ГИЛАМ МОЖАРОСИ БИР ИНСОННИНГ ҲАЁТИГА ЗОМИН БЎЛДИ
Мамлакатимизда тўй ва бошқа оилавий маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш, исрофгарчилик ҳамда дабдабабозликка йўл қўймаслик борасида тегишли тарғибот ишлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки халқимизнинг азалий қадриятларига беписанд муносабатда бўлиш, ҳою-ҳавас ортидан, манманликка бериш турли хил нохуш ҳолатларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ҳам ёмони шундаки, айни шу иллатлар боис баъзи оилалар пароканда бўлиб, бегуноҳ кишилар жабр кўрмоқда. Масалан, Поп туманида рўй берган мудҳиш жиноят ҳам тўйда тўёна қилинган гилам можорасидан келиб чиқди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, бундан анча йил муқаддам Бахтиёр Қодиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) опаси Салима Қодированинг фарзанди тўйига тўёна сифатида каттагина гилам олиб боради. Бундан табиийки, С. Қодирова ҳам хурсанд бўлади.
2022 йилнинг қиш ойларида Бахтиёр Қодиров ҳам ўғли Жавлоннинг тўйини ўтказади. С. Қодирова ҳам зиммасидаги қарзни узиш мақсадида акаси, шунингдек, жондек азиз жиянининг тўйига тўёна сифатида гилам олиб келади. Аммо у турмуш ўртоғи Акмал Эсонов билан олиб келган гилам кичикроқ ва арзонроқ бўлиб чиқади. Бу эса, Б. Қодировга ёқмайди.
Тўйдан сўнг орадан бир ҳафта ўтгач, Б. Қодиров маст ҳолатда “опам менинг тўйимга кичик гилам олиб келди, мен катта ва қиммат гилам тўёна қилгандим”, дея опасининг уйига боради. Буни қарангки, шу гилам сабаб буткул андишани унутган Б. Қодиров поччаси Акмал Эсонов билан жанжаллашади ва ҳатто муштлашишгача боради. Жанжалга А. Эсоновнинг ўғли Шавкат ҳам аралашади, у тоғасини дўппослаб, уйидан чиқариб юборади. Шу тариқа икки оила ўртасида катта жанжал бошланади.
Отасига Шавкат қўл кўтарганини эшитган Жавлон Йўлдошев укаси билан бирга қассобчиликда фойдаланиладиган болтани олиб, тўппа-тўғри аммасининг уйига йўл олишади. Ж. Йўлдошев қўлидаги болта билан дарвозани уриб, жияни Шавкатни чақиради. Бир зумда ҳовлини бақир-чақир ва тўполон тутиб кетади. Буни эшитиб, ён-атрофдаги қўшнилар чиқиб, Жавлоннинг қўлидаги болтани олиб қўйишади, унинг ўзини эса уйига жўнатиб юборишга ҳаракат қиладилар. Аммо Жавлон қуюшқондан чиққан, сира муросага кўнмайди. У қўшнилар қистови билан автомашинага ўтиргач, салондаги ошпичоқни олиб, яна Шавкат билан жанжаллаша бошлайди. Охир-оқибат у жазавага тушганча Шавкатнинг кўксига қўлидаги ошпичоқни икки марта санчади… Шавкат Эсонов оғир жароҳати туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмади…
Албатта, суд томонидан бу мудҳиш жиноятни содир этган Ж. Йўлдошевга нисбатан қонуний жазо тайинланди. Аммо афсусланарли томони шундаки, оддийгина бир гилам можароси туфайли катта ҳаётга энди қадам қўйиб келаётган Ш. Эсоновнинг умри хазон бўлди, Ж. Йўлдошев узоқ йиллар умрини темир панжара ортида ўтказади. Бундан ҳам ёмони, азалдан қон-қариндош икки оила бир умрга юзкўрмас бўлиб кетди.
Бу мудҳиш жиноятнинг рўй беришига худбинлик, молпарастлик, узоқни кўра билмаслик, бир сўз билан айтганда, жоҳиллик сабаб бўлган. Аслида Б. Қодировнинг маст ҳолатда уят-у андишани унутган кўйи опасининг уйига иддао билан кириб келиши, юзинг-кўзинг демай жанжал кўтаришини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бундан ташқари унинг поччаси А. Эсоновнинг муросаю мадорини унутиб қўйгани, ўғли Шавкатни бу йўлдан қайтармагани ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Бу воқеани баён этишдан мақсад шуки, ҳаётда худбинлик ва молпарастликка берилиш, ўз манфаатини ҳам нарсадан устун қўйиш ҳамиша шундай аянчли ва фожиали якун топишини яна бир карра таъкидлашдир.
Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Илёсжон Усмонов,
Наманган вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш