Ш. ВОҲИДОВГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ ОЛИЙ СУДДА НАЗОРАТ ТАРТИБИДА ЎРГАНИЛМОҚДА
2019 йил 17 ноябрда YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Ш. Воҳидовнинг мурожаати (https://www.youtube.com/watch?v=EakDmBnwRU4) юзасидан маълумот
2017 йил 6 сентябрдаги жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ҳукмига кўра Шамил Воҳидов (1962 йилда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланмаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 16 ноябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2017 йил 6 сентябрдаги Ш. Воҳидовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз ва апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 12 февралдаги ажримига асосан Ш. Воҳидовга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 16 ноябрдаги ажрими бекор қилиниб, ушбу жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 20 июндаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2017 йил 6 сентябрдаги Ш. Воҳидовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгартирилиб, унинг айбловидан айрим айб эпизодлари чиқарилган. Суд ҳукмининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Ш. Воҳидовнинг апелляция шикояти қисман қаноатлантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 19 апрелдаги ажримига асосан Ш. Воҳидовга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 20 июндаги ажрими бекор қилиниб, ушбу жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 6 сентябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2017 йил 6 сентябрдаги Ш. Воҳидовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгартирилиб, унинг айбловидан айрим айб эпизодлари чиқарилган. Суд ҳукмининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Шунингдек, Ш. Воҳидовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандилари билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси (айблов ҳукми чиқариш асослари) 3-қисми 2-бандига асосан жазо тайинланмаган. Ш. Воҳидовнинг апелляция шикояти қаноатлантиришсиз қолдирилган.
Айни пайтда Ш. Воҳидов томонидан унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли суд қарорларини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраб ёзган назорат тартибидаги шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши материаллари билан биргаликда ўрганилаётгани маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш