АДОЛАТ ВА ҲАЛОЛЛИК ЯЛОВИ ҲАМИША БАЛАНД БЎЛСИН

Айрим сайтлар, ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятига берилаётган нохолис баҳони, улар томонидан чиқарилаётган қарорлар бир томонлама деб бонг уришларни кўриб, рости ажабланаман.

Суд қароридан ўз манфаатига тўғри келмаган тарафнинг норози бўлиши табиий, буни тушунса бўлади. Аммо бундан барча фуқаролар судлар фаолиятидан норози деган хулоса чиқариш мутлақо нотўғридир.


Кейинги йилларда суд тизимида катта ўзгаришлар, ислоҳотлар рўй берди. Бир пайтлар қора панжара билан ўралган суд биноларига кириш, мурожаат қилиш ўта қийин масала эди. Бугун судьялар ҳам аҳоли билан мулоқот қилмоқда, одамлар уларни таний бошлади. Судьялар қарори билан одамлар тақдири, таъбир жоиз бўлса, ҳаёти бутунлай у ёки бу томонга ўзгариб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу лавозимда фақат ва фақат адолат яловини маҳкам тутган инсонлар фаолият олиб бориши зарур. Тан олиш керак, бу борада анча-мунча амалий ишлар қилинди. Малакали ва етук судьялар корпуси шакллантирилмоқда. Зеро, судьялик улкан ақл-заковат ва кўп йиллик ҳаётий тажрибани, интизом ва покизаликни тақозо қиладиган масъулиятли касбдир.


Биз истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг судьялари ўз иш юритувидаги ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиши яхши анъанага айланган. Муҳокама чоғида жиноятнинг сабаблари ва уни бартараф этиш бўйича биз ҳам ўз фикримизни билдириб, жазонинг адолатли тайинланишига гувоҳ бўлмоқдамиз.


Халқимизда “Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади”, деган нақл бор. Лекин ушбу гап суд соҳаси ходимларига ёт эканини яхши биламиз. Чунки, оқиллиги, нотиқлиги ва масъулиятни ўз зиммасига олиб адолатли қарор қабул қилиши билан халқ олқишига сазовор бўлган судьяларни ҳаётимда кўп кўрдим.


Жамиятда шахснинг бошқалар томонидан бузилган ҳуқуқини тиклаш ва ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилиш механизми мавжуд. Мазкур жараёнда ҳуқуқбузарнинг ноқонуний хатти-ҳаракатига фақат суд баҳо беради. Агар шахс суд қароридан норози бўлса, юқори турувчи давлат органларига шикоят қилиши мумкинлигини билади. Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, адолат посбони бор экан, унинг қароридан норози бўлиб, ўз айбини тан олмасдан, ноҳақ эканини била туриб адолатсизлик тўғрисида дод-фарёд қилган инсонлар ҳам бўлади.
Фикримча, ҳар бир ишга алоҳида ёндашиш зарур. Мурожаат қилган инсоннинг дардини тинглаб, фақат у айтган тафсилотларгагина асосланиб, қатъий фикр чиқариш хатодир. Чунки кўп ҳолларда бу ишнинг орқасида мурожаат қилган шахсдан жабр кўриб, ўз муаммосига ечим топган фуқаро бўлиши мумкин.


Кўп йиллардан буён маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр судлар ва қабулларда ўз муаммосига ечим топиб, кейин судьяларга ташаккур айтгани келган фуқаролар ҳам талайгина. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда ёритилаётган турли мурожаатларни шахснинг ўзининг фикригагина таяниб эмас, балки алоҳида ёндашиб, жабрланувчининг ҳолатини ҳам тинглаган ҳолда синчковлик билан кўриб чиқиш зарур.


Адолатни қарор топтириш бугун барча судьяларнинг асосий вазифаси. Уларнинг шаънига доғ тушириш билан қора ҳеч қачон оқ бўлиб қолмайди. Чунки улар ҳамиша адолат томонда.


Дилафрўз ЖАЛИЛОВА,
Фарғона вилояти Марғилон шаҳри
“Йўрмадўз” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли
ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: