СОЛИҚ МАЖБУРИЯТЛАРИНИ БАЖАРИШ БОРАСИДА ТАДБИРКОРЛАРГА ЯНАДА ҚУЛАЙ ШАРОИТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА

Сўнгги йилларда юртимизда бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмини кенгайтириш, уларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тезкор ҳал қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бунда асосийэътибор иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларга янада кўпроқ эркинлик бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилмоқда.

Натижада миллий иқтисодиётни бар­қарор юксалтиришнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳу­қуқ­ларини ишончли ҳимоя қилиш механизми йил сайин такомиллашиб бормоқда.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган «Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Ушбу муҳим ҳужжат давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 августда тадбиркорлар билан бў­либ ўтган очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган. Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бў­йича аниқланган ҳу­қуқ­­бу­зарликлар учун молиявий санк­ция­лар қўлланилмаслиги белгиланиши тадбиркорлар учун узоқ кутилган янгилик бўлди.

Шу ўринда Тошкент шаҳар иқтисодий суди ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судлари томонидан давлат солиқ хизмати органларининг камерал назорат натижасида аниқланган қў­шимча ҳи­собланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш юзасидан амалга оширган ишларига доир айрим рақамларга тўхталамиз.

Бу борада 2019 йилда 535 та иқтисодий иш кўрилган. Шундан 379 таси бўйича назорат қилувчи органнинг талаби қаноатлантирилган. Ўз навбатида, 2020 йилда 56 та ушбу тоифадаги иқтисодий ишлар кўрилиб, 23 таси бў­йича ариза талаби қаноатлантирилган.

Камерал солиқ текшируви моҳиятан тадбиркорлик субъектининг фаолиятига бевосита аралашмасдан, солиқ тў­ловчи томонидан тақдим этилган ҳисобот ва маълумотлар, шунингдек, ташқи манбаалардан олинган маълумотларни таҳлил қилиш орқали амалга ошириладиган ўрганиш тури ҳисобланади.

Шу боис ушбу жараёнда назорат қилувчи органлар томонидан айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилиши табиий. Мазкур ҳолат эса, ўз навбатида, иқтисодий судлар томонидан қабул қилинадиган қарорлар сифатига ҳам салбий таъсир ўт­казмасдан қолмайди.

Мисол учун «K. D. S» масъулияти чекланган жамият томонидан 2018 йил якуни бўйича тақдим этилган ягона солиқ тўлови ҳисоботида товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилишдан соф тушуми 305 822 000 сўм, бошқа даромадлари 512 123 300 сўм, жами со­лиқ солинадиган база 819 110 000 сўм деб кўр­сатилган. Шундан 5 фоизлик ставкада 40 955 500 сўм ягона солиқ тўлови ҳисобланган.

Давлат солиқ инспекцияси ушбу масъулияти чекланган жамият томонидан 2018 йил якуни бўйича тақдим қи­линган ҳисоботларнинг тўғ­ри­лиги юзасидан Солиқ кодексининг 70-моддасига асосан камерал назорати ўтказган.

Масъулияти чекланган жамиятнинг пул айланмалари ҳақи­даги маълумотлар ўрганилганда, 2018 йилда унинг ҳисоб рақамига жами 3 273 650 000 сўм, 2019 йил январь-июнь ойларида 1 702 500 000 сўм маблағ келиб тушгани аниқланган.

Шунингдек, масъулияти чекланган жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақамига 2019 йилнинг январь-июнь ойларида товарлар, ишлар, хизматларни реализация қи­лишдан тушган соф тушуми 1 702 500 000 сўмни ташкил қилган.

Давлат солиқ инспекцияси томонидан мазкур ҳолат товарларни реализациясини, яъни даромадини кам кўр­сатиш деб баҳоланган. Натижада масъулияти чекланган жамиятга 2018 йил учун 122 785 235 сўм ягона солиқ тўлови, 2019 йилнинг ярим йиллигида 283 750 000 сўм қўшимча қиймат солиғи кам ҳисоблангани ва 2 312 260 сўм ягона солиқ тў­лови ортиқча ҳисоб­ланган­и­ ҳа­қида хулосага келинган.

Ўз навбатида, Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси томонидан даромад солиғи бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини тақдим этиш ҳақида масъулияти чекланган жамиятга талабнома юборилган. Аммо жамият­ талабномада кўрсатилган муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган.

Шу сабабли солиқ идораси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, масъулияти чекланган жамиятдан 2018 йил учун қўшимча ҳисобланган 122 785 235 сўм ягона солиқ ва 2019 йилнинг ярим йиллиги учун қўшимча ҳисобланган 283 750 000 сўм қўшилган қиймат солиғини ундиришни ҳамда 2019 йилнинг ярим йиллиги учун ягона со­лиқ тўловини 2 312 260 сўмга камайтиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2019 йил 2 октябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза талаби қисман қаноатлантирилган. Масъулияти чекланган жа­мият­дан 2018 йил учун қўшимча ҳисобланган 122 785 235 сўм ягона солиқ, 2019 йилнинг ярим йиллиги учун қў­шимча ҳи­соб­ланган 283 750 000 сўм қўшилган қиймат солиғи ундирилган.

Аризадаги талабнинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Кассация инстанцияси судининг 2019 йил 18 де­кабр­даги қарори билан ҳал қи­лув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Аммо қуйи инстанция судлари ишдаги далилларни тўлиқ ўрганмаган, қўшимча далилларни талаб қилиб олмаган ва натижада қўшимча ҳисобланган солиқларни ундириш тўғрисида барвақт хулосага келган.

Шунинг учун Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 21 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва кассация инстанция судининг қарори бекор қилинган. Шу аснода аризадаги талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинган.

Кези келганда, Президент Фармонига кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилиниши белгиланганини эслатиш лозим. Қоида тариқасида бундай ҳо­латда ҳуқуқнинг умумий принципларига кўра, битта қонун бузилиши учун муайян ҳуқуқий таъсир чораси белгиланади.

Солиқ кодексининг 111-моддаси учинчи қисми 1-бандига биноан, солиқ тўловчи, яъни солиқ агенти томонидан солиқ органига молиявий ёки солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганлиги юридик шахс­лар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банклардаги ҳи­соб­варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришга асос бўлади.

Мазкур кодекснинг 220-моддасида солиқ ҳисоботини солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тақдим этмаслик — бу солиқ ҳисоботи асосида тўланиши (қў­шимча тўланиши) лозим бўлган солиқ суммасини белгиланган муддатда тў­ланмаган ҳар бир кечиктирилган кун учун бир фоиз миқдорида, лекин кўрсатилган сумманинг ўн фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида жарима солишга сабаб бў­лиши қайд этилган.

Шу маънода Солиқ кодексининг 111 ва 220-моддаларида айнан бир ҳуқуқбузарлик, яъни солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда солиқ органига тақдим этмаслик учун тадбиркорга нисбатан икки марта таъсир чора қўлланилмоқда.

Бинобарин, тадбиркорлик субъектига солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар қўллаш бекор қилиниши айни муддао бўлди.

Бундан ташқари ушбу Фармон билан 2022 йил январь — июль ойларида Хоразм вилоятида экспериментал тартибда Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган со­лиқ тў­лов­чи­ларнинг қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича со­лиқ ҳи­со­бот­лари солиқ ор­ганлари томонидан ҳи­соблаб чиқилиши ва шакллантирилиши белгиланди.

Янги тартибга мувофиқ эндиликда:

– юридик шахслардан олинадиган ер солиғини Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида;

– қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни — электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида;

– солиқ органлари томонидан шакллантирилган со­лиқ ҳисоботи солиқ тўловчилар учун белгиланган тегишли солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан камида 10 кун олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши;

– солиқ тўловчи солиқ ор­ганлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботини олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни тасдиқлайди ёки агар эътирозлари мавжуд бўлса, уни рад этган ҳол­да, солиқ ҳисоботини қайта ишлаши ва ўрнатилган тартибда солиқ органларига тақдим этилиши назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Фармонида мамлакатимизда тадбиркорликни қўл­лаб-қувватлаш бў­йича муҳим ижобий ўзга­риш­лар назарда тутилган. Буларнинг барчаси пировардида «Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам, халқ ҳам бой бўлади» деган таомилни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Мақсуд САИДОВ,

Тошкент шаҳар суди

раиси ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: