ТУНГИ ШАРПАЛАР ЁХУД ҚОРАМОЛ ЎҒРИЛАРИ ҚИСМАТИ

Урганчлик Мурод Қадамбоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ёшлигиданоқ қинғирликни касб қилиб олди. Шу боис у қилмишлари учун беш марта қонуний жазога тортилди. Дастлаб 2014 йилда ўғирликка қўл ургани учун унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Бироқ у бундан тўғри хулоса чиқариб олмади. Орадан 5 ой ўтмасдан яна жиноят кўчасига қадам қўйди. Ўғирлик жинояти 2 йил-у 11 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан жазоланди. Қонун тарафидан берилган енгилликнинг қадрига етмаган М. Қадамбоев орадан бир неча ҳафта ўтгач, яна жиноятга қўл урди. Суд ҳукмига мувофиқ у бу гал 7 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 2015 йил 17 февраль куни такрорий ўғирлик ва ҳужжатларни қалбакилаштиргани учун унинг жазо муддатига яна тўрт ойлик муддат қў­шиб берилди. Бўс­тонлиқ тумани судининг ажримига асосан эса, ўталмай қолган 3 йил 10 ойлик жазо муддати ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилгач, М. Қадамбоев Хоразмга қайтди.

Халқимиз «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» дея бежизга айтмаган. Бу айнан М. Қадамбоевга ўхшаш кимсаларга тегишли. Гап шундаки, «сурункали» ўғирлик иллати М. Қадамбоевнинг қон-қонига сингиб кетган экан. У дала-даштда қаровсиз қолган қорамолларни ўғирлаб, уларни ими-жимида бозорга чиқариб пуллашни режалаштирди. Ёнига ўзи сингари текин даромад илинжида юрган кимсаларни тўплади. Хонқалик Сафар Ҳолиқовни шерик қилган М. Қадамбоев ўтган йилнинг 14 апрелга ўтар кечаси Урганч туманининг «Қоромон» маҳалласига йўл олди. Жиноий шериклар зовур бў­йида боғлиқ турган сигирни машинага ортиб, Боғот туманидаги мол бозорига олиб келишди. Арзон мол излаб юрган Ў. Ражаббоев аслида М. Тиллаевнинг бозор нархи олти миллион сўм бўлган сигирини уч миллион тўрт юз минг сўмга сотиб олди.Ўғирлар осон топилган пулни шу ернинг ўзи­даёқ ўзаро бўлиб олишди.

Навбатдаги ўғирлик 9 май оқшомига белгиланди. Ҳамтовоқлар Янгибозор туманининг Боғолон қишлоғига етиб келишди. Қишлоқ четидаги «Хоразм фахри» фермер хўжалиги дала майдонида О. Матёқубовнинг қаровсиз қолган нархи 5,5 миллион сўмлик қорамоли ўлжага айланди. Ҳамтовоқлар уни Ҳазорасп тумани мол бозорига олиб боришди. Би­роқ ҳали вақт эрта бўлгани учун қорамолни бозор ёнида жойлашган уйларнинг бири олдидаги бетон устунга боғлаб қў­йишди-да, шоша-пиша яна орт­га қайтишди.

Машина тун ярмидан ошган чоғида Янгибозор туманидаги «Қиёт» маҳалласига етиб келди. Тунги шарпалар бу гал ҳам бир неча бош қорамол қаровсиз қолдириб кетилган таниш далага боришди. Иш яна хамирдан қил суғургандай тез ва осон битди. Бир бош қо­рамол ортилган ма­шина Ҳазораспга қайтиб келди. Ам­мо бир неча соат муқаддам устунга боғлаб кетилган қорамол аллақаёққа ғойиб бўлган эди. Шериклар чор-атрофдан ўлжани излаб тополмагач, уй эгасига юзланишди. Анчайин синчков одам бўлган уй эгаси молни оғилхонасига боғлаб қўйгани, хаёлида гумон туғилгани айтиб, мабодо молни ўғирлаб олиб келмаганини суриштира бошлади. Устига-устак, бу бў­йича ички ишлар идорасига хабар бериш лозимлиги, уни хо­димлар иштирокида қайтариб олиши мумкинлигини билдирди. Буни эшитиб, ўғриларнинг пайтавасига қурт тушди. Шу боис улар қилмиши ош­кор бўлмаслиги учун ўғирланган қорамолдан воз кечиб,тезда бу ердан жуфтакни рост­лаб қолишди.

Бозорга кириб, иккинчи қорамолни атиги уч миллион сўмга сотиб юборишди.

Ҳазораспда содир бўлган бундай кўнгилсизликдан жи­ноят­чилар сабоқ чиқаришди. Ҳамтовоқлар молни ўғирлагани ҳамон тўғридан-тўғри бозорга олиб бориб сотиш хатарли эканинини англаб етишди. Шу сабабли Урганч шаҳрида яшовчи собиқ маҳкум Диёр Бобожоновдан кўмак сўрашди. У «биродарлари»нинг илтимосини ерда қолдирмади. 2021 йилнинг 19 май куни ҳамтовоқлар яна «ов»га отланишди. Жиноий шериклар ярим тунда кутилган ўлжа билан қайтишди. Урганч туманининг Қоромон қишлоғида яшовчи Маъруфа Раҳимованинг уйи атрофидан ўғирлаб келинган бир бош мол шу заҳотиёқ Д. Бобожоновнинг оғилхонасига боғланди. Бундан руҳланган шериклар яна Қоромон қишлоғига йўл олишди. Учовлон қишлоқнинг хилват жойида қаровсиз қолиб кетган икки бош бузоқни ҳам ўғирлаб келиб, Д. Бобожоновнинг ҳовлисига яширишди. Лекин улар бу билан кифояланишмади. Текин бойлик кўзларини кўр қилган ҳамтовоқлар бошқа бир қишлоқнинг «Анжирчи» маҳалласига бориб, фермер хўжалиги даласида қолдириб кетилган қорамолни ўғирлаб келишди. Бироқ «ўлжа»ни пуллашга улгуришмади.

Чунки кейинги кунларда кетма-кет давом этаётган қорамол ўғирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларининг эътиборини тортган эди.

Бунинг натижасида кенг кўламли қидирув-суриштирув тадбирлари бошлаб юборилди. Изқуварлар жиноий гуруҳ аъзоларини ашёвий далиллар билан қўлга олишди.

Биринчи босқич суди такроран ўғирлик жиноятини содир этган ҳамтовоқларнинг жиноий қилмишларини синчиклаб ўрганиб чиқди.Судда фуқаровий даъвогар сифатида кўрсатма берган М. Тиллаев, О. Матёқубов, М. Раҳимова, Ж. Авазов, А. Эшназаров жи­ноят­ натижасида етказилган зарар тўлиқ қоплангани, шу сабабли судланувчиларга даъвоси йўқлигин маълум қилишди.

Суд жиноят ишидаги ҳар бир ҳолатни чуқур муҳокама этиб, М. Қадамбоевга 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Бундан ташқари у ўта хавфли рецидивист деб топилди. Унинг ҳамтовоғи бўлган С. Ҳолиқов 2 йил 6 ой, Д. Бобожонов 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бундан норози бўл­ган судланувчилар аппеляция тартибида шикоят билан мурожаат қилишди. Яқинда аппеляция судлов ҳайъати ушбу шикоятни кўриб чиқди ва уни қаноатлантиришни рад қилди.

Ҳаётда исботланган ҳа­қиқат шуки, бировнинг моли ҳеч қа­чон бошқага буюрмайди. Қолаверса, ўғрининг косаси оқарганини ҳам ҳали ҳеч ким кўргани йўқ.Баён этилган во­қеа тафсилотлари бунинг яна бир исботидир.

Шуҳрат Раззоқов,

Хоразм вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: