ҚОНУНИЙЛИК ВА ХОЛИСЛИК — БОШ МЕЗОН
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилишда судлар фаолияти, аввало, инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига дахлдор масала эканини алоҳида таъкидлади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, холислик, адолат ва қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Сўнгги олти йилда бу тизимга оид 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари одил судловни янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, вилоят судлари масъулиятини ошириш, жиноят ишини айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш, Судьялар олий мактабини тубдан ислоҳ қилиш, туман ва вилоят судлари учун мол-мулк, оила, солиқ, меҳнат муносабатларига ихтисослашган судьялар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Судьялар ҳамжамиятининг ваколатларини кучайтириш, судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириш таклифи маъқулланди.
2021 йил 18 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ учта муҳим ҳуқуқий институт — кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, айбга иқрорлик тўғрисида келишув амалиётга жорий этилди.
Энди ушбу институтларнинг мазмун-моҳиятига тўхталадиган бўлсак, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш — гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига асосан сўроқ қилиш бўлиб, бу суд томонидан амалга оширилади. Гувоҳ ва жабрланувчини объектив сабабларга кўра, кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қоладиган ҳолларда уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.
Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади. Дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги керак. Бу амалиётда турли пала-партишликлар ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Айбга иқрорлик тўғрисида келишув — ўта оғир жиноят ҳисобланмайдиган жиноятлар бўйича айбига иқрор бўлган, жиноятни очишга кўмаклашган ва зарарни бартараф этган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан прокурор билан тузиладиган институт ҳисобланади. Қонунчиликка мувофиқ айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилганда жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади. Бу тарафларга енгиллик яратиши баробарида жамиятда инсонпарварлик тамойилларининг кенг ёйилишига хизмат қилади.
Бундан ташқари ушбу қонун билан жиноят ишида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кенгайтирилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Эндиликда шахс амалда ушланган ёки уни ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири якунланган пайтдан бошлаб, у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар ҳимоячи билан холи учрашиши таъминланади. Тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан аризалар, тушунтиришлар ва кўрсатувлар олиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади. Албатта, ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно.
Бундай янгилик адвокатура институтининг мавқеини мустаҳкамлаш ва тортишув принципининг кенг қўлланишига икон яратади.
Ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади. Илгари бу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар таснифи мукаммаллашди. Бу ҳолатлар тоифасига, дастлабки эшитув ўтказилаётган, ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ҳамда айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар киритилди.
Жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.
Бу ҳақда сўз борганда, айрим рақамларга тўхталиш мақсадга мувофиқ.
Хусусан, мамлакатимиз судлари томонидан 2017-2021 йилларда 3 минг 702 фуқаро оқланган, 20 минг 121 нафари суд залидан озод қилинган.
Биргина шу йилнинг ўтган 10 ойида 760 шахс оқланиб, реабилитация қилинди. Суд залидан озод қилинган фуқаролар сони 6 минг 917 нафар бўлди.
Шу даврда 47 минг 340 судланганнинг 31 минг 318 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа турдаги жазолар тайинлангани, 1 178 фуқаро шартли ҳукм қилингани ҳам суд-ҳуқуқ тизимидаги ижобий ўзгаришларга яққол мисол бўла олади.
Бундан ташқари 47 минг шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди. Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 12 минг 310 фуқаро жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 12 минг 43 шахсга нисбатан 8 744 та жиноят иши кўриб чиқилди. 856 шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 959 шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 5 221 шахсга нисбатан 5 023 та жиноят иши кўриб чиқилди. 969 шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 441 шахсга чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди. Шунингдек, кассация инстанциясида 219 шахсга нисбатан 195 та жиноят иши такроран кўриб чиқилди. 123 шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 80 га яқин суд қарорри ўзгартирилди. Бир қарашда оддий сонлар йиғиндисидек туюладиган бу рақамлар ортида шунча кишининг тақдири ўз аксини топган бўлиб, улар ўз навбатида жамиятдаги ҳуқуқий маданият даражасини кўрсатувчи ўзига хос барометр ҳисобланади.
Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда.
2020 йил 21 февралда Олий суд Пленуми «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Бундан кўзланган мақсад суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилишини таъминлашдир.
Ушбу қарорда қайд этилишича, суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим.
Оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас. Судьянинг суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью бериши ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиши тақиқланади. Суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.
Кези келганда айтиб ўтиш керакки, амалиётда ижтимоий фаол бўлган айрим шахслар ва блогерлар томонидан ушбу қонун талабларига зид равишда фаолият юритиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Улар суд фаолиятига асоссиз аралашиш, олдиндан турли тахминлар билдириш, биринчи ва апелляция судлари ҳукм ёки ажримларини нотўғри деб топиш, бир тарафнинг ёнини олиш билан шуғулланмоқда.
Яна бир муҳим масала жиноят ишлари бўйича чиқарилган суд қарорларига нисбатан шикоят бериш ваколати билан боғлиқ. Аниқроқ айтганда, қонунчиликда суд қарорларига нисбатан шикоят бериш ваколатига эга бўлган шахслар доираси қатъий белгилаб қўйилган. Аммо ушбу қонун талабларига зид равишда судланганларнинг қариндош-уруғлари ҳам жиноят ишини қайта кўриш ёки бошқа талаблар билан шикоят қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу омма ўртасида турли асоссиз тушунмовчиликларни келтириб чиқариши билан бирга, судьялар иш ҳажмининг сунъий равишда ошишига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, бу қимматли вақтнинг беҳуда соврилишига олиб келмоқда. Шу боис, фуқароларни қонун талабларига қатъий риоя этиш, ортиқча шикоятбозлик ва оворагарчиликларниг олдини олишга даъват этишни жоиз топдик.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда судларнинг халққа янада яқинлашиши, судьялар ва суд ходимларининг халқ орасига кириб бориши суд фаолияти очиқлиги, холислиги ва шаффофлигига нисбатан жамоатчилик ишончини тубдан оширмоқда.
Икром МУСЛИМОВ,
Олий суд раиси ўринбосари
(«Янги Ўзбекистон» газетаси,
2022 йил 16 ноябрь)
Фикр қолдириш