АЯНЧЛИ ЯКУН ТОПГАН ЖАНЖАЛ
Халқимизда “Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши” деган пурҳикмат ибора бор. Бу оиладаги эр ва хотин ўртасида бўладиган араз, гина-кудрат ҳамда жанжаллар худди дока рўмолнинг қисқа фурсатда қуриши сингари тез барҳам топишига ишорадир. Ота-боболаримиз буни жуда топиб айтишган.
Аммо Шаҳрихон туманида яшовчи Ботиржон Турғунов(исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг рафиқаси Ойжамол Турғунова билан бўлган арзимаган “ғиди-биди”си тезда унутилмади. Аксинча…
…Бундан 7 йил муқаддам – 2016 йил май ойида икки ёш қонуний никоҳдан ўтишди, қасир-қусиру данғир-дунғир билан тўй бўлиб ўтди. Ўша кезларда келин-куёв бир-бирини еру кўкка ишонмасди.
Орадан 3 ой ўтгач, келин ҳомиладор бўлди. Аммо ҳомиладорлик оғир кечдими ёки бошқа сабабми, у гоҳ-гоҳида ҳушидан кетиб қолаверди.
Дастлаб бу ҳолатни кўрганда қайнонаси Рисолат опанинг юраги ёрилаёзди. Қолаверса, Ойжамолнинг соғлиғидаги бу муаммо орага совуқчилик туширди. Шунинг учун Рисолат опа бирор кор-хол бўлишидан қўрқиб, уни отасиникига жўнатиб юборди. Натижада ёш она биринчи фарзандини қизлик уйида дунёга келтирди.
Албатта, фарзанд ота-онани бир-бирига боғловчи ришта саналади.
Бинобарин, чақалоқнинг туғилиши қуда-андаларнинг, Ботиржон билан аёлининг ўртасидаги гина-кудратни бироз аритди.
Хуллас, шу тариқа ёш оила икки фарзандли бўлди. Шунга яраша Б. Турғуновнинг зиммасидаги рўзғор ташвишлари ҳам секин-аста ортиб бораверди. Ҳамма оилада бўлгани каби мазкур хонадонда ҳам баъзан оилавий келишмовчиликлар юз берарди. Бундай вазиятда О. Турғунова ўртадаги кайфиятни бузадиган ҳолатни кулги, сабр-тоқат билан енгишга ҳаракат қиларди.
Бироқ у 2022 йил 21 май куни бўлиб ўтган воқеага тоқат қилолмади. Гап шундаки, бир кун аввал Ботиржон отаси Бозорбой Турғуновнинг кўрсатмаси билан бир даста пулни “Дамас” автомашинасига – ҳайдовчи ўриндиғи ёнидаги матонинг остига солиб қўяди. Эрталаб эса Бозорбой ака ўша пулларни машинадан олиб, санаганда 35 000 сўм кам чиқади.
– Ўғлим, кеча пулдан олганмидинг? – деб сўрайди ота.
– Йўқ, – таажжубланиб жавоб беради Ботиржон.
Рисолат опа ҳам пулдан бехабарлигини айтади. Бу пайтда Ойжамол маҳалла аёллари билан бирга мавсумий ишга кетганди. Бинобарин, Ботиржон унга қўнғироқ қилиб, машинадаги пул кам чиқаётганини билдирган ҳолда йўлкира учун олган-олмаганини сўрайди.
– Мен ҳатто машинага пул қўйганингизни ҳам билмасдим-ку, – дейди келин.
Аммо Б. Турсунов хотинининг гапларига ишонмай, унинг ётоқхонадаги кийим-кечаклари ва буюмларини титкилаб чиқади. Шом қоронғусида уйга қайтган О. Турғунова буни дарҳол сезади. Шу боис у эртаси куни эрталаб тугун-тўқмоғини йиғиштириб, ўғилларини эргаштирганча ота-онасиникига кетиб қолади.
– Менга ишонмайдиган эр билан яшамайман, – дейди аёл бунинг сабабини сўраган хўжайинига.
Шундан сўнг орадан 3 кун ўтади. “Жаҳлидан тушиб, сал ҳовури босилгандир”, деб ўйлайди Ботиржон. 2022 йил 25 май куни соат 14.00 ларда рафиқасига қўнғироқ қилади ва:
– Бир оғиз гапимга шунчалик аразлайсан деб ўйламагандим. Бугуноқ уйга қайт! – деб буюради.
Бироқ Ойжамол кўнмайди:
– Ўша гапингиз билан менга туҳмат қилдингиз. Энди уйингизга қадамимни ҳам босмайман, сиз билан яшамайман.
Табиийки, Б. Турғунов хотинидан бундай жавобни кутмаганди. Шу боис бир зумда ҳам юраги сиқилади, ҳам асабийлаша бошлайди. Аламини спиртли ичимликдан олади. Лекин барибир жаҳлини жиловлай олмайди.
Пировардида ичиб маст бўлгач, кечқурун соат 20.45 ларда уйда турган ошхона пичоғини чўнтагига солиб, қайнотасиникига йўл олади.
– Ўғилларимни соғиниб келдим. Уларни кўчага олиб чиқ! Мен уйингдан сал юқорироқда турибман, – дейди турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб.
Аммо О. Турғунова эрининг ёнига бир ўзи чиқади. Шунда улар яна тортишиб қолишади. Бу маҳал онасини ахтариб кўчага чиққан 5 ёшли ўғли Асомиддин дадасининг овозидан таниб, югуриб келади. Бироқ жаҳл отига минган Ботиржон болага эътибор бермай, рафиқасининг кўкрак қафасига пичоқ санчади. Буни кўрган болакай:
– Ая! – дея бақириб юборади.
Шунга қарамай, Ботиржон хотинига 8 маротаба пичоқ уради. Оқибатда аёл ҳушини йўқотиб, ерга йиқилади.
Набирасининг бақирганини эшитиб кўчага чиққан Шарифа Бўстонова шу томонга ҳаллослаб келади. Келади-ю, ерда қонга беланиб ётган қизини кўриб, дод солади.
Кимдир “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилади. Маҳалладошларидан бири “Тез ёрдам”ни ҳам кутмай, дарҳол автомашинасини олиб чиқади. Лекин бояқиш жабрланувчи шифохонага етиб боролмайди, йўлда жони узилади.
Шундан кейин Ботиржон Турғуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Буни қарангки, суд мажлисида қотил эр қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, енгиллик беришни сўради. Аммо судланувчининг қилмишини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди. Шу боис жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди уни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Қолаверса, суд ҳукмида қотил куёвдан қайнонасининг фойдасига 10 000 000 сўм маънавий зарар ундириш ҳам белгиланди.
Шуни таассуф билан таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда оилавий қотилликлар, хусусан, эр хотинининг, хотин эрининг, туғишган ака-укалар бир-бирининг умрига зомин бўлиши ҳолатлари тез-тез кўзга ташланяпти.
Бу ҳам бўлса, ўша оилаларда ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, кўпгина ҳамюртларимиз турмушга енгил-елпи назар билан қараётгани, шу билан бирга, улар истиқомат қилаётган ҳудудда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш масаласи қониқарли эмаслигидан далолат беради. Зеро, инсоннинг комилликка эришиши ҳам, аксинча, бетарбия, дилозор бўлиб улғайиши ҳам оиладаги муҳитга боғлиқ.
Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Шаҳрихон туман судининг судьяси
Фикр қолдириш