БАДНАФСЛИК БАЛОСИ ЁХУД БИРЙЎЛА УЧТА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТГАН МАҲКУМ
Учкўприк туманида яшовчи Зуҳриддин Аҳмаджонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Қўқон шаҳридаги Шикорбеги кўчасида жойлашган автомашина ювиш шохобчасида ишлар эди. Ўтган йилнинг 25 май куни у ишдан қайтаётиб, уйи яқинида турган автомашинага кўзи тушади. Унга яқинроқ бориб, ичида бир йигит ва қиз ўтирганини кўради.
Шунда Зуҳриддин уяли телефонини ёқиб, уларни видеотасвирга тушириб олади. Автомашина ичида ўтирган Жамшид Саъдуллаев уни кўриб, ташқарига чиқади.
— Бу ерда нима қиляпсизлар? — деб сўрайди З. Аҳмаджонов гўёки йигит ва қизни жиноят устида қўлга туширгандек бўлиб.
— Шунчаки суҳбатлашиб ўтирибмиз, — дейди Ж. Саъдуллаев бироз хижолат тортиб.
— Алдама. Сен бу қиз билан кўнгилхушлик қилаётгандинг. Хўш, маҳалламиз сизлар учун ишратхона бўлиб қолдими? — дея у Жамшиднинг юзига шапалоқ тортиб юборади.
Ж. Саъдуллаев унинг тарсакисига ҳам, эътирозига ҳам қаршилик кўрсатмагач, З. Аҳмаджонов янада овозини баландлатади.
— Ҳозир профилактика инспекторини чақираман, бу қилмишинг учун жавоб берасан. Қолаверса, мана бу телефонимдаги видеони Интернетда эълон қиламан, — дейди удағайлаган куйи.
Бу гапни эшитиб, Жамшид ваҳима ва ҳаяжонга тушади. Чунки у таниши Гулшода Йўлчиеванинг шаънига доғ тушишини хоҳламайди.
— Илтимос, шарманда қилманг, — деб ялинади Ж. Саъдуллаев.
— Бўлмаса, икки юз минг сўм берасан, шунда ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолади, — дейди Зуҳриддин очиқ-ойдин товламачиликка ўтиб.
— Ёнимда унча пул йўқ, — дейди Ж. Саъдуллаев.
Шунда З. Аҳмаджонов унинг “Самсунг А12” русумли, баҳоси 2 000 000 сўмлик телефонини олиб қўяди.
— Мен айтган пулни олиб келсанг, телефонингни қайтариб бераман, — дея шарт қўяди.
Шундан сўнг у Ж. Саъдуллаевни ташқарида қолдириб, ўзи машинага ўтиради.
— Бу ерда нима қилаётгандинглар?, — дея атайин қизни саволга тутади у.
Бироқ Г. Йўлчиева ҳам қўрқиб, ҳам уялиб, бошини қуйи солиб олади.
Зуҳриддин унинг қўлидаги “Texet” русумли уяли телефонини тортиб олади.
— Ҳозир онангга қўнғироқ қилиб, бегона йигит билан қучоқлашиб юрганингни айтаман, — дейди қизга ўқрайиб.
— Йўқ, ака, онам билмасин, илтимос. Жамшид ака сизни рози қилади, қанча десангиз беради. Улар билан келишинг, — дея йиғлаб юборади Гулшода.
Лекин З. Аҳмаджонов қизнинг кўз ёшларига эътибор бермайди. Аксинча, Ж. Саъдуллаевга пул билан бирга пиво ҳам ола келишини тайинлаб, уларни жўнатиб юборади.
Эртаси куни Ж. Саъдуллаев телефонларни қайтариб олиш мақсадида Зуҳриддин ишлайдиган жойга боради. Аммо уни тополмайди. Учинчи кун эрталаб яна автомобиллар ювиш шохобчасига боради. Бу пайтда З. Аҳмаджонов иш жойида эди.
— Пул тополмадим. Шунинг учун мана бу электрошокерни олиб келдим, — дейди Жамшид салом-аликдан сўнг.
— Майли, ташлаб кетавер! — дея асбобни олиб қолади товламачи ва Ж. Саъдуллаевнинг телефонини қайтариб беради. Лекин рақами чиройли эканини айтиб, қизнинг телефонини олиб қолади.
Ўша куни кечқурун Жамшид Зуҳриддиннинг чақирувига биноан яна автомобиллар ювиш шохобчасига боради. Етиб боргач, автомашинасини ён томонга тўхтатади. Шунда З. Аҳмаджонов автомашинанинг калитини унинг қўлидан тортиб олади. Сўнг автомашинани номаълум тарафга ҳайдаб кетади. Бу ҳам етмагандек, кўп қаватли уйлар орасида кетаётганида бошқа автомашина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этади. Сўнгра автомашинани ҳодиса жойига ташлаб, қочиб кетади.
Ушбу ҳолатлар бўйича қилинган мурожаатдан сўнг З. Аҳмаджоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди З. Аҳмаджоновни Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми, 166-моддаси 3-қисми “а” банди ва 267-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Суд жараёнида З. Аҳмаджонов илгари ўғирлик ва талончилик жиноятларини содир этгани учун жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани судининг 2022 йил 27 январдаги ҳукмига биноан 1 йил 11 ой 28 кун муддатга озодликни чеклаш жазосини ўтаётгани маълум бўлди.
Қонунчиликдаги инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилини писанд қилмаган, нафс йўриғига эргашиб, жазо муддатини ўтаётганда бирваракайига яна учта жиноятни содир этган бу кимсанинг хатти-ҳаракатини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, албатта.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, ўз нафсининг ҳавойи майилларига бўйсунган киши тўғри йўлдан адашиши тайин. Чунки нафс балоси азал-азалдан одамзодни шундай кулфатларга гирифтор этиб келган. Шу маънода баён этилган воқеа тафсилоти бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас. Зеро, ҳар бир ишдан тўғри хулоса чиқариш ҳамиша фойда келтириши шубҳасиз.
Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар суди судьяси
Фикр қолдириш