НАФС ИЗМИДАГИ ЭКСПЕРТ ОХИР-ОҚИБАТ ҚЎЛГА ТУШДИ
Ҳеч кимга сир эмаски, ўта хавфли иллат саналадиган коррупция ҳар қандай давлат тараққиёти, унинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаёти, халқнинг адолатга ва келажакка бўлган ишончига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари қўпол тарзда бузилиши, жамиятда турли ҳуқуқбузарликлар сонининг ортишига сабабчи бўлади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг таъсирчан ҳамда самарали механизми амалга жорий этилган, мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Буни миллий қонунчилигимизда порахўрлик жинояти учун муқаррар жиноий жавобгарлик белгилангани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар ёрдамида давом эттирадиган бўлсак, яқинда очиқ суд мажлисида дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган А. Абраев (исм-шарифлар шартли) га тегишли жиноят иши муҳокама қилинди.
Айтиш керакки, суд Акбар Абраевга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади, шунингдек, Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, икки йил муддатга моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди.
Хўш, А. Абраев қайси қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилди?
Бунга жавобан шуни айтиш керакки, оилалик, уч нафар фарзанднинг отаси, олий маълумотли Акбар Абраев эллик етти ёшида жабрланувчи Рашид Ортиқовга нисбатан тамагирлик қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Шу ўринда бу ҳақида батафсил тўхталадиган бўлсак, ўша куни Рашид Ортиқов ўзининг “Нексия” русумли автомашинасида қариндоши Элёр ҳамда таниши Абдужалол билан Ўртабўз қишлоғидаги автомашиналарга газ қуйиш шаҳобчасига бораётганди. Кутилмаганда, йўлнинг қатнов қисмига бир бола югуриб чиқади. Р. Ортиқов автомашинани соатига 45 километр тезликда бошқариб бораётганди, аммо оралиқ масофа жуда қисқа эди. Шу боис у автомашинани тўхтатишга улгурмайди, болани уриб юборади.
Шундан сўнг Р. Ортиқов ҳамроҳлари билан бирга автоҳалокат оқибатида жароҳат олган болани зудлик билан туман шифохонасига олиб боришади. Маълум бўлишича, автоҳалокат оқибатида жароҳатланган бола ҳодиса юз берган жой яқинида яшовчи, саккиз ёшли Улуғбек экан.
Ўтган йилнинг 16 сентябрь куни рўй берган ана шу кўнгилсизликдан ташвишга тушган Р. Ортиқов боланинг ҳолидан хабар олиб, тиббий муолажалар учун дори-дармонлар билан таъминлаб туради. Улуғбекнинг отаси О. Маматов унга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида тилхат ҳам ёзиб беради.
Улуғбекка шифохонадан 24 сентябрь куни уйига рухсат берилади.
Шунингдек, Р. Ортиқов томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Улуғбекка етказилган тан жароҳати бўйича судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланади. Х. Сулаймонова номидаги суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Самарқанд филиалининг Жомбой тумани бўлинмаси давлат суд-тиббий эксперти А. Абраев тегишли хулоса тақдим этганидан сўнг автомашинани жарима майдонидан чиқариш мумкин эди.
Р. Ортиқов автоҳалокатга гувоҳ бўлган қариндоши Э. Назаров билан суд-тиббий экспертизаси туман бўлинмасига бориб, эксперт А. Абраевга учрашади ва мақсад-муддаосини айтади.
– Боланинг тишлари синган, – дейди А. Абраев касаллик тарихи кўчирмасига кўз ташларкан. – Тишларнинг синиши эллик фоиздан ошиб кетган, бу жиноий иш қўзғатишни тақоза этади…
Табиийки, бу совуқ гапдан Рашид ўзини йўқотиб қўяди. Ёнида ўтирган Элёрнинг ҳам юзида бирдан ташвишли аломатлар пайдо бўлади.
– Нима қилса бўлади? – дея сўрайди Рашид хавотирга тушган кўйи.
– Оғир ва енгил тан жароҳати ўртасида турибди, – дейди А. Абраев. – Енгил жароҳат деб хулоса бериш мумкин. Аммо эрта кимдир шикоят қилса…
Ўртага яна оғир сукунат тушади. Бироздан сўнг сукунатни А. Абраевнинг ўзи бузади: – Агар “харажати”дан қочмасангиз, енгиллаштириб бераман.
Буни эшитиб, Рашид билан Элёрнинг чиройи очилади. – Ҳар қандай хизматга тайёрман, – дейди Р. Ортиқов.
– Унда ўша болани менинг текширувимга олиб келинглар, – дейди А. Абраев. – Ҳа, “харажат” ҳақида яна яхшилаб ўйлаб кўринглар…
Қисқаси, воқеаларнинг давоми шундай кечади: Рашид Улуғбекнинг онаси Гулсанам Ваҳобова билан бирга экспертнинг ҳузурига келади. Рашид А. Абраевнинг хизмат хонасига киришдан олдин уяли телефон аппаратига аудио-видео ёзувни ёзиш дастурини интернет тармоғидан кўчириб, фаоллаштириб қўйганди…
Ўша куни А. Абраев Улуғбекни текшириб кўргач, унинг ўзи ва онаси билан суҳбатлашади, маълумотларни ёзиб олади. Сўнгра Рашид ва Элёрни хизмат хонасига таклиф қилади. Ичкарига киргач, Рашид тоқатсизланганича унга саволомуз қарайди. А. Абраев “Буёғига ҳамма гап сизда қолди” дейди. Сўнг у учта бармоғини кўрсатиб, “учта кўкидан”, дейди.
Ўрни келганда шуни қайд этиш керакки, автоҳалокат оқибатида Улуғбекнинг бир тиши тўлиқ, учтасининг ярми синган эди. Эксперт А. Абраев буни оғир тан жароҳати гуруҳига киришини айтиб, хулосани енгил қилиб бериш эвазига 300 АҚШ доллари сўраганди. Бу Р. Ортиқовни ўйлантириб қўяди.
Хуллас, Р. Ортиқов ўтган йилнинг 28 сентябрь куни эрталаб вилоят ички ишлар бошқармасига Э. Назаров билан бирга боради ва Х. Сулаймонова номидаги суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Самарқанд филиали Жомбой туман бўлинмаси давлат суд-тиббий эксперти А. Абраевга нисбатан хизмат мавқеидан фойдаланиб, таъмагирлик қилгани учун қонуний чора кўришини сўраб, ариза ёзади. Ариза юзасидан А. Абраевнинг қонунга зид хатти-ҳаракатларини фош этиш учун тезкор тадбир ўтказилади. Икки нафар холис фуқаро ўз розилиги билан тадбирда иштирок этади.
Рашид билан Элёр эксперт А. Абраевнинг хонасига кириб борганида, у ишлаб ўтирганди. Элёр чўнтагидан тезкор тадбир учун берилган 300 АҚШ долларини олиб, А. Абраевга узатади. А. Абраев пулни олиб, шимининг орқа чап чўнтагига солиб қўяди. Шундан сўнг А. Абраев қўлга олинади…
А. Абраевнинг жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан тўғри малакаланган. Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги барча ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берди, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳар томонлама таҳлил қилиб, қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинлади.
Гувоҳи бўлганингиздек, Акбар Абраевга тўғри йўлдан адашиш, таъмагирлик қимматга тушди. У мансабдор шахс бўла туриб, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунда белгиланган ўз мажбуриятларидан ғаразгўйлик мақсадида фойдаланди. Нафс қутқусига берилган эксперт пора сўраб, қўлга тушди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, таъмагирлик ҳеч қачон яхшилик келтирмайди. Аксинча, тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
Жонибек РАУПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш