ЧИПТАЛАР СОХТА ЭКАН

Андижонлик ҳамюртимиз А. Ҳасанов 2018 йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида “Водий зиё мадад” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этади. Мазкур жамият маиший хизмат кўрсатишга ихтисослашган эди.

Албатта, ишбилармон одам битта фаолият билан чекланиб қолмайди, изланади, имконият қидиради. Шу маънода айтганда, тадбиркоримиз ҳам кейинчалик Андижон шаҳрининг Бобур шоҳкўчасида авиакасса ташкил қилиб, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтиради. Бугунги “қаҳрамон”имиз, Жалақудуқ туманида яшовчи Мирғани Зарипов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ни эса яна 2 нафар йигит билан бирга кассир вазифасига ишга қабул қилади.

Аввалига Мирғани бинойи­дек ишлаб келаётганди, жамият раҳбари ҳам унинг ишидан мамнун эди. Аммо ўтган 2021 йилга келиб, кассир йигит “айниди”. Яъни, қинғир ишга, аниқроғи, жиноятга қўл урди.

Гап шундаки, М. Зарипов дастлаб фуқаро М. Матмусаевани алдаб, унга ўғли билан бирга Россия Федерациясига жўнаб кетиши учун яроқсиз авиачипта расмийлаштириб беради. Бунинг учун аёлдан 780 АҚШ долларига тенг бўлган 8 229 507 сўм олади. Сўнг ана шу нақд пулни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Орадан 2 ҳафта ўтгач эса Мирғани фуқаролар Х. Шаробидинов, Ғ. Раҳмонов, И. Абдуҳалилов, С. Исомиддинов ва Э. Баратовга нисбатан худди шундай усулда фирибгарлик қилади. Уларнинг ҳар биридан 430 АҚШ долларига тенг 4 553 897 сўмдан пул олади. Кейин бу жиноятни яна давом эттиради.

Хуллас, бир ой мобайнида нақ 31 кишини чув туширади. Бироқ, кўп ўтмай бу сохтакорликларнинг миси чиқа бош­лайди.

Бир куни кассир Сардор Одилжонов авиакасса раҳбари А. Ҳасановга қўнғироқ қилиб, бир гуруҳ мижозлар аэропортдан қайтиб келишганини ва сотиб олган чипталари қалбаки эканлигини айтишаётганини айтади.

Жамият раҳбари авиа­кассага етиб борганида Олимжон Каримов, Диёрбек Рустамов, Вас­лиддин Холмирзаев, Носиржон Сариков, Аҳрорбек Атабоев, Нигорахон Ҳусанова, Баҳодир Абдураҳмонов, Хуршидбек Сулаймонов, Ферузахон Умарова ва бошқа бир нечта фуқаролар тўп­ланиб туришганди. Улар М. Зариповдан авиачипта харид қилишгани, лекин кўзлаган манзилларига уча олмай, аэропортдан қайтиб келишганини маълум қилишади. Текшириб кўрилсаки, улар ҳақ. Шу боис тадбиркор муаммони ҳал қилиш ва мижозларни йўқотмаслик мақсадида ўз ҳисобидан тўловни амалга ошириб, қайтадан авиачипталарни расмийлаштириб беради. Аммо…

Аммо ана шу воқеанинг эртаси ва индинига бошқа чув тушган мижозлар ҳам келаверади. Бинобарин, Мирғани уларга қайтадан авиачипта расмийлаштириш учун қарз кўтаради. Аниқроғи, “уч-тўрт соатда қайтараман”, дея фуқаро Д. Юлдашевдан 1 600 АҚШ доллари олади.

Бироқ шундан кейин олган қарзини қайтаришни “унутиб” юборади.

Буни қарангки, фирибгар кассир авиакассадан кетаётиб, ўғирликка ҳам қўл уради. Яъни, у сейфда турган, савдодан тушган 50 000 000 сўм пулни ҳам ўмариб кетади. Бундан хабар топган А. Ҳасанов ўша заҳотиёқ унинг яшаш хонадонига боради. Лекин ота-онаси М. Зариповнинг уйга келмаётганини маълум қилишади. Шунга қарамай, Мирғани тез орада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўлга олиниб, Жалақудуқ туман ИИБга келтирилади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Тергов жараёнида фирибгарнинг яқин қариндош­лари томонидан жабрланувчиларга етказилган зарарлар қопланади. Сўнг мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйи­­ча Андижон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд Мирғани Зариповни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди ва 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Шу ўринда бир гап. М. Зарипов бир нечта фуқарони чув тушириб ёки авиакассадан пул ўғирлаб, бирданига бойиб кетишни ёхуд кайфу сафо қилиб юраверишни ўйлаган бўлса керак. Аммо унинг хомхаёлларини қонун ҳимоячилари пучга чиқаришди. Шоядки, судланувчи ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслигини энди англаб етган бўлса…

Бекзодбек ТУРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Андижон шаҳар судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: