МЕРОС ТАЛАШИШ

аввали — уят, охир-оқибати — фожиа

Маълумки, Конституциямизнинг 54-моддасида мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни эркин тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Албатта, мулкдор бу ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади.

Агар ота-она ҳаётлиги вақтида фарзандларига мол-мулкини бўлиб берган ёки бу борада тегишли васиятнома қолдирган бўлса, бундай ҳо­латларда туғишганлар ўртасида мерос талашишга ҳо­жат қолмайди.

Шунинг учун мамлакатимиз судлари томонидан ворислар ўртасидаги мерос билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда яқин қа­риндош бўлган ака-ука, опа-сингилларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар беришга ало­ҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, мерос талашаётган яқин қа­риндошларни яраштириш ва низони тинч — ке­лишув йўли билан ҳал этишга йўл очмоқда.

Агар эътибор берилса, мерос талашаётганларнинг аксариятини катта ёш­ли кишилар ташкил этади. Бундай бир-бирига яқин қариндош бўл­ган ёши улуғ инсонларнинг низолашиб юриши оқи­батида, яқин қариндошлар, ака-укаларнинг бир-биридан юз ўгириши ка­би ҳолатлар ҳатто аянчли фо­жиа билан тугаган ҳолатлар ҳам, афсуски, учрайди.

Чунончи, жорий йилнинг 23 октябрида жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди томонидан Жиноят кодек­cи­нинг 97-моддаси 2-қисми “а”, “г”, “ж”, “и” бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми “а”, “г”, “ж”, “и” бандлари, 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жи­ноят­ни содир этган А. Аъзамовнинг (исм-шарифлар ўз­гарти­рил­ган) жиноят иши кў­риб чиқилди.

Маълум бўлишича, фуқаро А. Аъзамов 2017 йил январь ойи­­да Россияга ишлаш мақсадида бориб, 2019 йил март ойи­да уйига қайтиб келади.

Гап шундаки, у ота юртидан олисда — хорижда юрган вақтида ота-онасидан қолган уй бузилганлиги сабабли ҳокимият томонидан компенсация пули ва 5 сотих ер майдони аж­­ратилиб, укаси Б. Аъзамовга берилади. Энг ачинарлиси, Б. Аъзамов ушбу ажратилган ер майдонини ҳеч ким билан бўлишмай ҳам, маслаҳатлашмай ҳам ўзбошимчалик билан сотиб юборади-да, пулини ўз эҳтиё­жи учун сарфлайди.

Хуллас, А. Аъзамов сингиллари ва бо­лаларидан бу ҳақ­да эшитиб, ўз жигарининг қилмишидан ажабланади ва у билан гаплашгани унинг уйи­га бора­ди. Отасининг васиятига кўра, уй-жойнинг ярми сингилларига ва акаси Абдураҳим Аъзамовга тегишли эканини тушунтиришга уринади. Аммо бу ҳаракатлари натижа бермайди.

Шундан сўнг барча қариндошлар йиғилиб, Б. Аъзамовдан ота васиятидаги меросни талаб қилишади. У ва унинг турмуш ўртоғи эса, бошқа қариндошларига меросдан улуш бермаслик мақсадида, турли ташкилотларга мурожаат қилишади.

Ахийри қариндош-уруғлар ўртасидаги бу келишмовчилик катта жанжал келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Энг ёмони, ака-укалар ўртасидаги нафсиоворалик, аниқроғи, мерос талашиш муносабатлари икки ки­ши­нинг ўлими билан якун топади.

Аниқроқ айтганда, 2019 йил 24 июнь куни кечки пайт А. Аъ­замов қўшниси Д. Ибрагимов билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилади. Ке­йин эса, эскирмаган гаплар эсига тушиб, рўз­ғорда ишлатиладиган пичоқни билиб-билмай ўзи би­лан олиб, укасининг уйига йўл олади.

Дарвоза йўқлиги сабаб ҳов­ли ёни­да тўкилган шағал ую­ми олдида туриб, укасини чақиради. Уйдан эса келини Г. Мирзабекова чиқади-да турмуш ўртоғи уйда йўқлигини айтади. Аммо эри ҳам уйида спиртли ичимлик ичиб ўтирган эди.

Бу орада А. Аъзамов келинига укасини чақириб беришини айтиб, шов­қин-сурон кўтаради. Не ажабки, келин бўл­миш ҳам бир гапдан қолмайди, аксинча, қар­ғаниб, қайн­оғасини баттар ҳақорат қилаверади. Бундай қарғишларга чидай олмай А. Аъзамов ўзини тутиб туролмайди, қў­лидаги пичоқни келини Г. Мирзабекованинг турли жойларига санчади.

Онасининг жон ҳолатда бақирганини эшитган Х. Аъзамова кўчага чиққанида Г. Мирзабекованинг қонга беланиб ётганини кўрадию жон ҳолатда онасини ҳимоя қилмоқчи бўлганида эса, кўзи қонга тўлган А. Аъзамов жиянига ҳам пичоқ уради.

Шунингдек, А. Аъзамов онаси ва опасининг ҳаётини сақлаб қолиш учун амакисининг жиноий ҳаракатларини тўхтатишга ҳаракат қилаётган Г. Абдулҳамидовага ҳам ҳужум қи­либ, бир неча марта пичоқ уриб, оғир тан жароҳати етказади. Сўнг туман ички ишлар бўлимига бориб, бўлиб ўтган воқеани айтиб беради.

Олган тан жароҳатлари натижасида Г. Мирзабекова ва Х. Аъзамова воқеа жойида жон таслим қилади. Тез тиббий ёр­дам ходимлари ҳаракатлари натижасида Г. Абдулҳамидованинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида ушбу жиноят иши кў­риб чиқилди. Суд мажлисида жабрланувчи ва гувоҳлар ўз яқин қариндошлари А. Аъзамовга қонуний чора кў­ришни сўрашди. Хусусан, ундан ўзлари учун 200 000 000 сўм маънавий зарар ундириб, ўзини эса, қотил сифатида умрбод озодликдан маҳрум этишни талаб қилишди.

Суд А. Аъзамовнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, жабрланувчи ва марҳумларнинг оила аъзоларидан кечирим сўраганини — жазони енгиллаштирувчи, жиноятни мастлик ҳолатида содир этганлигини эса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф эт­ди.

Жабрланувчи ва уларнинг қонуний вакилларининг судланувчига нисбатан даъвоси борлиги инобатга олинди.

Суд А. Аъзамовга узил-кесил 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, тайинланган жазонинг даст­лабки 3 йилини турмада ўташни белгилади.

А. Аъзамовнинг ўз ҳуқуқ ва мажбу­рият­ларини тушунмаслиги мана шундай ўта аянчли фожиа ва оғир жазо билан якун топди. Агар у инсоф юзасидан иш тутиб, туғишганлари ҳақи­ни адолатли ҳал қилганида, яъ­ни ота-онасидан қолган уй-жойдан мерос олишнинг қонуний йўлини танлаганида, бу оғир фожиа рўй бермаган бўларди.

Энг ачинарлиси, бу ҳолатга унинг атрофидаги ноўнғай муҳит, ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги ҳам сабаб бўлган. Хусусан, сингиллари, бошқа қариндош-уруғлари ҳам, қайсидир маънода, айбдор. Чунки улар мерос масаласини аввало ўзаро маслаҳатлашиб, қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинида бафуржа муҳокама қилишлари ёки фуқаролик су­ди орқали муаммога нуқта қў­йишлари мумкин эди. Ахир, демократик тамойиллар асосида равнақ топаётган жамия­тимизда ҳамма масалага қонуний ва адолатли ечим бор. Бу­ни ҳеч ким ҳеч қачон ёддан чиқармаслиги лозим.

Дилфуза Аҳмадалиева,
Азамат Ғаппоров,
жиноят ишлари бўйича
 Наманган вилояти судининг судьялари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: