ОТАЛИК ҲУҚУҚИ ЭНГ ЮКСАК МАРТАБА, МАСЪУЛИЯТ ВА ЖАВОБГАРЛИК ДЕМАКДИР

Ҳаётда оила ҳам отанинг, ҳам онанинг зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Аслида оиланинг мустаҳкамлиги эр-хотиннинг бир-бири билан аҳил-иноқ эканидан бошланади. Чунки эр-хотин бир-бирини ҳурмат қилса, оиланинг масъулиятини чуқур ҳис этса, оилавий ришталар ҳам мустаҳкам бўлади. Аммо ҳаётда оилавий масъулиятни ҳамма ҳам бирдек ҳис этавермайди.

Фарғоналик Л. Ҳайдаров ва М. Собитова ҳам 2011 йилда яхши ният билан турмуш қу­ришган эди. Аммо улар негадир никоҳларини қонуний жиҳатдан расмийлаштиришга шошилмади.

Аммо бунга қарамай дастлабки йилларда уларнинг оилавий ҳаёти рисоладагидек кечди. Айниқса, 2013 йилда катта қизлари Лазокат туғилганда, дунёда улардан бахтли жуфтлик йўқ эди гўё. 2016 йилда кичик фарзанд Нигинабону дунёга келди. Бир-биридан ширин бу қи­залоқлар нафақат ота-она, балки бобо ва бувисининг ҳам эркатойига айланди.

Бироқ…

Бироқ вақт ўтиши билан Л. Ҳайдаровнинг қадам олиши ўзгарди. Бунинг оқибатида Маҳлиёхон билан иккисининг ўртасига совуқчилик ту­ша бошлади. Л. Ҳайдаров арзи­ма­ган нарсани баҳона қилиб, жанжал чиқарар, баъзан хотинига қўл кўтаришдан ҳам тоймасди.

Энг ёмони, унга ота-онаси ва ёши улуғларнинг панду насиҳатлари ҳам кор қилмасди. Охир-оқибат узлуксиз давом этган низолардан сўнг эр-хотин ажрашиб кетишди.

Шундан сўнг Лазиз Ҳайдаров шаръий ни­коҳ асосида Г. Қодировага уйланиб олди. Буни кўриб, М. Собитованинг оиласини тикланишга бўлган умиди буткул йўқолди. Шунинг учун у икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилди.

Натижада аёлнинг фойдасига собиқ эрининг ҳар ойлик даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш бўйича суд буй­руғи чиқарилди. Бир қа­рашда, оилавий ни­зо барҳам топгандек туюлади. Лекин Л. Ҳайдаров собиқ хотинига аччиқ қилиб, алимент тў­лаш­дан бўйин товлайди. Яъ­ни унинг 2019 йил 1 апрель кунига қадар алиментдан бўл­ган қарзи 22 260 204 сўмга етади. Шунинг учун у Бағдод тумани маъмурий судининг 2019 йил 18 апрелдаги қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилади.

Буни қарангки, ҳаммаси у маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққандан сўнг бошланади. Яъни у бўйнидаги қарзни тўламаслик мақсадида собиқ хотинини ўлдиришдек қабиҳ режа тузади. 2019 йил 20 апрель куни у собиқ хотининг юзи ва бошига уриб, оғир тан жароҳати етказади. Сўнг иккинчи хотини Г. Қодированинг ёр­дамида М. Собитованинг оғзига сочиқ тиқиб, қўлларини боғлаган ҳолда Катта Фарғона каналининг Ширинсув қишлоғидан оқиб ўтувчи қисмига ташлаб юборишади. Ожиз аҳволдаги аёл табиийки, сувга чўкиб кетади… Ора­дан икки ҳафта ўтгач, Маҳлиёнинг жасади Фур­қат туманининг Кармак қишлоғидан оқиб ўтувчи каналдан топилади.

Бундай мудҳиш жиноятга қўл урган кимсаларнинг қилмиши ёпиқлигича қолиб кетмади, аксинча, тез орада фош бўлди ва улар қонун олдида жавоб беришди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2019 йил 23 сентябрдаги ҳукми билан уларга қонуний жазо та­йин­ла­нади.

Хусусан, суд Л. Ҳайдаровни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж”, “и”, “п” бандлари ва 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топиб, 19 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Ўшанда ҳам ота, ҳам она меҳридан жудо бўлган қизалоқлар — Лазокатхон ва Нигинабону бувиси (Маҳлиё Собитованинг онаси) Муқаддасхон Абдураҳмонованинг қарамоғида қолганди. Бинобарин, Бағдод тумани ҳокимининг 2019 йил 21 октябрдаги 5337-сонли қа­рорига мувофиқ, М. Абдураҳмонова набираларига нисбатан васий этиб тайинланганди.

Яқинда М. Абдураҳмонова судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қотил куёвини оталик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўради.

Бунга жавобан Л. Ҳайдаров жазони ижро этиш муассасасидан юборган эътирозномасида озодликка чиққач, қизларини ўзининг тарбиясига олишини маълум қилди. Би­роқ Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-она (улардан бири) ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини) нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳу­қу­қидан маҳрум қилинади. Ана шундай қонуний асосга таянган суд Л. Ҳайдаровни фарзандлари — 2013 йил 28 март куни туғилган Лазокатхон Ҳа­санбоева ва 2016 йил 3 ноябр­да туғилган Нигинабону Ҳасанбоевага нисбатан оталик ҳуқу­қидан маҳрум қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, баён этилган во­қеа ҳар қандай кишини қаттиқ ўйга солади. Чунки айни пайт­да бири 9, иккинчиси 6 ёшда бўлган қизчаларнинг бошига бундай аянчли қис­мат тушгани жуда ачинарли ҳол. Ҳозир уларнинг юзи кулса ҳам, қалби кулмайди.

Бояқишларнинг кўнг­­лида бир умрлик армон, ўкинч ва отасига нисбатан наф­рат бор. Бу оғир дардни ҳеч қандай малҳам билан даволаб бўлмайди.

Акмалжон РОЗИҚОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўқон туманлараро

суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: