АСОССИЗ АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН БЕКОР ҚИЛИНДИ ВА ОҚЛОВ АЖРИМИ ЧИҚАРИЛДИ
Халқимиз «фалокат оёқ остида», дея бежизга айтмаган. Чиндан ҳам, ҳаётда баъзан оддий эътиборсизлик ёки бахтсиз тасодиф туфайли содир бўлган кўнгилсиз воқеалар, ҳатто фожиали ҳолатларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Тошкент шаҳрида яшовчи Элдор Отабоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2021 йил 23 январь куни кутилмаган фалокат сабаб ҳаётдан бевақт кўз юмади. У «Ўзмахсуссувтаъмиртаъминот» акциядорлик компаниясида фаолият юритар эди. Бахтсиз ҳодиса рўй берган кун Э. Отабоев уйига кетмай, ишхонада қолади. Тунда қўлбола усулда ясалган электр иситиш мосламасидан ёнғин келиб чиқади. Бунинг оқибатида ухлаб ётган Элдор Отабоев қаттиқ куйиш оқибатида вафот этади.
Суд тиббий экспертизасининг 2021 йил 23 январдаги 46-сонли хулосасига кўра, унинг ўлими термик куйиши натижасида юз берган. Ёнғин техникавий экспертизасининг 2021 йил 15 февралдаги хулосасида ёнғин «Ўзмахсуссувтаъмиртаъминот» акциядорлик компанияси ҳудудида жойлашган ходимлар кийим алмаштириш хонасидаги қўлбола усулда ясалган иситиш мосламасини ёнувчи материаллар билан таъсирланиши натижасида келиб чиққани қайд этилган.
Қисқаси, бу фожиа натижасида компания директори Сарварбек Салоҳиддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг шу қоидалар бажарилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши) билан жиноят иши қўзғатилади.
Директорга ташкилот ҳудудида ходимлар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назорат қилмаганлик, ёнғин хавфсизлиги қоида ва йўриқномалари ишлаб чиқишни таъминламаганлик, алоқа ва хабар бериш воситаларини, ёнғинга қарши техник ҳимоя воситаларини соз ҳолда сақлаш ва фойдаланиш учун ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича масъул шахсларни тайинламаганлик, қўлбола усулда ясалган электр иситиш мосламаси ёнғин хавфсизлик қоидаларига зид равишда ўрнатилганини ўз вақтида аниқлаб, бартараф этиш чорасини кўрмаганлик каби айблар қўйилади. Тергов жараёни якунлангач, жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судига юборилади.
Судда С. Салоҳиддиновнинг айбсиз экани маълум бўлди. Шу боис у жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судининг 2021 йил 23 июлдаги ажримига асосан Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган жиноятни содир этмаганлиги боис оқланади. Унга реаблитация қилиниши муносабати билан етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий ва бошқа зиён оқибатлари юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда даъво талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади. Аммо Бектемир тумани прокурори томонидан суд ҳукмига нисбатан апелляция протести келтирилди.
Тошкент шаҳар судига киритилган протестда оқлов ҳукмини бекор қилиб, айблов ҳукми чиқариш сўралади. Апелляция инстанцияси суди ишдаги ҳужжатлар билан батафсил танишиб чиққач, биринчи инстанция суди Жиноят-процессуал кодексининг 22 ва 26-моддалари талабига биноан, жиноят ишини синчковлик билан ҳар томонлама тўлиқ ўрганиб чиқиб, асосли хулосага келган, деган хулосага келди. Чунки оқлов ажримида баён этилган хулосалар ҳақиқий иш ҳолатига тўлиқ мувофиқ бўлиб, суд муҳокамаси жараёнида Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддаси тартибида баҳоланган далиллар билан асослантирилган.
Маълумки, меҳнатни муҳофазаси, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ҳар бир ходимнинг мажбурияти ҳисобланади.
Амалдаги «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги» қонуннинг 11-моддасида фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлиб, фуқаролар ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишга мажбурдир.
Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси махсус текшириш комиссиясининг 2021 йил 7 апрелдаги хулосасида Э. Отабоевнинг ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса иш вақтида юз бермагани, жабрланувчи корхона манфаатларини кўзлаб қандайдир ишни бажараётганида содир бўлмагани сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида»ги Низом ҳамда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига асосан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деб ҳисобланмаслиги қайд этилган.
Жиноят иши материалларидан кўринишича, қўлбола усулда ясалган иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик мақсадида корхона томонидан пул ўтказиш йўли билан талабга жавоб берадиган янги иситиш печлари, хизмат кийимлари (қўлқоп, кўз ойнак, эшитиш қурилмалари) харид қилинган. Бундан ташқари 2021 йил 4 январь куни муҳандис А. Қўчқоров «Ўзмахсуссувтаъмиртаъминот» акциядорлик компаниясида ишловчи барча ходимларни (шу жумладан, жабрланувчини ҳам) техника хавфсизлиги ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар билан таништириб, бу хусусда корхонада юритилган (тикилган ва рақамланган) ҳужжатларга имзо чектириб олган.
Қолаверса, Элдор Отабоевнинг ўша куни тунги сменада қолиши белгиланмаган. Аммо у ҳамкасби билан кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзини бошқара олмайдиган даражада маст бўлиб, ётиш учун мўлжалланмаган кийим алмаштириш хонасида ухлаб қолган.
Шунингдек, Э. Отабоев фожиа юз берган куни тунги вақтда — ишдан ташқари пайтда корхонада юрган бўлса-да, хавфсизлик бўлими бошлиғи Б. Шукуров ва қоровул Н. Нажимов уни корхона ҳудудидан чиқариб юбормаганлик ҳолатига дастлабки тергов органи томонидан тегишлича ҳуқуқий баҳо берилмаган.
Шуни қайд этиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, қонун кўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган. Ана шу қонуний асосларга таянган Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судининг 2021 йил 23 июлдаги ҳукмини ўзгаришсиз, туман прокурорининг апелляция протестини қаноатлантирилмасдан қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.
Хулоса ўрнида айтганда, Президентимиз ташаббуси билан бугун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли юзлаб ноҳақ айбланган ҳамюртларимизга нисбатан оқлов ҳукм ва ажримлари чиқарилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Бу судларда ҳар бир иш бўйича қонунийлик ва адолат тамойиллари таъминланаётганини кўрсатиши баробарида давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканининг амалдаги намунаси ҳамдир.
Муҳтарама ТУРҒУНОВА,
Тошкент шаҳар
суди судьяси
Фикр қолдириш