ЭГРИ ЙЎЛНИНГ ОХИРИ СУДДА ҚОНУНИЙ ЯКУН ТОПДИ
Аслида ҳар бир кун инсон учун синов вазифасини ўтайди. Кимдир ҳалол ва савоб ишлари билан ўз умрини безаса, бошқа биров эгри йўлдан юриб бўлса-да, кўпроқ пул топишни мақсад қилади. Бунинг охири эса, аксарият ҳолларда жиноят билан тугайди. Қуйидаги мисол ҳам бунинг исботидир.
Пахтачи туманида яшовчи Холбек Турсунов (исм-шарифлар ўзгартирилган) айни куч-қувватга тўлган, тоғни урса талқон қиладиган ёшда. Оилали, икки нафар фарзандли бу йигитга муқаддам жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг ҳукмига асосан тўрт йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Афсуски, бу жазо ҳам Х. Турсуновнинг сўқир кўзини очмади. У ўтган йилнинг апрель ойи ўрталарида Г. Искандаровнинг қорамолини 6 миллион 300 минг сўмга савдолашиб, насияга олиб кетади. Аммо қорамолни сотиб юборгач, пулини ўз эҳтиёжи учун сарфлайди.
Х. Турсунов бу қилмиши билан чекланмай, 2022 йил сентябрь ойида Т. Бобожоновнинг икки бош қорамолини 14 миллион сўмга савдолашади.
“Хамир учидан патир” дея унга 50 минг сўм беради, холос. Пулнинг қолганини икки ой ичида олиб келиб беришга қуюқ ваъда берган бўлса-да, ваъда ваъдалигича қолиб кетади, қорамолларнинг сотишдан тушган маблағни чўнтагига уради.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, ҳаётда тўғри йўлдан адашган Х. Турсунов фирибгарлиги етмагандек, уйида қиморхона ҳам ташкил қилади. Қимор ишқибозларига шароит яратиб бериш эвазига улардан белгиланган миқдорда “улуш” олиб туради. Охир-оқибат бунинг ҳам миси чиқади. Ички ишлар идораси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Х. Турсуновнинг уйида қимор ўйинига тикилган 2 миллион 539 минг сўм ва икки дона махсус карта ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинади.
Яқинда Х. Турсуновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 278-моддаси 1-қисмига асосан айбдор деб топиб, тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Шу тариқа тегишли жазодан тўғри хулоса чиқармасдан яна эгри йўлни танлаган Х. Турсунов қилмишларига яраша жазоланди. Бу гал у қандай иш тутишини олий ҳакам ҳисобланган вақт кўрсатади. Қолаверса, бу воқеа тафсилоти бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз. Чунки эгриликнинг охири ҳамиша афсус-надомат билан тугаши айни ҳақиқатдир.
Жамшид БОТИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Пахтачи тумани суди раиси
Фикр қолдириш