БОЛА ҚАЛБИ ПОК БИР ГАВҲАРДИР
Унга қандай нақш солинса, қандай шакл берилса, айнан шунинг яққол ифодасини кўриш мумкин.
Улуғ аллома Абу Ҳомид Ғаззолий бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, қандай шакл берилса, айнан шунинг яққол ифодасини кўриш мумкин, деган эди.
Асрлар оша бизгача етиб келган бу ҳикматли сўзлар бугун ҳам ўз аҳамиятини асло йўқотмаган. Чиндан ҳам фарзанд тарбияси доимо долзарб ва бунда эътиборсизликка йўл қўйилса, оқибати яхшиликка олиб бормайди.
Бу фикрлар Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 232-умумтаълим мактабида “Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади” мавзусида ўтказилган ҳуқуқий-маърифий тадбирда қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура ҳамда Республика Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда бола тарбиясида, уларнинг ўз ҳуқуқини билишида эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар ҳақида сўз борди.
Олий суд раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров халқимиз азалдан фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келишини таъкидлади. Бола дунёга келганидан бошлаб то камолга етгунга қадар унинг тарбияси, таъминоти, касб-ҳунар эгаллаши, умуман, етук инсон бўлиб камол топиши учун барча имкониятлар ишга солинган.
Миллий қонунчилигимизда бу инсонпарвар қадриятларимиз ўзининг теран ифодасини топган. Хусусан, Конституциямиз, Оила кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларида фарзандларимиз, айниқса, вояга етмаган болалар манфаатларининг ишончли ҳимояси кафолатланган.
Уларни амалда таъминлаш мақсадида болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаган болаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, таълим-тарбия олиши учун етарли шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида фарзандларимизга ҳуқуқий онгни болаликдан сингдиришга оид чоралар кўрилмоқда. Зеро, қонунларга ҳурмат руҳи болаликдан қарор топиши зарур. Шунда ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч тушунчалари чуқур сингади. Бу, ўз навбатида, ҳалоллик ва поклик, жамиятда одоб-ахлоқ нормалари мустаҳкам қарор топишига замин яратади.
Судларда жиноят иши кўрилишида жиноят содир этган шахслар томонидан “Мен қонунни билмайман, ўз ҳаракатимнинг жиноят эканлигини билмабман, энди тушундим, бошқа такрорланмайди, пушаймонман” деган ибора кўп такрорланади. Аммо қонунни билмаслик жиноий жавобгарликдан озод қилишга асос бўлмайди, аксинча қонунни билмаслик ва унга риоя қилмаслик, бузиш – жавобгарликка сабаб бўлади.
Халқимиз “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган мақолни бекор айтмаган. Қилғиликни қилиб қўйиб, пушаймон бўлгандан кўра, ўқиб-ўрганган, амалдаги қонунларга ҳурмат билан қараб, тинч-осойишта яшаган афзал.
Учрашувда болалар, ёшлар ҳуқуқига оид қонунлар ҳақида тушунча берилиши билан бир қаторда ўқувчиларнинг саволларига ҳам жавоблар қайтарилди.
ЎзА
Фикр қолдириш