РАД ЭТИЛГАН ДАЪВО ЁХУД ҲАДЯ ҚАЧОН БЕКОР ҚИЛИНАДИ?

Мамлакатимизда хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиз бўлиб, мулкдор ўз мулкини эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Хусусий мулк ҳуқуқи шаклларидан бири ҳадядир. Амалдаги Фу­қаролик кодексининг 502-моддасида белгиланишича, ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи) га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби) ни беради ё бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Амалиётда баъзан ҳадя шартномасини бекор қилишга уриниш ҳолатлари ҳам учрайди. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судига В. Акулинин Т. Гурьянова ва Ховос тумани нота­риал идорасига нисбатан даъво ариза­си билан мурожаат қилиб, Ховос тумани давлат нотариал идораси томонидан 2013 йил 22 майда реестрга 2369-сон билан қайд этилган ҳадя шарт­номасини бекор қилишни сўраган. Суднинг 2021 йил 18 августдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво ариза рад этилган.

Бундан норози бўлган В. Акулинин апелляция шикоятини берган.

Апелляция инстанциясининг 2021 йил 5 октябрдаги ажрими билан би­ринчи босқич судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш ҳужжатларида кўринишича, Ховос тумани давлат нотариал идораси томонидан 2013 йил 22 майда реестрга 2369-сон билан қайд этилган ҳадя шарт­номасига асосан В. Акулинин ўзига тегишли бўлган Ховос тумани, «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғини, Хиёбон кўчаси, 8-уй, 28-хонадонни Т. Гурья­­новага ҳадя қилган.

В. Акулинин даъво аризасида Т. Гурья­нова унинг ишончига кириб, алдов йў­ли билан ҳадя шартномасини расмийлаштирилишига эришгани, ҳадя шартномасини расмийлаштириш жараёнида унинг ҳуқуқлари нотариус томонидан тушунтирилмаганини асос сифатида кўрсатган.

Фуқаролик кодексининг 507-моддаси 1-қисмига кўра, ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қа­риндошларининг ҳаёти ёки соғ­лиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳол­ларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Биринчи инстанция суди ҳадя шарт­­номаси тарафлари ўз ихтиёри би­­лан ҳадя шартномасини тузгани, В. Акулинин давлат нотариал идорасида ҳадя шартномасини шахсан имзолагани, ҳадя шартномасини бекор қилиш учун асоснинг мавжуд эмаслигини инобатга олиб, даъво аризани рад қилиш ҳа­қи­да қонуний хулосага келган.

Суд В. Акулинин мулкдор сифатида ҳадя шартномасини шахсан имзолагани, Т. Гурьянованинг ҳадя қилувчи ёки унинг оила аъзолари, шунингдек, яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир этганини тасдиқловчи тергов ёки суриш­ти­рув органининг қарори мавжуд эмаслигини ҳам эътиборга олган.

Шу ўринда қонунчиликда ҳадя олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам ўз аксини топганини айтиб ўтиш жоиз. Амалдаги Фуқаролик кодексининг 503-моддасига мувофиқ, ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳол­да ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади.

Агар ҳадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, ҳадяни рад этиш ҳам ёз­ма шаклда амалга оширилиши керак.

Кўриниб турганидек, қонунчиликда мулкдорнинг ўз хусусий мулкини бировга ҳадя қилиши ва ҳадя шартномасини бекор қилиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Шу боис ушбу қонун талабларига риоя этган киши асло ют­қазмайди.

Камол Намозов,

Сирдарё вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: