ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ ТОВЛАМАЧИЛИК
Халқимиз «кўр кўрни қоронғуда топади» дея бежизга айтмаган. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда кўнглида ғаразли мақсадни тўккан кимсалар одатда, тез тил топиб кетишади.
Масалан, косонлик Садриддин Панжиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2019 йилнинг баҳор ойларида Чилонзор туманининг «Қатортол» даҳасида Ирода исмли қиз билан танишиб қолади. Шундан сўнг уларнинг муносабатлари «қуюқлашиб» кетади, гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора учрашиб юришади.
Ўтган йил июль ойида улар олдиндан ўзаро тил бириктириб, товламачиликка қўл уришди. Гап шундаки, аввалига улар ижтимоий тармоқда «Ирода» номи билан шахсий профиль очишади. Сўнгра ана шу профиль орқали фуқаро Ўктам Сатторов билан танишиб, мулоқотга киришади.
Буни қарангки, бу мулоқотлар асносида Ирода макру ҳийла билан Ўктамжоннинг ўзи ва онаси Гулшод Бойназарованинг суратларини қўлга киритади. Яъни, маккор аёлнинг ширин сўзларига алданган йигит онаси ва ўзининг суратларини унга юборади.
Шундан сўнг Садриддин жиловни ўз қўлига олади. Аниқроғи, у Ироданинг номидан Ў. Сатторов билан мулоқотга киришиб, товламачиликни бошлайди. Аввалига компьютердаги «фотошоп» дастури орқали она-боланинг суратларига беҳаё тус бериб, уларни Ў. Сатторовга юборади. Буни кўриб, бояқиш йигит саросимага тушиб қолади. С. Панжиев Ў. Сатторов бу беҳаё суратларни кўргач, қандай аҳволга тушишини яхши тасаввур қиларди. Шунинг учун у Ў. Сатторовни фотомонтаж қилинган суратларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш орқали қўрқитиб, пул талаб қилади.
Элу юрт, қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва ошна-оғайниларининг олдида шарманда бўлишини ўйлаб, чорасиз қолган Ў. Сатторов товламачининг талабини бажариб, пластик карта рақамига пул ўтказиб беради. Бу товламачиликнинг бошланиши эди. Шундан сўнг икки ҳамтовоқ қайта-қайта пул талаб қилаверади ва натижада 2021 йилнинг ноябрь ойига қадар Ў. Сатторовнинг жами 3 700 АҚШ долларини қўлга киритишади.
Аммо бу нопок луқма билан товламачиларнинг нафси қонмайди.
Аксинча, улар яна кўпроқ пул талаб қилишга тушишади. Бу гал С. Панжиев йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани, автомашинасини таъмирлашга пул зарур эканини айтиб, 2 000 АҚШ доллари беришни сўрайди. Бироқ Ў. Сатторов бу талабга кўнмайди. Шунда товламачи нотаниш аёлнинг беҳаё сурати устига Гулшод Бойназарованинг уяли телефон рақамини қайд этиб, унга жўнатади. Аммо товламачи ғаразли мақсадига етолмайди. Шунинг учун у алам устида она-боланинг ишлов берилган суратларини телеграмм ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юборади. Бу қилмиши билан товламачи Ў. Сатторов ва Г. Бойназарованинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлаб, уларни ҳақорат қилади.
Шундан сўнг Гулшод Бойназарова ўғлидан пул талаб қилаётган «Ирода»га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилди. Эътиборлиси шундаки, Г. Бойназарова ИИБ тезкор ходимининг хонасида ўтирган вақтида яна яширин рақамдан қўнғироқ бўлади. У гўшакни кўтарганда нариги томондан аёл кишининг овози келади. Қўнғироқ қилувчи ўзини «Ирода» деб таништириб, Г. Бойназарова билан учрашиб, гаплашиб олмоқчи эканини айтади.
— Мен билан учрашмоқчи бўлсангиз, Сергелидаги деҳқон бозорининг ёнига келинг, — дейди Г. Бойназарова.
Бироқ «Ирода» Сергели туманига бормаслигини, агар яна пул ташлаб бермаса, ўғли иккаласининг суратларини ижтимоий тармоқда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, гўшакни қўяди. Шундан сўнг қонун ҳимоячилари уяли алоқа компаниялари орқали яширин рақамнинг С. Панжиевга тегишли эканини аниқлашади. Оқибатда С. Панжиев қўлга олинади. Сўнгра унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди Садриддин Панжиевни Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «в» банди, 130-моддаси (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Албатта, суд жараёнларида С. Панжиевнинг қариндошлари томонидан жабрланувчиларга етказилган зарар қоплаб берилди.
Аммо Г. Бойназарова суддаги кўрсатмасида судланувчидан 200 миллион сўм миқдорда маънавий зарар ундириб беришни сўради.
Суд ўз ҳукмида етказилган маънавий зиённи ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш ҳуқуқини унга тушунтириб ўтди.
Кези келганда шуни таассуф билан таъкидлаш лозимки, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали товламачилик, фирибгарлик, ҳақорат ва туҳмат қилиш сингари жиноятлар жуда кўп юз бермоқда. Тўғри, бунга жабрланувчиларнинг соддадиллиги, танимаган-билмаган инсони билан мулоқотга киришиши, айниқса, унга ишониб, ҳийла-найрангларига лаққа тушиши ҳам сабаб бўлаётир. Лекин ҳар бир кимса жиноий қилмиши беиз кетмаслиги, жавобсиз қолмаслигини теран англаши шарт. Юқорида баён этилган воқеа тафсилоти ҳам шу мақсадга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Шерзод ЮЛДАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Сергели тумани суди судьяси
Фикр қолдириш