ҒАРАЗ НИЯТ ТОВЛАМАЧИГА ҚИММАТГА ТУШДИ
Эл орасига ёмон гап тарқалдими, бас, одам ўзини оқлаб олиши жуда мушкул кечади. Чунки узунқулоқ гаплар чувалашгандан чувалашади. Оқибатда, киши, гарчи айбсиз бўлса-да, юзи қора бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам, кимнингдир айбсиз кишини тамагирлик ниятида ёмонотлиққа чиқаришга уринишини асло кечириб бўлмайди.
Ўша куни Отажон (исм-шарифлар ўзгартирилди) Зарнигорга қўнғироқ қилиб, кечки пайт учрашишга келишиб олганди. Аслида улар бир-бирига кўнгил қўйган, тез орада тўйлари бўлиши керак эди.
Қисқаси, ўша кун улар Жиззах шаҳридаги «Нурбек» ресторанида тамадди қилишгач, кўчага чиқишди. Зарнигор онасига тегишли «Ласетти» русумли автомашинани ўзи ҳайдаб келган экан. Улар автомашинада шаҳар чеккасига, Алишер Навоий номидаги сувдан фойдаланувчилар уюшмаси ҳудудига етиб боришгач, фермер хўжалиги дала майдони ёнида тўхташади.
Улар автомашинада суҳбатлашиб ўтиришганди. Бир чоғ, кутилмаганда автомашинанинг эшиги шахт билан очилиб, қандайдир нотаниш кимса важоҳат билан уларга юзланади.
— Мен фермер хўжалиги раиси бўламан, исмим Аслиддин, — дейди у важоҳат билан. — Бу ерда нега ўтирибсизлар? Ахлоқсиз ишлар қиляпти, деб ҳозир профилактика инспекторини чақираман.
Отажон шоша-пиша автомашинадан тушиб, шунчаки гаплашиб ўтиришгани айтиб, Аслиддинни тинчлантиришга уринади. Лекин Аслиддин сира муросага келмайди. Аксинча, у ҳозир профилактика инспекторига хабар беришни, кейин уларни ички ишлар идорасига олиб кетишни, ота-оналарини ҳам у ерга чақиришни айтиб, пўписа қилишдан тийилмайди. Шундан сўнг Отажон илтимосга ўтади.
Қиз билан бир-бирларига кўнгил қўйгани, яқинда тўйлари бўлишини, профилактика инспекторини чақирса, шарманда бўлишини, келгусида қурадиган турмушига бу ёмон таъсир кўрсатишини, Зарнигорнинг номига доғ тушишини айтиб, уни бу йўлдан қайтаришга уринди.
Аммо унинг илтимос-у, ялиниб-ёлвориши зое кетади, А. Қўшбоқов сира муросага келай демасди. Ахийри, ночор қолган О. Ботиров фермер хўжалиги раисидан мақсад-муддаоси нима эканлигини сўрайди.
— Ана, энди ўзингга келдинг, — дейди А. Қўшбоқов. — Аввал тилхат ёзасан. Сўнгра мени рози қилсанг, қолганини кейин ўйлаб кўраман.
Отажон ноилож унга 100 АҚШ доллари таклиф қилади. Аслиддин бунга кўнмайди, 200 АҚШ доллари берасан, дейди. Кейин эса, улар шу яқин орадаги дўконга бориб, тилхат ёзиш учун қоғоз олиб келишади. Аслиддиннинг айтиб тургани бўйича Отажон тилхат ёзади.
Аслиддин эса, тилхат билан бирга Отажоннинг фуқаролик паспортини олиб қолади. Эртага соат ўнда 200 АҚШ доллари олиб келишини, шундан сўнг фуқаролик паспорти билан тилхатни қайтариб беришини айтади.
Отажон эртаси куни далага келса, А.Қўшбоқов уни кутиб турган экан.
Отажон 200 АҚШ доллари топа олмаганини айтиб, 100 АҚШ долларига рози бўлишини сўрайди. «Йўқ, — дейди Аслиддин, — 100 АҚШ долларинг 800 минг сўм бўлади, шундайми? Майли, сен бир миллион сўм олиб кел!».
Отажон яна пул тополмаётганини айтиб, зорланади. Шундан сўнг Аслиддин бироз юмшайди: «Майли, бир соат ичида 100 АҚШ доллари олиб келасан», дея шарт қўяди.
Бўёғини эшитсангиз, ўша куни эрталаб Отажон вилоят ички ишлар бошқармасига бориб, рўй берган воқеа юзасидан ариза ёзганди.
Бошқармада икки нафар холис иштирокида Отажонга овоз ёзиш мосламаси беришганди. Ўз навбатида, Отажон Аслиддин билан учрашгач, ўрталаридаги сўзлашувни ёзиб олганди.
Отажон сўзлашувни ёзиб олгач, яна вилоят ички ишлар бошқармаси биносига қайтиб келади. Бошқармада минг сўмлик купюраларнинг 16 донасига махсус воситаларда ишлов берилади. Шундан сўнг Отажон 800 минг сўмни олиб, товламачи А. Қўшбоқовга қўнғироқ қилиб, бораётганидан хабардор қилади.
Буни қарангки, жиноятга қўл ураётган одам барибир талвасага тушар экан. Аслиддин ҳам товламачилик йўли билан олаётган пулни қўлига ушлашга чўчийди. Отажонга пул солинган целлофан пакетни ғўза қатор орасини кўрсатиб, ўша жойга қўйишни буюради. Шундан сўнг у О. Ботировга фуқаролик паспортини қайтариб беради. Тилхатни эса, йиртиб ташлайди. Аммо орадан бир неча дақиқа ўтиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан у ашёвий далиллар билан ушланади.
Шу ўринда товламачи А. Қўшбоқовнинг шахсига ойдинлик киритадиган бўлсак, жабрланувчи О. Ботиров ва гувоҳ З. Тўраевага ўзини таништирганидек, у ушбу фермер хўжалигининг раиси эмас, балки оддий ишчи эди. Товламачилик билан ўзганинг мулкини эгаллашга бўлган ғараз нияти уни ана шундай қабиҳ йўлга бошлаган ва қилмиши аянчли якун топганди.
Биринчи босқич суди судланувчи А. Қўшбоқовни товламачилик, яъни жабрланувчи ёки унинг яқин кишиси учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш, ғараз ниятда фуқаролик паспортини эгаллашда ифодаланган айби судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳнинг кўрсатмалари, судга оид кимёвий экспертиза хулосаси ҳамда судда текширилган ишончга сазовор бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисоблади.
Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 5-бандига таянди.
Қарорнинг ушбу бандида «Судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, шунингдек, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузалиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш учун қонунда мавжуд барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари керак», деган раҳбарий тушунтириш берилган.
Биринчи босқич суди А. Қўшбоқовни Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, қарамоғида уч нафар фарзанди бўлиб, оилада ягона боқувчи эканлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини инобатга олди ва узил-кесил уч йил бир ой озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Хулоса қилиб айтганда, товламачилик қилган мақоламиз «қаҳрамон»и бировнинг ҳақи бировга татимслигини тушуниб етган бўлса, аввало унинг ўзига яхши. Зеро, тўғриликда, ҳалолликда ҳикмат кўп. Товламачилик, тамагирлик эса, инсоннинг ўзига нисбатан залолатдир.
Шуҳрат ХУДОЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Жиззах вилояти судининг судьяси
Фикр қолдириш