«ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ
Президентимиз жорий йил 6 январда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунни имзолади ва матбуотда эълон қилинди. Мазкур қонун бож ставкаларини тўғридан-тўғри тартибга солишга қаратилган ягона ҳужжат бўлиб, давлат божларини ундиришни тартибга солувчи 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўрнига ишлаб чиқилди.
Шу пайтга қадар давлат божларини ҳисоблаш Солиқ кодекси, бож ставкалари эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат қарорлари орқали тартибга солиб келинган.
Айтиш керакки, ушбу қонунни ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси чуқур ўрганилди, уларнинг бу борадаги қонун ҳужжатлари таҳлил қилинди.
Маълумки, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширгани ва бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ҳамда мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берилгани учун ундириладиган бир марталик мажбурий тўлов ҳисобланади. Шу боис давлат божи янги таҳрирдаги Солиқ кодексидан чиқарилди.
Мазкур янги қонун фуқаролик, иқтисодий, маъмурий судларга аризалар билан мурожаат қилганда, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганда, фуқаролар биометрик паспортни расмийлаштирганда, шу жумладан, хорижга чиқиш, консуллик йиғимини тўлаш ва шу каби бир қатор ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган.
Хусусан, янги қонунда иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ва шу каби бир қатор ҳолатларда давлат божи ундириш белгилаб қўйилди.
Шунингдек, янги қонунда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаросига биометрик паспортни расмийлаштириш ва беришда, шу жумладан, хорижга чиқиш, консуллик йиғимини тўлашда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби ва озод қилинадиган шахслар рўйхати қатъий белгилаб қўйилди.
Шу ўринда янги қонуннинг 11-моддасига эътибор қаратадиган бўлсак, унда ўндан ортиқ ҳолатда нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан озод этиш тартиби кўрсатилиб ўтилди. Бу имтиёзлар алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга нисбатан қўлланилади ва уларнинг доираси белгилаб қўйилганини кўриш мумкин. Бундан кўзланган мақсад — давлат томонидан жамиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
Қонун иловасига мувофиқ, давлат божи ставкаларининг миқдорлари ҳам белгиланди. Яъни энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорига қараб ўзгартирилади. Ҳукуматнинг алоҳида қарорлари билан белгиланган амалдаги давлат божлари миқдори сақлаб қолинади.
Янги қонунда бир қатор турлар бўйича ставкалар сезиларли даражада пасайтирилди. Жумладан, мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик учун давлат божи яқин қариндошларга базавий ҳисоблаш миқдори 111 минг сўм ўрнига 55 минг сўм, жисмоний шахслар учун 223 минг сўм ўрнига 111 минг сўм, юридик шахслар учун ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлганда 446 минг сўм ўрнига 223 минг сўм миқдорида белгиланди.
Худди шунингдек, нодавлат ташкилотларни адлия органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари 892 минг сўмдан 669 минг сўмга, фаолиятини вилоят ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларга 446 минг сўмдан 223 минг сўмга, фаолиятини туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларга 446 минг сўмдан 111 минг сўмга камайтирилди.
Бундан ташқари давлат божининг халқаро судлар ва халқаро ҳакамлик судлари қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисида аризалар, тўлов тизими оператори фаолиятини амалга оширишда лицензия берилганлик учун тўланадиган янги турлари жорий этилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлари (консуллик йиғимларидан ташқари) фақат миллий валютада ундирилиши белгиланган. Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида, хорижий валютада белгиланган давлат божлари ставкалари қайта кўриб чиқилди. Яъни базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб, уларни сўм эквивалентида ундириш тартиби қонунда ўз аксини топган.
Шу кунга қадар давлат божини қайтариш қонун ҳужжатларида белгиланган эди, лекин қайтариш муддатлари, тартиби ҳамда қайси органлар орқали амал оширилиши аниқ кўрсатиб ўтилмаган эди.
Қонунчиликдаги бу бўшлиқ бартараф этилди. Яъни янги қонуннинг 18-моддасига кўра, давлат томонидан давлат божи суммаларини қайтариш тўловчининг ёзма аризасига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади. Шунингдек, давлат божини ундирган давлат органи ёки ташкилотнинг раҳбари уни қайтариш қонунийлигини тасдиқлаган тақдирда, давлат органи ёки ташкилот ва давлат божининг бошқа олувчилари илгари ўз ҳисобварақларига ўтказилган давлат божи суммаларининг тегишли қисмини тўловчининг ёзма аризаси олинган кундан эътиборан беш кун ичида ёки суд ҳужжатлари асосида қайтаради.
Хулоса қилиб айтганда, давлат божининг аниқ миқдорлари қонун даражасида белгиланиши мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади ҳамда ҳукуматнинг алоҳида қарорларини қабул қилиш йўли билан ставкалар миқдори асоссиз оширилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Отабек Мирзаев,
Касби туманлараро
иқтисодий суди судьяси,
Аббос Убайдуллаев,
Касби туманлараро иқтисодий
суди девонхона мудири
Фикр қолдириш