ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРНИНГ 2019 ЙИЛ ДАВОМИДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

2019 йил мобайнида иқтисодий судлар томонидан 197 291 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 11,7 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Кўрилган ишлар сони 2018 йилга нисбатан 51 фоизга камайган.

Ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Тошкент шаҳар, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Андижон вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми, яъни 126 678 таси бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. 

Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 3 676 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 2,4 млрд. сўмдан зиёд маблағлари тежаб қолинди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 31 948 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 1,3 трлн. сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини контрактация, маҳсулот етказиб бериш, кредит, коммунал ва ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 675 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 345 та қарор бекор қилинди ва 115 та суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: