СОЛИҚЧИЛАРНИНГ “СОЛИҒИ” ҚИММАТГА ТУШДИ
А. Олтиев олий маълумотли, Олот туман давлат солиқ инспекциясида юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. Унинг шериги эса шу туман Давлат солиқ инспекциясида солиқ назорати бўлими бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатиб келган.
Юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсати даражасида кўтарилган бир пайтда Олот тумани ДСИ икки масъул ходими тадбиркорлик субъектларини солиқ солиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкига эгалик қилиш юзасидан жиноий режа тузишган.
А. Олтиев жиноий шериги Т. Иброҳимов билан олдиндан тузилган режага асосан ўтган йилнинг апрель ойи бошларида туманда фаолият олиб борувчи хусусий корхона раҳбари Б. Атамуродов билан учрашишади. Улар тадбиркорга тегишли бино-иншоотга нисбатан таъсирчан солиқ (каррали) механизм қўлланилганлигини, ушбу солиқ тўловлари қарийб 60 миллион сўм бўлишини маълум қилишади.
Шундан кейин солиқчилар тадбиркорни туман ДСИ маъмурий биносига чақиртириб, унга яна бир марта хусусий корхонасига тегишли бино-иншоотлари таъсирчан солиқ механизмига тушиб қолганлигини айтишади. Ҳаттоки унга компьютердан бино-иншоотларга ҳисобланган солиқ тўловларини кўрсатиб, ундан ушбу солиқ тўловларини ваколатли танишлари орқали бекор қилиш эвазига 300 АҚШ доллари беришни талаб қилишган.
Тадбиркорнинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда Олот тумани ДСИ бўлим бошлиғи А. Олтиев келишилган 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди…
Суднинг ҳукмига кўра, А. Олтиевга 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Т. Иброҳимов эса 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Шундай қилиб, тадбиркордан “солиқ” ундирмоқчи бўлган солиқчилар қонуний жазога тортилди.
Яшин НИЁЗОВ,
жиноят ишлари бўйича
Когон шаҳар судининг раиси
Фикр қолдириш