ҚАМОҚ АЛИМЕНТДАН ОЗОД ҚИЛМАЙДИ…

Ҳар бир шахснинг қонун олдида ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлангани баробарида бурч ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган. Афсуски, айримлар бу борада ўз масъулиятини унутиб қўйишаётгани, албатта ачинарли.

Олтинсойлик Б.Бахрамовнинг (исми шарифи ўзгартирилган) ҳатти-ҳаракатлари на инсонийлик тамойилларига, на қонун талабларига мос келади. Боиси, у уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулларини бир неча йиллардан буён тўламайди. Натижада, тўлов суммаси  19 миллион 207 минг сўм тўпланиб қолган. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасида назарда тутилган (яъни, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш)    ҳуқуқбузарлигини содир этган. Албатта, ҳуқуқбузар судда ўз айбига иқрорлигини, ижрочилар томонидан бир неча бор огоҳлантирганлигини, бироқ оилавий шароити ва моддий аҳволи оғирлиги сабабли алимент пулларини тўлаш имкони бўлмаганлигини айтиб ўтди.

Бироқ, бу важлар ҳуқуқбузарнинг собиқ турмуш ўртоғини қаноатлантирмади. У алимент пуллари тўлиқ тўланмаса даъвосидан воз кечмаслигини, ушбу маблағни ундириб беришни, унга нисбатан қонуний чора кўришни  сўради. Табиийки, бу ҳолат судни ҳам қонтирмади ва ҳуқуқбузар Б.Бахрамовнинг содир этган қилмиши учун суд унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Этибор беринг: энди худди шунга ўхшаш ҳуқуқбузарлик, лекин суд сўнгида бунинг акси ўлароқ, таъбир жоиз бўлса ижобий якун топди.

Ҳуқуқбузар С.Саломов (исми шарифи ўзгартирилган) Б.Баҳромов каби узоқ йиллардан буён вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун тўланиши лозим бўлган жами 21 миллион сўм алимент пулларини тўламай келаётганлиги боис суд залига келтирилди. Б.Баҳромов акси ўлароқ, С.Саломов қилган ишидан пушаймон бўлиб, бу ҳолатни бошқа такрорламаслигини айтиб, 21 миллион сўм алимент пулларини вояга етмаган фарзанди учун тўлиқ тўлаб берди.

Халқимизда бир нақл бор, яъни, “яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи” деганларидек, ҳуқуқбузар С.Саломовга оид кўрилган маъмурий иш ижобий ечим билан якун топди ва маъмурий қамоқ жазоси тайинланмасдан маъмурий иш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 10-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди.

 Демоқчимизки, ҳар бир қилинган ҳуқуқбузарлик, содир этилган қилмиш ўз ҳатти-ҳаракатимиз ва феъл-атворимиздан, деб билайлик.

К.Туранов,
Олтинсой туман маъмурий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: