СОХТАЛАШТИРИЛГАН ИМЗО ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИКНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРДИ
Ҳаётнинг ҳеч қачон ўзгармайдиган қонунияти бор: яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам ажри бор. Яъни яхшилик қилган киши албатта, мукофотини олса, ёмонлик, қинғирлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Масалан, пойтахтимизнинг Учтепа туманида яшовчи, «Пўлат Равон бизнес» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдурасул Пирматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) қинғир ишга қўл урадиган кимса эканлигини яна бир карра исботлади.
Яна бир карра, дейишимизнинг боиси бор, албатта. Негаки, А. Пирматов дастлаб жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2006 йил 5 декабрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а»-банди билан айбдор деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Сўнгра унга тайинланган жазо амнистия актларига биноан тегишли тартибда қисқартирилиб, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2007 йил 16 июлдаги ажрими билан ўталмай қолган 1 йил 9 ой 10 кунлик жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган. 7 йиллик «танаффус»дан кейин эса, у яна нафс гирдобига тушиб, фирибгарликка — Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б»-бандида назарда тутилган жиноятга қўл урди. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2014 йил 22 августдаги ҳукмига биноан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилди. Шунга қарамай, давлатимиз томонидан «қаҳрамон»имизга иккинчи марта бағрикенглик кўрсатилиб, жиноят ишлари бўйича Косон шаҳар судининг 2015 йил 6 июлдаги ажрими билан ўталмаган 6 ой 3 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли озод этилди. Судланганлик ҳолати ҳам тугалланган. Аммо…
Аммо ўтган 2018 йилда Абдурасул Пирматов янада жиддийроқ жиноятни содир этди. Гап шундаки, А. Пирматов муқаддам Сирғали тумани Янги Сирғали кўчасида жойлашган, таниши Ф. Тожибоев раҳбарлигидаги «Chicken grill» масъулияти чекланган жамияти ҳудудига умумий майдони 95 квадрат метрдан иборат бўлган дўкон, мослаштирилган маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва омборхона биносини ноқонуний равишда қуради. Шу боис 2017 йилда туман ҳокимлиги томонидан ушбу бино-иншоотларни бузиш юзасидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилади.
Натижада суднинг 2017 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво тўлиқ қаноатлантирилади. Жавобгар эса, бундан норози бўлиб, Тошкент шаҳар иқтисодий судига кассация шикоятини беради.
Бироқ суднинг 2018 йил 28 майдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилади.
Шундан сўнг 2018 йил 17 сентябрда Сирғали туман ҳокимлиги томонидан кассация ажрими илова қилинган ҳолда ижро ҳаракатларини давом эттириш юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Сирғали туман бўлимига мурожаат қилинади. Пировардида бўлим давлат ижрочиси О. Шотемиров томонидан ижро ҳаракатлари бошланади. Бошқача айтганда давлат ижрочиси дастлаб воқеа жойига чиқиб, жавобгарнинг мажбуриятларини тушунтиради. Шунингдек, жавобгарга суд қарорини ижро қилиш учун қонунда белгиланган ихтиёрий муддатни белгилайди. Лекин А. Пирматов ихтиёрий муддат тугул давлат ижрочиси томонидан огоҳлантирилгандан сўнг ҳам ноқонуний қурилган биноларни бузишни хаёлига келтирмайди.
Аксинча, ижро ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида бир «янгилик»ка қўл уради. Аниқроқ айтганда, МИБ туман бўлимига 2018 йил 17 декабрь санаси ва 1001/2143-сонли чиқиш рақами билан Тошкент туманлараро суди раиси номидан ижрони вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида хат ёзиб, унга суд раисининг имзосини қалбакилаштириб қўяди. Сўнг шу куниёқ О. Шотемировга судга назорат тартибида шикоят берганини маълум қилиб, қалбаки хатни тақдим этади. Бу эса, ижро ҳаракатларини маълум муддат тўхтатиб туришга сабаб бўлади. Бироқ орадан кўп ўтмай туман прокуратураси ходимлари томонидан мазкур қинғирлик фош этилди. Оқибатда А. Пирматовга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Албатта, тергов жараёнида суд-хатшунослик эспертизаси ўтказилди.
Эспертизанинг 2019 йил 4 апрель ва 2019 йил 10 майдаги хулосаларига кўра, чиндан ҳам, А. Пирматовнинг суд раиси имзосини қалбакилаштиргани аён бўлди.
Ушбу иш жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг тумандаги «Олтин водий» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд айбдорга жазо тайинлашда, Жиноят кодексининг 55-моддасига мувофиқ, унинг қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарар мавжуд эмаслигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, жиноят ишида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги боис судланувчининг шахсини, оилавий аҳволини, тадбиркор эканлигини ҳамда содир этган қилмишнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олди. А. Пирматовга Жиноят кодексининг юқоридаги моддасига биноан, энг кам ойлик иш ҳақининг 55 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қинғир иш инсонга фақат ва фақат ташвиш келтиради. Бунинг ҳаётий мисоллари кўз ўнгимизда ҳар қанча намоён бўлмасин, А. Пирматов сингари кимсаларнинг боши деворга урилмагунча кўзи очилмайди. Бу гал А. Пирматов қилмишларидан тўғри хулоса чиқариб, келгуси қадамларини ўнглаб босса, ўзи учун фойдадан холи бўлмайди. Сайёр суд мажлисида иштирокчиларга ана шулар билан бирга қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар хусусида ҳам батафсил тушунчалар берилди, уларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Шерзод ЮЛДАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Сирғали тумани судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
«Куч – адолатда» мухбири
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 21 сентябрь)
Фикр қолдириш