СУДЬЯЛАР ОЛИЙ МАКТАБИГА ИЛК КИРИШ СИНОВЛАРИ БОШЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги қарорига мувофиқ ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 2019-2020 ўқув йили учун илк бор судьялик лавозимига номзодларни қабул қилиш жараёнлари бошланди.
Кириш синовлари икки босқичда бўлиб ўтмоқда.
Биринчи босқичда талабгорлар ҳуқуқий мавзуда иншо ёзиш бўйича синовлардан ўтса, иккинчи босқичда мутахассислик фани ва чет тилидан тест синовларини топшириши орқали уларнинг билимлари текширилади.
Кеча талабгорлар иншо бўйича кириш синовларида иштирок этишган бўлса, бугун улар тест синовлари топширишади.
Кириш синовларини ҳар томонлама адолатли, очиқ ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялари назоратчи сифатида жалб қилинган. Шунингдек, кириш синовлари имтиҳонлар ўтказиш учун мослаштирилган “Ўзкўргазмасавдо” биносида бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш