ҲАЛОЛЛИКДА ҲИКМАТ КЎП. ҚИНҒИР ИШ ЭСА, ҲЕЧ ҚАЧОН ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Халқимиз саломатлигини сақлаш, унинг турмуш фаровонлигини оширишдек муҳим вазифа ижросини таъминлаш бевосита истеъмол бозоридаги маҳсулотларнинг сифат даражаси, яроқлилик муддати каби омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боисдан ҳам ҳар бир маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришдан аввал унинг инсон ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига нечоғлик жавоб бериши ваколатли органлар, хусусан, давлат санитария эпидемиология назорати марказлари томонидан текширишдан ўтказилиши лозим.

Бироқ ҳаётда шундай кимсалар ҳам борки, улар бемалол сифат назорати  текширувларини четлаб ўтишдан, ўзгалар ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиш эвазига мулкий наф кўришдан заррача тап тортишмайди. 

Қуйида шундай ғараз ният билан қинғирликка қўл урган ака-ука Даврон ва Феруз Гелдиевлар ҳамда уларнинг жиноий шериги Муҳриддин Камоловнинг кирдикорлари хусусида тўх­таламиз.

Қарши туманида истиқомат қилувчи Даврон Гелдиев қассобликнинг сир-асрорини ўрганаётганида бу ҳунар ҳалоллик, покизалик каби юксак инсоний фазилатларга амал қилинсагина қут-барака келтиришини негадир англаб етмади. У ўша кездаёқ бозорга сифатли гўшт маҳсулоти етказиб беришдан кўра, қандай бўлмасин, тезроқ чўнтагини қаппайтиришни мақсад қилиб олади. Шу боисдан ҳам тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишни хаёлига ҳам келтирмади. Даврон укаси Феруз Гелдиевни ёнига олиб,  ўзича маслаҳат қилган бўлди. Ўзаро суҳбат асносида улар Тошкент шаҳридаги бозорларга кўп миқдорда гўшт етказиб беришга келишиб олишди.

— Битта сигирни майдалаб сотсанг, сариқ чақага зўрға эга бўласан, ундан кўра тайёр сўйилган гўштни тўп­лаб сотсанг, мў­майроқ соққа қиласан, — дейди Даврон укасига ўзини доно кўрсатиб.

Укаси ҳам унга заррача эъ­тироз билдирмади, аксинча, акасининг мў­май даромад орт­ти­ришга қаратилган ғараз мақсади унга ҳам мойдек ёқиб тушди. Хуллас, ака-укаларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, Феруз Гелдиев Тошкентга йўл олди. Режага кўра, у гўштларни харидорларга етказиш учун овлоқроқ жой топиши ва яширин цех ташкил қилиши лозим эди. Даврон эса, ўзи туғилиб-ўсган Муллақувват қишлоғи, Камолобод кўчаси, 87-уйда одамлардан арзон-гаров гўшт­ларни йиғиб олиб, автомашинада Тошкент шаҳрига етказиб беришни ўз зиммасига олди. Тез орада Феруз ўзининг қинғир мақсадига эришди: Тошкент тумани, «Иқбол» маҳалла фуқаролар йи­ғини, Боғишамол кўчаси, 25-уйни ижарага ол­ди. Ферузга қу­рилиши тугалланмаган бу хонадон жуда маъқул келди. Ҳар ҳол­да одамлар, айниқса, назоратчиларнинг назари тушмайдиган ов­лоқ жой, яширин цех ташкил қи­лиш учун айни муддао.

Орадан кўп ўтмай, ака-укаларнинг бозори юришиб кетди. Даврон Гелдиев ўз уйида Қашқадарё вилоятининг турли туманларидан келтирилган мол ва қўй гўштининг ҳар бир килограммини 20-25 минг сўмдан сотиб ола бошлади. У маҳсулотнинг сифатига мутлақо эътибор бермай, уйи­даги совуткичга жойлар, гўшт­ни суягидан ажратиб қў­йишни ҳам унутмасди. Мўл­жалдаги гўшт йиғилгач, уларни йўловчи ташийдиган автомашиналар орқали Тошкентга жўнатарди. Шу тариқа Сарвар Абдураҳмонов бош­қарувидаги «Ласетти» русумли, Чироқчи туманида яшовчи Ўткир исмли шахс бошқарувидаги «Нек­сия» русумли автомашиналар ака-ука Гелдиевларнинг беминнат уловига айланади.

«Улгуржи қассоб» дея ном чиқаришга улгурган Даврон ўзига доимий мижозлар ҳам топиб олди. Чунончи, қамашилик Алишер, косонлик Ғулом, Чироқчи туманида яшовчи Ойбек исм­ли кимсалар озғин, қари, ҳаттоки ўлган ҳайвонларнинг гўш­тини Давронга келтиришар, «улгуржи қассоб» эса, бу маҳсулотларнинг истеъмолга яроқсизлигини кўра-била туриб, «лом-мим» демай, пулини санаб берарди. «Гуноҳи шу қассобларнинг бўйнига, мен қўй-молларнинг тириги ёки ўлигини кўрмаганман, пулини тўладимми, жавобини ҳам улар беришади», дея Даврон ўз қилмишини ўзича оқлаган бўларди. Буни қа­рангки, Давроннинг «довруғи» ҳатто қўш­ни вилоятларга ҳам етиб борди ва жиззахлик Зоҳид исмли кимса ҳам унга сифат назоратидан ўтмаган, истеъмолга яроқсиз гўштларни етказиб беришни йўлга қўй­ди.

Ака-ука Гелдиевлар даромадли иш­ни йўлга қўйиб олганидан ўзларича хурсанд бўлишар, улар кун сайин мўмай даромаднинг чўғи ортиб бораётганидан димоғи кў­тарилиб, юриш-туриши ўз­гариб бораётганди.

Ҳар гал Тошкентга Даврон юборган гўштларни келтирган автомашина ҳайдовчиси бу ердан қуруқ қўл билан қайт­мас, Феруз берган пулларни Қашқадарёга, Давронга топшириш учун олиб кетарди.

Албатта, пойтахтда зўр бериб ишлаётган Феруз Гелдиев ҳам сифатсиз маҳсулотни кўтара сотиш учун харидор топиш билан банд эди. У куну тун ҳаракатни заррача сусайтирмас, акаси етказиб бераётган маҳсулотни ўзи ташкил қилган яширин цехда сотиш учун тайёрлар, қоғозларга ўраб, қадоқлаган бўларди. Феруз қисқа фурсатда доимий харидорлар топиб, уларнинг «ишончли таъминотчиси»га айланди. Фақат харидорларнинг «Сифат назоратидан ўтганми?» — деган саволига жавоб тополмай, бироз чайналиб қоларди. Ахийри, «уддабурон» Феруз бунинг ҳам йўлини топди. У харидорлар сонини кўпайтириш, гўшт маҳсулотини қимматроқ нархда сотиш учун қўл­бола муҳр тайёрлайди. Қарабсизки, содда харидорлар Феруз тайёрлаб қўйган маҳсулотларни «Сифат назоратидан ўтган» деган  ишонч билан бажонидил сотиб олишади. Ф. Гелдиев «Қатортол озиқ-овқат бозори»да гўшт маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи Собир, «Чорсу» бозорида сав­до қилувчи Жавоҳир, Бахтиёр, ТТЗ бозоридаги Рус­там, Ҳамид исмли ва бош­қа шахсларни шу йўл билан боплаб лақиллатиб, сифатсиз гўштларни уларга улгуржи нархда сотишнинг уддасидан чиқди. Ф. Гелдиевнинг бозори чаққон бўлиб кетгач, эски таниши Муҳриддин Камоловни тери шилиш учун ёрдамга чақирди. Шу тариқа сифатсиз гўшт­ларни сотиш орқали дурустгина мулкий наф кўраётган ака-укалар ўз фаолиятларини кун сайин кенгайтириб боришарди. Бироқ ҳаётда ҳар бир ишнинг чегараси бўл­гани ка­би истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулоти савдоси билан шуғулланиб келган ака-укаларнинг қилмишларига ҳам якун ясалди. 2019 йил 6 февраль куни ваколатли давлат ор­ган­лари томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида ака-ука Даврон ва Феруз Гелдиевлар ҳамда уларнинг ҳамтовоғи Муҳриддин Камоловнинг қабиҳ қилмишлари фош бўлди. Тадбир чоғида Тошкент тумани, «Иқбол» маҳалла фуқаролар йиғини, Боғишамол кўчаси, 25-уйда ташкил этилган яширин цехда 1 004 килограмм қорамтир тусдаги, истеъмолчилар ҳаёти ёки соғ­лиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган гўшт маҳсулотлари сотувга тайёрланаётган, қўлбола усулда ёғочдан тайёрланган, белги ўрнини босиш учун мўл­жалланган муҳр, сиёҳдон ва ҳисоб-китоб­лар юритилган дафтар ашёвий далил тариқасида олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ДСЭНМ­нинг 2019 йил 18 февралдаги 19-сонли хулосасига кўра, яширин цехда сотувга тайёрланаётган гўшт маҳсулотлари юқумли ўткир ош­қо­зон-ичак ёки куйдирги касалликлари ёхуд гуруҳли ов­қатдан заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқариши, бир сўз би­лан айтганда, истеъмолга мутлақо яроқсизлиги аниқланган ва тегишли тартибда зарарсизлантириш учун юборилган.

Шунингдек, ашёвий далил тариқасида олинган ҳисоб-китоб дафтаридаги рўйхат тегишли тартибда кўздан кечирилганда Ф. Гелдиев ва Д. Гелдиевлар томонидан 18 908,3 килограмм гўшт маҳсулотлари  487 217 900 сўмга сотиб олинганлиги, 21 190,8 килограмм гўшт маҳсулотлари 702 081 700 сўмга сотилганлиги аниқланган.

Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, судланувчилар — Даврон ва Феруз Гелдиевлар ҳамда Муҳриддин Камоловни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топди ва уларга қонуний жазо тайинлади.

Шу зайл­да инсон саломатлигига жиддий таҳдид солувчи ёки унинг ҳаётини хавф остида қолдирувчи гўшт маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган айбдорлар қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлишди. Агар улар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, қонун доирасида фаолият юритганида, энг муҳими, ўз юртдошлари дастурхонига сифатли гўшт маҳсулотларини етказиб берганларида элнинг дуосини олган, кўпчилик олдида уятга қолмаган бўлишарди.

Зеро, халқимиз «Ҳалоллик ҳузур-ҳаловат, нопоклик эса, афсус-надомат келтиради», деб бежизга айтмаган.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент тумани судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: