4 апрелда суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, хусусан, жиноят процессида далиллар ишончли, конуний йўл билан олингани ва ишга алокадор бўлиши, далиллар мақбуллиги тамойилини амалда таъминлашга қаратилган Қонун қабул қилинди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни ҳақида гапирганда, биз дунёнинг тараққий этган давлатларининг бу борадаги илғор тажрибасини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, миллий тизимимизга муваффақиятли тадбиқ этиш йўлидан борилмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашда аввало қонунчилик базасини изчиллик билан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи орқали 90 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хусусан, Олий суд томонидан ишлаб чиқилган Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар 2018 йилнинг январь ойида тасдиқланди ва 2018 йил 1 апрелдан кучга кирди.

Бундан ташқари жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш мақсадида жиноят содир этган шахсларни жиноий таъқиб қилиш муддатлари мақбуллаштирилди. Яъни айрим жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш, жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш муддатларини қисқартириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил муддат ўтган бўлса, шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслигини белгиловчи қоидалар амалиётга жорий этилди.

Таъкидланганидек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.

2019 йилда ҳам Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида янада кўламли, том маънода ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда. Бу комплекс чора-тадбирлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини амалда таъминлаш, фуқароларнинг Конституциямизда белгиланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Айни пайтда замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал кодекслари лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашув мобайнида Диего-Гарсия Саян ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Ўзбекистонга ташрифи давомида БМТнинг махсус маърузачиси бошчилигидаги делегация Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги судлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: