ЭЪТИБОРСИЗЛИК КАСРИ: СУДДА БИР ЯРИМ ЙИЛЛИК САРСОНГАРЧИЛИК ЯКУНИГА ЕТДИ
Маълумки, Олтиариқ мева ва сабзавотчилик соҳаси яхши ривожланган туманлардан бири саналади. Шу боис бу ҳудудда ҳар бир қарич ер катта қийматга эга. «Quva Agro Aliance» масъулияти чекланган жамияти ҳам боғ барпо этиб, даромад топиш мақсадида Олтиариқ тумани ҳокимиятига мурожаат қилади.
2019 йил 24 декабрда корхонага 612-контурдаги 11,64 гектар ер майдони интенсив узумзор барпо этиш учун ажратиб бериш ҳақида туман ҳокимининг 6386-сонли қарори қабул қилинади. Шундан сўнг Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тайёрланади. Аммо туман ҳокими негадир мазкур шартномани ҳадеганда имзолайвермайди. Оқибатда шартномани расмийлаштириш ҳам чўзилиб кетади. Корхона раҳбари 2020 йил 14 август куни ариза билан туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, ижара шартномасини расмийлаштириб беришни сўрайди. Бироқ ариза оқибатсиз қолдирилади.
Мамлакатимиз Конституциясининг 44-моддасида «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади» дея қайд этилган.
Шунга мувофиқ, «Quva Agro Aliance» корхонаси Олтиариқ тумани маъмурий судига мурожаат қилиб, туман ҳокимининг ер ижара шартномасини расмийлаштириб бермаслик билан боғлиқ ҳаракатсизлигини ғайриқонуний деб топиш ҳамда ҳокимлик зиммасига тилга олинган контурдаги 11,64 гектар ер майдонига нисбатан узоқ муддатли ижара шартномасини расмийлаштириш мажбуриятини юклашни сўради.
Айтиш керакки, суд мажлисида муаммонинг асл сабаби аён бўлди. Маълум бўлишича, Олтиариқ тумани ҳокимининг 2019 йил 30 декабрдаги 6571-сонли қарорига асосан 11,64 гектар ер майдони «Kumush uzum mo’jizasi» фермер хўжалигига ҳам ажратиб берилган экан. Ваҳоланки, дастлаб 2019 йил 24 декабрдаги 6386-сонли қарор бекор қилиниб, ер майдони туман захирасига қайтарилгандан кейингина у «Kumush uzum mo’jizasi» фермер хўжалигига ажратиб берилиши керак эди. Лекин амалда бундай бўлмаган — қарор устига қарор чиқарилган. Туман ҳокимининг 2020 йил 18 февралдаги 281-сонли қарори билан 2019 йил 30 декабрдаги 6571-сонли қарор бекор қилинган бўлса-да, «Quva Agro Aliance» масъулияти чекланган жамиятига ер майдони амалда ажратиб берилмаган ва ижара шартномаси расмийлаштирилмаган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 185-моддасига биноан, манфаатдор шахс маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган, унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга ошириш ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган, унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган, унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.
Бундан ташқари «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасига асосан маъмурий органга келиб тушган ариза ўша куннинг ўзида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Маъмурий орган аризачига ариза рўйхатдан ўтказилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжат бериши, ариза электрон шаклда берилган тақдирда ариза рўйхатдан ўтказилганини маъмурий органнинг расмий веб-сайтидаги электрон хабар, тегишли ёзувга ҳавола билан ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усул билан тасдиқлаши шарт.
Бироқ Олтиариқ тумани ҳокимлиги ўз ваколатидаги масала юзасидан берилган аризани рўйхатдан ўтказиб, ариза рўйхатдан ўтказилгани ҳақида аризачини хабардор қилмасдан, ариза бўйича қонуний, асослантирилган, адолатли, аниқ ва тушунарли маъмурий ҳужжат қабул қилмасдан, амалдаги қонунга хилоф ҳаракатсизликни амалга оширган.
Албатта, суд ушбу ишни кўраётган пайтда туман ҳокимининг 2019 йил 24 декабрдаги 6386-сонли қарори кучида бўлган.
Қолаверса, ўзгартирилмаган ёки бекор қилинмаган. Шу боис суд 2020 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимлигининг ер майдони ижара шартномасини расмийлаштириб бермаслик билан боғлиқ ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топди.
Шу билан бирга, туман ҳокимлиги зиммасига «Quva Agro Aliance» масъулияти чекланган жамияти билан 11,64 гектар ер майдонини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини расмийлаштириш, йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида бир ой ичида суд ва аризачига хабар қилиш мажбуриятини юклади.
Аммо Олтиариқ тумани ҳокимлиги ўз хатосини тан олиш ўрнига суд қароридан норози бўлиб, кассация шикоятини берди. Натижада кассация шикояти Фарғона вилояти судида кворум бўлмагани сабабли Андижон вилояти маъмурий судида кўриб чиқилиб, суднинг 2020 йил 11 декабрдаги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Шундан сўнг «Kumush uzum mo’jizasi» фермер хўжалиги Олий судга шикоят ариза билан мурожаат қилди. Таъкидлаб ўтилганидек, туман ҳокимининг 2019 йил 30 декабрдаги 6571-сонли қарори 2020 йил 18 февралдаги 281-сонли қарор билан бекор қилинган. Туман ҳокимининг 2019 йил 24 декабрдаги 6386-сонли қарори ҳамон кучида бўлиб, ўзгартирилмаган ёки бекор қилинмаган. Бинобарин, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ва кассация инстанциясининг ажримини қонуний деб топиб, «Kumush uzum mo’jizasi» фермер хўжалигининг шикоят аризасини қаноатлантиришни рад этди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега Олтиариқ тумани ҳокими қарор устига қарор чиқариб, шунча сарсонгарчиликка сабаб бўлди? Бу ўринда ҳокимлик ҳуқуқшуноси қаёққа қараган? Нима учун у 2019 йил 30 декабрдаги 6571-сонли қарорнинг қабул қилиниши қонунга зид эканини ва унинг ҳуқуқий оқибатларини раҳбарга тушунтирмаган? 2019 йил 24 декабрдаги 6386-сонли қарор ижросини нега ўз вақтида таъминламаган? Бу каби саволлар юридик хизматлар фаолиятида айрим муаммолар борлиги, соҳани малакали ва масъулиятли мутахассислар билан таъминлашга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади.
Қувонарлиси, кеч бўлса-да, адолат қарор топди. Айни пайтда туман ҳокимлиги ва «Quva Agro Aliance» корхонаси ўртасида ижара шартномаси тузилиб, расмийлаштирилди. Эндиликда корхона узумчилик фаолияти билан эмин-эркин шуғулланиши мумкин.
Иқроржон МАТМУСАЕВ,
Фарғона вилояти
маъмурий суди судьяси
Фикр қолдириш