КАЛОНДИМОҒЛИК КАСОФАТИ ЁХУД ҚОТИЛГА АЙЛАНГАН ҚАРИНДОШ

Тўрақўрғон туманининг “Соҳибкор” маҳалласида яшаган Исматбой Алиназаров (мақолада исм-шарифлар ўзгартирилган) анчайин манман, калондимоғ эди. Акс ҳолда 2021 йилнинг август ойи охирларида ўз уйи­­да, фарзандларининг суннат тўйига меҳмон бўлиб келган тоғасига қўл кўтариб, уни урмаган бўларди.

Ўша куни Исматбойнинг бу қилиғи нафақат меҳмонларни, балки қариндош-уруғларини ҳам қаттиқ ранжитди. Кўпчиликнинг ундан кўнгли қолди. Айнан ана шу воқеа сабаб орадан ўн беш кунча ўтиб – 2021 йил 5 сентябрь куни қариндоши Ботир Ҳамидов (улар ака-уканинг набиралари бўлади) билан ҳам жанжаллашиб қолди. Аммо бу жанжалнинг охири фожиага айланишини ким билибди дейсиз. 

Гап шундаки, кеч соат 20.30 ларда И. Алиназаров “Ер­масжид” маҳалласи марказидаги дўконга борганида Ботир ўша ерда эди. Ўзаро суҳбат орасида Б. Ҳамидов унга киноя билан:  

– Сен жуда кучайиб кетибсанми? – дейди у қариндошининг ўз тоғасини урганига ишора қилиб.

Табиийки, бу гап Исматбойга ёқмайди. Пировардида иккаласи ғижиллашиб қолиб, муштлашиб кетишади. Лекин шу атрофдагилар уларни ажратиб қўйишади. Ўз навбатида Ботир у билан жанжаллашмаслик мақсадида уйига кириб кетади. 

Шунга қарамасдан, И. Алиназаров унга телефон қилади, ҳақоратли сўзларни айтиб, сўкишда давом этган. Қолаверса, ўртадаги зиддиятга ойдинлик киритиш мақсадида қариндошини туманнинг “Олчин” маҳалласи марказига чақиртириб, бир неча маротаба қўнғироқ қилган.

Жавоб бўлмагач, “SМS” хабарлар юборган. Аммо Б. Ҳамидов кейинчалик телефон аппаратини ўчириб қўйган. Бу эса зўравон йигитга жуда алам қилади. Натижада у ғазабланиб, Ботирнинг акаси Баҳромжонга сим қоқади. Бўлиб ўтган жанжал тўғрисида Баҳромжон билан баҳслашиб, уни ҳам ҳақоратомуз, шахсини, йигитлик ғурурини камситувчи сўзлар билан “сийлайди”. Шунингдек, уни эрталаб муштлашиш мақсадида туманнинг жанубий чегарасидан оқиб ўтувчи Сирдарё бўйига чақиради.

2021 йил 6 сентябрь куни соат 7.30 ларда Исматбой уйи­дан чиқиб кетаётган вақтида укаси Жавоҳир унинг кайфияти йўқлиги сабабини сўрайди. Шунда ака кечқурун бўлиб ўтган воқеани гапириб беради.

– Майли, ўтган ишга саловат. Сиз борманг, Баҳром ака билан Ботирни мен ўзим тинчитаман, – дейди Жавоҳир ўртадаги жанжал авж олишини бартараф этиш мақсадида.

Шу мақсадда Жавоҳир акасини уйда қолдириб, ўзи Баҳромжонникига жўнайди. Манзилга яқинлашганда эса қариндошининг тоғаси Азамат Акрамалиев билан кўчада турганини кўради. Гўёки тоға-жиян Исматбойни сўроқ-савол қилиш учун йиғилишгандек туюлади Ж. Алиназаровга. Бинобарин, у акасига қўнғироқ қилиб, бу ҳақда хабар беради. Сўнг ўзи Баҳромжон ва Азамат аканинг ёнига боради. Бироқ Жавоҳирнинг юз беражак жанжални бостириш мақсади зое кетади: Б. Ҳамидов бор кучи билан унинг юзига мушт туширади. Оқибатда Ж. Алиназаров ҳушини йўқотиб, ерга йиқилади.

Буни қарангки, укасининг қўнғироғидан кейин И. Алиназаров аввалгидан ҳам баттар ғазаб отига минади. Жаҳл келганда ақл кетар, дейдилар. Шу маънода айтганда, у Баҳромжонни ўлдириш орқали ўртадаги низога нуқта қўйишни мўлжаллайди. Натижада пичоғини олиб, уйидан чиқади.

Йўл-йўлакай кичик укаси Даврон Алиназаров ишлайдиган “Fаst-foud” тамаддихонасига кириб, у ердан ҳам битта пичоқ олади. Бу маҳал Даврон оғайниси Олимжон Абдулатипов билан суҳбатлашиб турганди.

– Машинангни ҳайда, мени Шаҳандга олиб бориб кел! – дея буюради О. Абдулатиповга.

Олимжон уни машинасига ўтиргизиб, йўлга тушади. Баҳромжон ва Азамат ака турган жойга яқинлашар экан, Исматбой узоқдан Жавоҳирнинг ерда қимирламай ётганини кўради. “Укамни ўлдириб қўйибди” деган шубҳа-гумон банд этади дарҳол унинг хаёлини. Шу боис машинадан туша солиб, куракда турмайдиган сўзлар билан сўкканча Баҳромжонга ташланади. Қолаверса, ёнидан пичоқ чиқариб, қариндошининг олд кўкрак қафаси ва ўнг елка қисмига икки маротаба санчади. Оқибатда Б. Ҳамидов ерга йиқилиб, ҳушини йўқотади. И. Алиназаров эса уни ўлдирганига тўлиқ ишонч ҳосил қилиб, ҳодиса жойидан қочиб кетади. 

Дарҳақиқат, жабрланувчи воқеа жойида вафот этади. Айбдор шу куниёқ қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тергов жараёнида Исматбойнинг хонадонидан соф вазни 3,22 граммга тенг “марихуана” гиёҳвандлик моддаси ҳам топилади.

Шундан сўнг ҳар иккала жиноят иши жиноят ишлари бўйи­­ча Тўрақўрғон туман судида кўриб чиқилди. Яъни, суд “қаҳрамон”имизни Жиноят кодексининг 97- ва 276-моддаларининг 1-қисми билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Жабр­ланувчининг қонуний вакилига эса етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича келгусида фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, манманлик ва ўжарлик каби иллатлар ҳамиша инсонга панд бериб, аянчли қисматларга гирифтор этиб келган. Жаҳли чиққанда ўзини босолмаслик эса улардан ҳам ёмон, хавфлироқдир. Балки бу фикрларимиз кимгадир панд-насиҳатдек бўлиб туюлар. Лекин ана шу иллатлар туфайли юз берган қабиҳлик барчамизни ҳушёр торттириши, ҳамиша огоҳ бўлишга ундаши шарт. Акс ҳолда бинойидек салом-алик қилиб юрган қариндош қотилга айланмаган бўларди.

Отабек СИДДИҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Тўрақўрғон туман суди раиси

(“ADOLAT” газетаси,

 2022 йил 20 май)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: