ТАМАГИР ШИФОКОР
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг таҳлилига кўра, мамлакатимиз тиббиёт тизими коррупцияга оид жиноятларнинг содир этилиши жиҳатидан етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Соҳадаги айрим нопок кимсалар ҳали-ҳануз оқ ҳалатга доғ туширмоқда.
Қўқон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори Шарофат Раҳматова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам тамагирлик қилиб, юзи шувит бўлди.
Гап шундаки, Ш. Раҳматова 2021 йил август ойидан буён поликлиниканинг врачлик маслаҳат комиссиясида ишлаб келаётганди.
Комиссия шифокори сифатида оилавий поликлиникалар томонидан бирламчи ногиронликка тавсия қилинган беморларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиб, камчиликлари юзасидан тегишли тавсиялар бериш, ногиронлик юзасидан ҳисоботларни тайёрлаш ва тиббиёт бирлашмасига топшириш, гастроэнтерология соҳасида ошқозон-ичак касалликларини даволаш кабилар унинг хизмат вазифалари саналган.
Шу йилнинг август ойида ҳамшира Ситора Тожиева Шарофат опанинг хонасига фуқаро Музаффар Султоновни бошлаб киради. Йигитни қариндоши сифатида таништириб, синглиси Муаттар Жўрабоевага ногиронлик гуруҳи белгиланишида ёрдам беришини илтимос қилади.
Шунга биноан Ш. Раҳматова Музаффарнинг қўлидаги ҳужжатлар билан танишиб чиқади. Қолаверса, яна баъзи ҳужжатларни тайёрлаб келишини айтади.
Шундан кейин орадан тахминан бир ой вақт ўтиб, М. Султонов яна шифокор аёлга учрашади.
– Илтимос, дўхтир, менинг ишимни имкон қадар тезроқ ҳал қилиб берсангиз, – дейди йигит.
– Албатта, қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.
Шарофат Раҳматова шундай дея шаҳар тиббий меҳнат эксперт комиссияси масъуллари билан телефон орқали гаплашади. Яъни, муқаддам беморнинг битта буйраги олиб ташлангани ва айни пайтдаги ҳолатига оид тиббий хулоса бўйича улар билан маслаҳатлашади.
Телефонда гаплашган комиссия шифокори эса беморнинг ҳужжатларини жўнатишини айтади. Гўшакни қўйгач, Ш. Раҳматова Музаффарга юзланади.
– Ситоранинг қариндоши бўлганингиз учун ўртага тушяпман, укажон. Фақат бу ишнинг ўзига яраша хизмати бор. Комиссиядагиларнинг олдида мени уялтириб қўймассиз, – дея синглисига ногиронлик гуруҳи белгиланиши учун 300 АҚШ доллари бериши лозимлигини билдиради.
– Хўп. Сиз буёғидан хавотир олманг, – деб унинг хонасидан чиқади “мижоз”.
Бироқ М. Султонов шифокорнинг тамагирлигини ҳазм қилолмайди. Шу боис у Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қўқон шаҳар бўлимига мурожаат қилади.
Оқибатда Шарофат Раҳматова 2022 йил 21 сентябрь куни ўз хизмат хонасида ҳамшира Зилола Жўраева орқали Музаффардан 300 АҚШ долларини олган вақтида ушланади.
Шундан кейин Ш. Раҳматовага нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.
Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси
Фикр қолдириш