СУДЬЯ МАСЪУЛИЯТИ ВА ДАХЛСИЗЛИГИ – БУ ОДИЛ СУДЛОВНИНГ МУҲИМ ШАРТЛАРИДИР
Судьялик лавозимига тайинланганига ҳали кўп бўлмаган ёш судья юпқагина матодан тикилган мантиянинг (судьянинг махсус либоси) нақадар оғир эканини ҳис қилгани ҳақида ёзибди. Мазкур иқрор судьянинг зиммасидаги юкнинг нақадар залворли ва масъулиятли эканини ҳамда ушбу ёш судьянинг бу масъулиятни англаб етганини кўрсатади. Лавозимга лойиқлик мезонининг муҳим жиҳати шунда, яъни ҳар бир судья, аввало, ўзини тарбиялаб вояга етказган, билим ва мансаб берган ўз халқи олдидаги жавобгарлик ҳиссини англаб етишидадир.
Айтиш керакки, мамлакатимизда қонунчилик базаси ва суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш билан бир қаторда профессионал ва етук кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратилаётир. Натижада судьяликка номзодларни тайёрлашдан тортиб, уларни лавозимларга тайинлашгача бўлган босқичларда мутлақо янги тартиблар жорий этилмоқда. Қисқаси, «ислоҳот» сўзи «ўзгартириш» («янгилаш», «қайтадан тузиш») маъносини билдирар экан, ҳар бир шахс ўзгаришни аввало ўзидан бошлаш кераклиги ўз-ўзидан равшан. Юқорида қайд этилган ёш судья тимсолида тизим вакилларининг дунёқарашида ҳам яққол ўзгаришлар рўй бераётгани кўзга ташланади.
Давлатимиз раҳбари 2026 йилгача бўлган Тараққиёт стратегиясини амалга оширишдаги бешта муҳим вазифалардан бири суд тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш эканини қайд этиб, бунда судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланишини таъкидлади. Чунки давлат тараққиёти, жамият ривожи қонун устуворлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Қонун устуворлигига одил судловни таъминлаш орқали эришилади. Одил судловнинг ҳеч қандай ташқи аралашувларсиз суд ҳокимияти томонидан амалга оширилиши асосий қонунимиз — Конституцияда белгилаб қўйилган.
Судлар фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувлар наинки судьянинг дахлсизлик ҳуқуқи, балки судга мурожаат қилган фуқароларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинишига олиб келади.
Шу боис ҳам судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувларнинг олдини олиш борасида самарали ҳуқуқий механизм шакллантирилмоқда. Судьялар олий кенгашининг бу борадаги ваколатлари кенгайтирилиши натижасида Кенгаш тақдимномаларига асосан қисқа вақтда судьялар фаолиятига аралашувлар бўйича 2 та жиноят, 2 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан қонун доирасида жазо чоралари тайинланди.
Бундан ташқари бевосита суд ишларига аралашувлар эҳтимолини юзага келтираётган маҳаллий бошқарув идораларининг қарорлари бекор қилинишига эришилди. Ҳали-ҳамон туман ёки шаҳар суди раисларининг маҳаллий кенгашларга тақдим этаётган ахбороти «ҳисобот» дея талқин қилиниб, ҳатто махсус қарор билан судларга вазифалар юклаш ҳолатлари бунга мисол. Шу каби ҳолатлар жойлардаги айрим раҳбарлар ва маҳаллий органларнинг судга бўлган муносабатида ва дунёқарашида ўзгаришлар қийин кечаётганлигини кўрсатади.
Суд ишларига аралашувлар ҳақида гап кетганда, яна бир масала ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. «Судлар тўғрисида»ги қонунга кўра, барча судьялар бир хил мақомга эга. Чунки суд раислари, раис ўринбосарлари ҳам айни вақтда судьялардир. «Судьялар одоби» кодексида қайд этилганидек, суд раиси (ҳайъат раиси) ташкилий-маъмурий ваколатларини амалга оширишда судьяларнинг мустақиллигини чекловчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйишга, айниқса, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига таъсир кўрсатиш мақсадида (маъмурий таъсир) бошқа усулларидан фойдаланишга ҳақли эмас. Акс ҳолда, ваколатини муддатидан олдин тугатишгача бўлган тегишли чоралар кўрилади.
Яшаётган асримиз «ахборот асри» дейилиши бежиз эмас. Ахборотнинг қудрати ва қуввати ҳар куни эмас, ҳар сонияда сезилаётир. Шундан келиб чиқиб, баъзи ҳолатларда судларга нисбатан бўлаётган турли ахборот хуружлари ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтмасликнинг иложи йўқ.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тизим фаолиятига оид асосли танқидлар ҳам борлигини инкор этмаган ҳолда уларнинг аксариятида ҳуқуқий савод ва ҳуқуқий маданият оғриқли даражада эканини кўриш мумкин. Ҳатто судда кўрилаётган ва ҳали якуний қарор қабул қилинмаган ишлар муҳокамасига киришиб, аввалдан кимнидир айбдор ёки айбсиз, дея бонг уришгача бориб етмоқда. Бундай ҳолатлар суд ишларига таъсир ўтказишга уриниш эҳтимолини келтириб чиқариш билан бирга амалдаги қонунчилик, хусусан, айбсизлик презиумпцияси тамойилига зид ва фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларига путур етишига олиб келишини ҳам қайд этиш лозим.
Ҳар ким ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга, албатта. Бироқ бундай ҳолат шахсий манфаат эвазига жамоатчилик фикрини чалғитиш билан бир вақтда ижтимоий ҳаётимизда тобора кенг акс этаётган очиқлик ва шаффофлик, айниқса, сўз эркинлиги каби бебаҳо неъматлар суиистеъмол қилинаётганини ҳам кўрсатади.
Хулоса ўрнида айтсак, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар дахлсизлиги бу — ижтимоий зарурият бўлиб, фуқаролик жамиятининг энг муҳим талаби ҳисобланади. Зеро, судьяларинг мустақил ва холис, фақат қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритишидан барча бирдай манфаатдор.
Судьялар дахлсизлик ҳуқуқини имтиёз деб эмас, балки ўзининг жамият олдидаги улкан масъулияти деб тушуниши мақсадга мувофиқдир.
Шундагина, судья ўз фаолиятига турли аралашувларга нисбатан муросасиз бўлади, ўз дахлсизлигининг асосий ҳимоячисига айланади.
Бунинг ҳуқуқий тартиби янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги қонунда судьяга мажбурият сифатида юклатилгани бежиз эмас.
Бундан ташқари судьянинг одоб-ахлоқ ва қонун билан белгиланган чекловларга риоя қилиши жамоатчиликда унинг шахсига ва дахлсизлигига нисбатан ҳурмат ҳиссини оширишга хизмат қилишини ҳам алоҳида таъкидлаш даркор (шунинг учун ҳам судья иш фаолияти даврида ва ундан ташқарида ўзини тута олиши, шаъни ва қадр-қимматига салбий таъсир этувчи, холислигига раҳна солувчи, ўзига нисбатан жамоатчилик ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилмоғи шарт).
Мазкур омиллар судлар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш билан бир вақтда, фуқароларнинг судларга нисбатан ишончи ортишига ва пировард натижада жамиятимизда одил судловни амалга оширишда беқиёс аҳамият касб этиши муқаррар.
Холмўмин Ёдгоров,
Судьялар олий кенгаши раиси
Фикр қолдириш