ФУҚАРО РУСТАМ ЁДГОРОВНИНГ ИШИГА ОИД
YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Р. Ёдгоровнинг видеомурожаати (https://www.youtube.com/watch?v=Rvr9WgkCC_g) юзасидан маълумот
2019 йил 12 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида Азизбек Файзуллаевга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи А. Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.
А. Файзуллаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланиб, 1 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Жабрланувчи Р. Ёдгоровнинг қонуний вакили Д. Қосимовга келгусида етқазилган зарар масаласида фуқаролик тартибида даъво қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.
Ушбу ҳукмдан норози тарафлар, ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи, жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн кун ичида шу суд орқали жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга киргач, кассация инстанциясига шикоят, прокурор протест келтириши мумкинлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш