“СОХТА ТАБИБ”НИНГ НАЙРАНГЛАРИ
Юлдуз туни билан танасидаги оғриқ азобидан инграб чиқди. Ўнг томонига ҳам, чап томонига ҳам ёнбошлаб ётолмайди. Фақат юқорига қараб ётса жони бироз ором олади. Мана уч кундирки шифтга қараб ҳам ётолмай қолди. Чап кўкрагидаги оғриқ борган сайин кучайиб бораверди.
– Дадаси, бу кетишда яқинда ўлиб қоламан, тумандаги шифокорларни муолажаларини фойдаси бўлмади. Мени Тошкентга олиб боринг. Қўшни қишлоқдаги Жамила опанинг келинигаям кўкрак бези саратони ташхисини қўйишган экан. Тошкентга бориб операция қилдирибди, “нур” (химия терапия) олган экан тузалиб қолибди. Мениям онкология марказига олиб боринг, вой жоним-эй.
– Хўп, аяси эртагаёқ олиб бораман, ҳозир ухлашга ҳаракат қил, жуда чарчаганман. Зойиржон ширин уйқусида хотинига ваъда бериб юборди.
Эрининг сўзларини эшитган Юлдуз ҳозироқ операция бўладигану тузаладигандек ҳис этди ўзини. Хаёлан шифохонада юргани, операция столига ётгани-ю дарддан халос бўлганини ўйлаб, бироз оғриқни унутди.
Эрталаб хўроз қичқирчимасидан олдин ўйғониб (аслида ухламаган эди) пойтахтга кетиш учун нарсаларини тайёрлай бошлади. Бир неча уринишдан сўнг Зойирни уйғотиб машина гаплашишга кўндирди. Болаларининг хонасига кириб, стол устига пул ва бир парча қоғозга хат қолдирди.
“… Аброржон болам, даданг билан Тошкентга кетдик, тезда қайтамиз, укаларингга яхшилаб қарагин, Гулчеҳра келинойингга айтдим, сигирни соғиб беради. Сути ачиб қолмасидан дўконга топшириб кел…”
Юлдуз ҳар доим Тошкентга боришни орзу қиларди. Болалигида пойтахтга борган дугоналарига ҳавас билан боқарди. Мана 32 ёшга етганида у ҳам орзусига эришадиган бўлди. Аммо у орзуси ушалаётганидан хурсанд эмас, қўрқувда. Уни пойтахтга қутулиб бўлмас балою дард бошлаб кетяпти.
Қамчиқ довонидан ўтаркан унга жудаям яқин турган тоғларни кўриб ўзини жудаям кучсиз, ожиз сезди. “Хавфли бурилиш”, деб ёзилган жойдаги тоғни худди кимдир кўтариб тургандек, салгина қимирласа Юлдузни бошига ағдарилиб тушаётгандек. Атрофни томоша қилиб хаёлларга берилиб, пойтахтга етиб келганини ҳам сезмай қолди.
Уни текширувдан ўтказган профессор Аҳад Даминович саратоннинг хавфли босқичига ўтишга бир қадам қолганини, вақтида химия терапия олинса касаллик илдизи қуришини дона-дона қилиб тушунтирди. Фарғонага бориб йўлланма олиб келса уни Республика онкология илмий-текшириш институтига жойлашини ва у ерда муолажаларни бошлашини айтди.
– Биз уйга бориб, ота-онам билан маслаҳатлашиб, икки-уч кунда албатта қайтиб келамиз, – деди Зойир Аҳад Даминовични ишонтириб.
Ҳозирги ҳолатда Юлдузга иккала кўкрагини кесиб ташлашадими йўқми қизиғи йўқ, фақат у оғриқдан тезроқ қутулса бўлгани, ҳа, ҳа, жудаям тезроқ.
Зойир бўлган гапларни онасига айтди. Нодира опанинг фиғони фалакка чиқди.
– Ҳозирги докторларга кесиш бўлса, айтишга осон, пойтахтга бормайсизлар, Бухорода зўр табиб бор деб эшитдим. Суриштириб манзилини билиб бераман, ўша ерга борасизлар. Шифокорлар Карима холангни ўғлини жигарини қурияпти, эрта-индин ўлади деган экан, ана ўша табибга бориб даволаниб келди, бинойидек юрибди.
Нодира опа бухоролик Садриддин табибни рақамини топиб, Зойирга берди.
Юлдузнинг қаршилигига қарамай Зойир хотинини олиб Бухорои шарифга йўл олди. Садриддин табибнинг уйи олдидаги одамларни кўриб, “онам тўғри айтган экан, зўр табибга ўхшайди”, деди Зойир хотинига мамнун жилмайиб.
Юлдузнинг қалбида ҳам умид учқуни пайдо бўлди. Садриддин табибнинг уйи худди зиёратгоҳга ўхшайди. Бу ерга келган беморлар табибни илоҳий кучга эга, беморлардан бир сўм ҳам пул олмайди дейишгач Зойирнинг ишончи янаям мустаҳкамланди. Табибнинг ҳовлиси жуда катта бўлиб, бир четига ошхона ҳамда ётоқхона ҳам қурилган. Унинг оила аъзолари яъни хотини, фарзандлари беморларга хизмат кўрсатишади. Табибнинг хизмати бепул бўлгани билан кунлик ётоқ пулли, озиқ-овқатга ҳам анча-мунчагина маблағ тўлашга тўғри келиб қоларкан. Табибнинг калласи жуда зўр ишларкан-да.
Консультацияни бепул қилиб, уйидаги хизмат турларини икки баробар нархга ошириб қўйган. Содда одамлар буни фарқига бормай халқ хизматини бепул қилаётган табибнинг рекламасини роса ошириб беришарди.
Зойир билан Юлдуз Садриддин табибникида ўн кун яшаб, муолажа олишди.
Табибнинг хотини ҳар куни Юлдузга қандайдир дамламалар берди. Биринчи куни Юлдуз оғриқни унутгандек бўлди. Аммо дамламаларни фойдасини заррача сезмади. Зойир пули тугагач, хотинини олиб қишлоққа қайтди.
– Бир ойдан кейин келсангиз муолажанинг иккинчи қисмини бошлайман. Бу сафар енгилроқ дорилар бердим, кейинги сафар кучли дамламалардан бераман, худо хоҳласа келин бу дардни кўрмагандек бўлиб кетади, – деди табиб Зойирнинг қўлини кафтлари орасига сиқиб.
Юлдузнинг баданидаги оғриқ кучайса кучайдики заррача дамламаларнинг фойдасини сезмади. “Жон дадаси, пойтахтга олиб боринг мени, бу табибдан даво топмадим, пулимиз кетгани қоляпти”, дея эрига ялиниб-ёлворди. Аммо Зойир онасининг гапини икки қилолмасди. Ахир ўзи ҳам Юлдузнинг иккала кўкраги кесиб ташланишини истамасди, аммо буни хотинига айтолмасди.
Бу орада Садриддин табиб ҳам худди хол-аҳвол сўрагандек бўлиб Зойирга икки уч марта қўнғироқ қилиб тезроқ Бухорога келишларини, акс ҳолда касаллик зўрайиб кетишини таъкидлади.
Зойир қўрасидаги новвосини сотиб, хотини учун нажот истаб яна Бухорога йўл олди. Шу зайлда Садриддиннинг уйига қатнаб, бор мол-мулкидан ажралди. Юлдузни борган сайин мадори қуриб, ҳолсизланиб, жонсизланиб бораверди. Табибнинг дамламаларини бирортаси дардига даво бўлмади.
Куз ойининг охирларига келиб Юлдуз омонатини топширди. Кўзлари бу дунёга тўймай, болаларини кўзлари қиймай, жон таслим қилди. Юлдузнинг ўлими кўпроқ фарзандларига таъсир қилди, уларнинг қаддини эгди. На қайнонаси, на эри ачинмади. Ахир қизига ачинадиган онаизори ҳам икки йил олдин омонатини топширган. Мана Юлдуз ҳам оғриқлардан қутулиб жони ором олиб, онасининг ёнига кетди.
Садриддин табибнинг ёнига даво истаб келган беморларнинг аксарияти ундан шифо топмагани фош бўлди. Хайриятки, содда одамларнинг кўзларини очиб қўядиганлар топилди. Марғилонлик бир аёлнинг аризасига кўра ички ишлар ходимлари Садриддин “табиб”ни сохта даво усулларини фош этишди. Табибнинг ҳеч қандай сеҳрли кучга эга эмаслиги, табобатдан мутлақо хабари йўқ фирибгарлиги аниқланди. Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида, тегишли жарима ҳамда саккиз йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. “Сохта табиб” ўз ортидан хотини ва иккита фарзандини ҳам панжара ортига тортиб кетди. Отанинг йўлидан борган фарзандлар ҳам жавобгарликка тортилди.
Хулоса шуки, оддий бир одамнинг пул топиш илинжидаги найрангларига ишонган кўплаб содда одамлар ҳам соғлиғидан, ҳам маблағидан ажралиб қолди.
Абдуманнон ШАЙДОЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Бухоро вилояти суди судьяси,
Нигора РАҲМОНОВА,
журналист
(“Оила ва жамият” газетаси,
2020 йил 15 январь)
Фикр қолдириш