САЙЁР ҚАБУЛ САМАРАСИ: НОҲАҚ СУДЛАНГАН ҲИМОЯЧИ ОҚЛАНДИ
Шу йил 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонасида Олий суд раиси Козимжон Комиловнинг сайёр қабули бўлиб ўтганди. Унда 2008 йилда «Андижон» адвокатлик фирмаси раҳбари лавозимида ишлаган ва ўша пайтда ноҳақ судланган Набижон Юлбасов ҳам мурожаат қилиб, адолатни қарор топтиришда амалий ёрдам сўради.
Хўш, Н. Юлбасов қайси хатти-ҳаракати учун жиноий жавобгарликка тортилган эди?
Жиноят иши ҳужжатларидан маълум бўлишича, 2008 йил 29 январь куни Тошкентдан Андижонга ҳаракатланиб келаётган фуқаро Режавали Юсупалиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) бошқарувидаги «Нексия» автомашинаси қуюқ туманли об-ҳаво шароитида ҳеч қандай кузатувсиз олдинда бораётган, «Қорадарё-Майлисой» ирригация тизимига қарашли оғир юк машинасига урилиши натижасида йўл-транспорт ҳодисаси юз беради.
Оқибатда енгил автомашина ёниб кетиб, ҳайдовчи билан бирга 4 нафар йўловчи — сурхондарёлик Я. Бўриев, С. Имомов, У. Қудратов ва У. Хўжаназарова воқеа жойида вафот этишган. «Нексия» автомашинаси эса, бутунлай яроқсиз ҳолатга келган.
Шундан сўнг «Қорадарё-Майлисой» ирригация тизими раҳбари Шамсиддин Бурҳонжонов ва масъул ходимлар Мирмуҳсин Шокиров ҳамда Абдулазиз Рустамовга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилади. Марҳум Ю. Режавалиевга қарашли автомашинага етказилган зарар 12 миллион сўмга баҳоланган.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судида кўриб чиқилган. Бу жараёнда Набижон Юлбасов М. Шокиров ва А. Рустамовнинг ҳимоячиси сифатида иштирок этган. Ш. Бурҳонжоновни эса, адвокат Эркинжон Носиров ҳимоя қилган.
Тергов жараёнида «Нексия» автомашинасига етказилган 12 миллион сўмлик зарарнинг 7 миллион сўми «Қорадарё-Майлисой» ирригация тизими, қолган 5 миллион сўми судланувчилар томонидан қопланиши белгиланган. Шу боис айбдорларнинг яқинлари ўша пайтда 5 миллион сўмга тенг 2 300 АҚШ долларини зарарни қоплаш учун олиб келишган.
Натижада 2 300 АҚШ доллари суд раиси Т. Тўрақуловнинг кўрсатмасига асосан суднинг девонхона мудири Ғиёс Сайдаматовга топширилган. Пулни топшириш жараёнига ҳимоячи Н. Юлбасов ҳам гувоҳ бўлган.
Аммо суд ёки Ғ. Сайдаматов томонидан бу пул зарарни қоплаш учун йўналтирилмаган. Девонхона мудири 2 300 долларни 21 кун мобайнида сейфда сақлаган.
Бу орада ҳимоячи судланувчиларнинг яқинлари илтимосига кўра, бир неча маротаба Ғ. Сайдаматовдан пулни қайтариб беришни сўраган.
Бироқ Ғ. Сайдаматов ўзини олиб қочиб юрган.
Кейин эса, Набижон Юлбасов гўёки судланувчи Ш. Бурҳонжоновнинг ўғли Баҳодир Бурҳонжоновдан 3 000 АҚШ доллари олгани ва ўша пулдан 700 АҚШ долларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб, қолган 2 300 долларини судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш эвазига суд раисига пора тариқасида бериш учун девонхона мудирининг иш столида қолдиргани важ қилиниб, 2008 йил 20 июнь куни тезкор гуруҳ томонидан қўлга олинган.
Бунга Ғ. Сайдаматовнинг МХХ Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи номига ёзган аризаси асос бўлган. Шундан сўнг Н. Юлбасовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а»-банди, 28,211-моддаси 2-қисми «б»-банди, 28,211-моддаси 3-қисми «в»-банди, 211-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “в”-бандлари, 28,212-моддаси 2-қисми «б»-банди ва 28,212-моддаси 3-қисми «г»-банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 2008 йил 11 сентябрдаги ҳукмига мувофиқ, Н. Юлбасов Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а»-банди билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари, 211-моддаси 3-қисми «в»-банди билан Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил, 28,212-моддаси 3-қисми «г»-банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, кодекснинг 59, 61-моддалари тартибида 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Н. Юлбасовнинг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Пировардида у 3 йил мобайнида озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 йилу 2 ой муддатда ахлоқ тузатиш иши жазосини ўтаган.
Олий суд раисининг сайёр қабулидан сўнг собиқ ҳимоячининг жиноят иши Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Натижада тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан Жиноят-процессуал кодекси, Олий суднинг тегишли Пленум қарорлари ҳамда бошқа қонунлар талаблари бузилгани аниқланди.
Шундан сўнг судлов ҳайъатининг 2019 йил 21 майдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 2008 йил 18 ноябрдаги ажрими бекор қилинди ва жиноят иши апелляция босқичида янгидан кўриш учун юборилди.
Мазкур жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан ўрганиб чиқди. Гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Баҳодир Бурҳонжонов Набижон Юлбасовнинг пора тариқасида пул сўрамаганини дастлабки судда ҳам, апелляция босқичида ҳам маълум қилган. Лекин унинг кўрсатмалари ишончга сазовор эмас, деб топилгани ва қайси далиллар билан рад қилингани исботланмаган.
Қолаверса, апелляция судига тақдим этилган «ДВД» дискдаги Н. Юлбасов, Б. Бурҳонжонов ва Ш. Бурҳонжонов ўртасида бўлиб ўтган суҳбат эшитиб текширилганда ҳам, ҳимоячининг пора беришга далолат қилмагани аён бўлди.
Яна ажабланарлиси, жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман суди раиси Т. Тўрақулов терговга ҳам, биринчи босқич судига ҳам жалб этилмаган бўлса-да, Н. Юлбасов тугалланган пора беришга қизиқтириш ва пора бериш жиноятларини содир қилганликда айбдор деб топилган.
Аксинча, Т. Тўрақулов 2008 йил 18 ноябрдаги апелляция суди мажлисида ҳимоячининг пора таклиф қилмагани ёки Ғиёс Сайдаматов Н. Юлбасов пора учун пул бериб кетгани ҳақида билдирмаганини маълум қилган.
Шунингдек, Н. Юлбасов оддий ҳимоячи сифатида иш юритгани, аммо унга масъул мансабдор шахс сифатида Жиноят кодексининг 211-моддаси 3-қисми «в»-бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлик айби қўйилгани, адвокатлик фирмаси раҳбари қачонки фирма манфаатини кўзлаб ёки фирма раҳбари сифатида жиноятга қўл урсагина масъул мансабдор шахс сифатида айбланиши мумкинлигига эътибор қаратилмаган.
Энг асосийси, Набижон Юлбасов Т. Тўрақуловнинг илтимосига биноан Сурхондарё вилояти Олтинсой туманига бориб, жабрланувчиларнинг яқинлари билан учрашган ва уларнинг ҳар бирига 300 доллар миқдорида пул маблағи топширгач, улар судланувчиларга даъвоси йўқлиги, масофа узоқлиги боис суд мажлисига бора олмасликлари ҳақида тушунтириш хати ёзиб берган.
Шу боис айбдорларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани инобатга олинмаган.
Шу билан бирга, Н. Юлбасовнинг Ғ. Сайдаматовдан пулни қайтаришни талаб қилгани содир этилиши мумкин бўлган жиноятдан ихтиёрий қайтганини англатиши ҳам эътибордан четда қолган.
Девонхона мудирининг 2 300 АҚШ долларини на суд раисига, на судланувчиларнинг яқинларига бермай, 21 кун мобайнида сейфида сақлагани ёки пул берилган куниёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилмагани ҳам таажжубланарли ҳолат.
Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг фойдасига ҳал қилинади.
Мазкур кодекснинг 83-моддасида иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши кўзда тутилган.
Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 2008 йил 11 сентябрдаги ҳукмини бекор қилиб, Набижон Юлбасовни айбсиз деб топиб, оқлади.
Суд ажримида Н. Юлбасовга реаблитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.
Энг асосийси, собиқ ҳимоячининг маҳалла-кўй, таниш-билиш ва ҳамкасблари орасида юзи ёруғ бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилмоқда. Н. Юлбасов сингари муқаддам ҳуқуқи поймол этилган юртдошларимизнинг оқланаётгани бунинг яққол далилидир.
Фарҳоджон ҒАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилоят суди раисининг ўринбосари,
Хуршид СУЛТОНОВ,
«Куч – адолатда» мухбири
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 22 ноябрь)
Фикр қолдириш