10 НАФАР АЁЛ ЖАЗОДАН МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ
Дунёдаги ҳар бир халқнинг маданий даражаси, юксак инсоний фазилатларни қадрлаши, ҳаётга меҳр-муҳаббати аввало, аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади, деган фикр замирида чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам.
Халқимиз азал-азалдан аёлларга – меҳрибон она, мунис сингил, садоқатли ёр сифатида юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келган. Биз бугун ўзларининг оқилалиги, жасорати ва юксак салоҳияти билан тарихимиздан муносиб жой олган Тўмарис, Сароймулкхоним, Нодира сингари юзлаб мўътабар аёлларнинг номини алоҳида ҳурмат билан тилга оламиз, уларнинг ҳаёт йўлини фарзандларимизга ибрат қилиб кўрсатамиз.
Халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олган бу олижаноб фазилатлар мустақиллик йилларида янги мазмун-моҳият билан бойиб, янада юксак босқичга кўтарилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир” деган ғояси асосида юртимизда бугун хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш, бир сўз билан айтганда, мунис ва мўътабар опа-сингилларимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган тарихий ислоҳотлар амалга оширилаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик ва бағрикенгликка йўғрилган адолатли сиёсати туфайли турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган аёлларга енгиллик берилмоқда, улар жазодан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи, фарзандлари бағрига қайтарилмоқда.
Бу эзгу ишларни амалга оширишда 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган Меморандум ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Мазкур Меморандум доирасида жорий йилнинг ўтган олти ойида жазони ўташ муассасаларида жазо ўтаётган 227 нафар аёлнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 51 нафар аёл жазони ўташдан шартли озод қилинди, 131 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Юртимиз сарҳадлари бўйлаб энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик айёми нафаси кезиб юрган шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган очиқ суд мажлисида жазони ўташ муассасасида жазо ўтаётган 11 нафар аёлнинг назорат тартибида берган шикоят аризаси кўриб чиқилди.
Олий суд раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров раислигида ўтган очиқ суд мажлисларида ҳар бир аёлнинг назорат тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил кўриб чиқилди. Маҳкума аёлларнинг жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзини ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.
Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг кафолати хати инобатга олиниб, 10 нафар аёл жазодан муддатидан олдин озод қилиниб оиласи бағрига қайтарилди.
Бир нафар маҳкума аёлнинг жазо муддати қисқартирилди.
Озодлик. Одамзот боласи талпиниб яшайдиган бу улуғ неъматнинг қадри ҳамма замонларда ҳам баланд бўлган. Бу ҳолат айниқса, очиқ суд мажлисида янада яққолроқ намоён бўлди. Ҳар бир маҳкума аёл ўзининг жазодан муддатидан илгари озод бўлгани ҳақидаги хушхабарни кўзда ёш билан қарши олди.
— Қувончимни сўз билан ифодалаб беролмайман, — дейди Гулбаҳор Якубова. — 6 нафар фарзандим бор. Жазони ўташ даври фарзандларим, оилам соғинчи жон-жонимдан ўтди. Қилмишимга минг марта пушаймон бўлдим. Қайта бундай қилмишга қўл урмайман деб ўз-ўзимга сўз бердим. Мен каби тўғри йўлдан адашган аёлларга бағрикенглик кўрсатиб, озодликка чиқиш имконини бергани учун Президентимиздан чексиз миннатдорман. Насиб бўлса, энди умримни фақат эзгу ишларга, фарзандларим тарбиясига бағишлайман. Президентимизнинг ишончу эътиборини ҳалол меҳнатим билан оқлайман.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш