ҚОНУН ТАЛАБИГА ҚАТЪИЙ РИОЯ ЭТИШ ИШ БЕРУВЧИНИНГ ҲАМ, ХОДИМНИНГ ҲАМ МАНФААТЛАРИНИ БИРДЕК ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

Аввало шуни қайд этиш керакки, Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳ-камлаб қўйилган.

Фуқароларнинг ушбу конс­титуциявий ҳуқуқлари амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган. Мазкур ҳуқу­қий механизмлар орасида меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш би­лан боғлиқ муносабатлар алоҳида ўрин эгаллайди.

Амалдаги қонунларимизга кўра, ҳеч ким асоссиз равишда ишдан бўшатилиши мумкин эмас. Аммо бунга қарамай ҳаётда меҳнат низолари учраб туради.

Бунинг асосий сабаби сифатида иш берувчи ёки ходимнинг меҳнат қонунчилигига тўлиқ амал қилмаслиги, меҳнат шартномаси тўғри тузил­ма­гани ва иш берувчи ҳамда ходимларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбурият­ларини тўғри тушуниб ет­маслигини кўрсатиш мумкин.

Бу муаммони бартараф этиш учун, албатта, меҳнат қо­­нунчилигини кенг тарғиб этиш лозим. Айниқса, меҳнат қонунчилигини корхона ва муассасаларда ходимлар билан ишлайдиган масъул шахслар мукаммал билиши керак.

Авваламбор, меҳнат шартномаси қонунга монанд, Меҳнат кодексининг 72-моддаси талаблари асосида тузилиши талаб қилинади.

Меҳнат шартномаси — ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича иш­ни ички меҳнат тартибига бўй­­­сунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бош­қа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

Яна бир эътибор қаратиладиган жиҳат — бу меҳнат шарт­номасининг мазмунидир. Қо­нунда таъкидланганидек, меҳнат шартномасининг мазмуни тарафлар келишуви бў­йича, шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қо­нунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

Меҳнат кодексининг 75-моддасида меҳнат шартномаси муддати тўғрисида шундай қайд этилган: «Меҳнат шартномалари: номуайян муддатга; беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга; муайян ишни бажариш вақтига мўл­жал­лаб тузилиши мумкин. Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек, муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас».

Бундан ташқари меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозимлиги ҳам қонунчиликда мустаҳкамланган. Хусусан, Меҳнат шартномасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган намунавий шартномани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилади. Унда тарафларнинг манзиллари кўрсатилиши шарт.

Ушбу ҳужжат ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўл­ган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланиб, имзоланган муддати қайд этилади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий эканини таъкидлаш учун корхона муҳри билан тасдиқланади.

Иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат тех­ноло­гия­даги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажми қисқаргани, башарти, бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб ке­лиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир. Иш берувчи айрим тоифадаги ходимлар учун меҳнат шартларини ўзгартиш хусусида корхонадаги ходимларнинг вакиллик ор­ганлари билан олдиндан маслаҳатлашиб олади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда, ходим иш берувчидан меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақ­лидир.

Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризаси берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кў­риб чиқилиши лозим. Ходимнинг талаблари рад этилган тақдирда, иш берувчи унга рад этишнинг сабабини ёзма шаклда маълум қилиши керак.

Ходимга унинг талабларини рад этиш сабабларини маълум қилмаслик ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш рад этилганлиги хусусида ши­коят қилиши учун тўсиқ бўла олмайди.

Меҳнат шартномасининг бе­кор қилиниши қуйидаги асосий талаблар бажарилганда қонуний деб топилиши мумкин:

ходим билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши учун қонуний асосларнинг мавжудлиги;

меҳнатга оид муносабатларни бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши.

Мисол учун фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди томонидан 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида ишга тиклаш билан боғлиқ 61 та фуқаролик иши кў­риб чи­қилган. Шундан 29 та­си қаноатлантирилиб, 23 таси рад этилган.

Масалан, даъвогар Латифжон Жўрақулов судга даъво аризаси билан мурожаат қи­либ, «Тоза ҳудуд» ДУК Хатирчи туман филиалининг 2019 йил 25 февралдаги 17-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топиш ва уни қоровул вазифасига ишга тиклаб, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ҳамда маънавий зарар ундириб беришни сўраган.

Суднинг 2019 йил 23 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилган. Унга мажбурий бекор юрган кунлари учун 786 минг 712 сўм иш ҳақи ва 410 минг сўм маънавий зарар ундириб берилган.

Иш ҳужжатларига қараганда, «Тоза ҳудуд» ДУК Хатирчи туман филиалининг 2017 йил 3 июлдаги 31-сонли буйруғи билан Латифжон Жўрақулов қоровул вазифасига ишга қа­бул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 ноябрдаги «Қаттиқ маиший чи­­қиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармонига асосан, филиалда қисқартириш ишлари олиб борилиб, бу ҳақда касаба уюшмаси билан келишилган.

Навоий вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК касаба уюшмасининг 2018 йил 29 ноябрдаги йиғилиш баёни билан жами 30,5 та штат бирлиги қисқариши ҳа­қи­да иш берувчи билан келишилган.

Шу ўринда қонун талабига эътибор қаратсак, Меҳнат кодексининг 102-моддасига кў­ра, меҳнат шартномаси тех­ноло­гия­даги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони ёки иш ху­су­сия­тининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳаж­ми қисқарганлиги ёхуд корхона тугатилганлиги муносабати билан бекор қилинганда иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қи­лиш нияти ҳақида камида ик­ки ой олдин ходимни ёзма равишда огоҳлантириши шарт.

Шунга кўра, «Тоза ҳудуд» ДУК Хатирчи туман филиали томонидан даъвогар Латифжон Жўрақулов меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида икки ой олдин, яъни 2018 йил 25 декабрь куни огоҳлантирилган. Бунда ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун, шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда, ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилган.

Мазкур икки ойлик муддат ўтгач, иш берувчи 2019 йил 25 февралдаги 17-сонли буйруғи асосида даъвогар билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан, бекор қилган.

Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти) ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қа­ро­ри 21-бандида қайд этилганидек, Меҳнат кодексининг 101-моддасига кўра, жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиши назарда тутилган бўл­са, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қи­лишга йўл қўйилмайди.

Бироқ корхона тугатилиши муносабати билан ёки Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмида назарда тутилган асослардан бирига кўра, жумладан, корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шарт­номаси мулкдорнинг алмашиши сабабли иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган тақдирда, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа ва­киллик органининг розилигини олиши талаб этилмаслиги эътиборда тутилиши лозим.

Низони тўғри ҳал этиш учун суд жамоа келишуви ёки жамоа шартномаси тузилган ёки тузилмаганини ва шартномада хо­димни ишдан бўшатиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган ёки тутилмаганини аниқлаши керак.

«Тоза ҳудуд» ДУК Хатирчи туман филиали меҳнат жамоасининг 2018 йил 23 мартдаги умумий йиғилиши баёни билан маъқулланган жамоа шартномасида «Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш фақатгина касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилиги олиниб амалга оширилади» деб белгиланган.

Судга жавобгар томонидан тақдим этилган 2018 йил 29 ноя­брдаги касаба уюшма қў­митаси йиғилиши баёни билан 30,5 та штат бирлиги қисқаришига келишилиб, айнан даъвогар Л. Жў­рақулов билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида тақдимнома юборилмаган. Бу борада касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги ҳам олинмаган.

Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги қарори 21-бандида қайд этилганидек, ходим билан меҳнат шартномаси, иш берувчининг ташаббусига кў­ра, касаба уюшмаси ёки бош­қа вакиллик органининг розилигисиз бекор қи­лингани аниқланса, суд меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини ноқонуний деб топади ва ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талабини қано­ат­лантира­ди.­

Даъвогар Шерзод Амонов ҳам судга худди шундай даъво аризаси билан мурожаат қилган. У «Тоза ҳу­дуд» ДУК Хатирчи туман филиалининг 2019 йил 26 февралдаги 26-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топиш ва ўзи­ни ҳудуд назоратчиси вазифасига ишга тиклаб, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ҳам­да маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.

Суднинг 2019 йил 23 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қис­ман қаноатлантирилди.

Иш ҳужжатларига қараганда, «Тоза ҳудуд» ДУК Хатирчи туман филиалининг 2017 йил 18 июлдаги 46-сонли буйруғи билан Ш. Амонов ҳудуд назоратчиси вазифасига иш­га қабул қилинган.

Филиалнинг 2019 йил 26 февралдаги 26-сонли буйруғи у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига асосан бекор қилинган.

Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига асосан, меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилинади. Ушбу асосга биноан, меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин.

Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги қарори 14-бандида белгиланишича, меҳнат шартномасини Меҳнат кодекси 97-моддаси 1-бандига биноан бекор қилиш билан боғлиқ низоларни кўришда ходим билан иш берувчи ўртасида ҳа­­қи­қатан меҳнат муносабатларини бекор қи­лишга келишув бўлган-бўлмаганини аниқлаш зарур. Ушбу асосга кў­ра, тарафлар белгилаган муддатда шарт­нома бекор қилинади.

Аммо Шерзод Амонов меҳнат шартномасини бекор қи­лиш ҳақи­да ариза ёзмаган. Бинобарин, унинг ишдан бўшаш нияти бўлмаган.

Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-банди билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун эса, ҳар икки тарафнинг хо­ҳиши ва келишуви талаб этилади.

Бу ҳолатда суд даъвогар Ш. Амоновнинг ўз хоҳиши билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризаси мавжуд эмаслиги, тарафлар ўртасида бу борада бирон-бир келишув бўлмаганлиги, умумий тартибда ўтказилган йиғилиш меҳнат шартномаси бекор қилишга асос бўлмаслигини назарда тутди.

Жавобгар «Тоза ҳудуд» ДУК Хатирчи туман филиали томонидан қонун ҳужжатлари қўпол равишда бузилган ва даъвогар билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган, деб топилди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳу­қуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолининг моддий фаровонлигини юксалтириш меҳнат муносабатларининг барқарорлиги билан узвий боғлиқдир. Бунда меҳнат шартномасининг тузилиши, ўзгартирилиши ва бекор қилинишига доир муносабатлар алоҳида ўрин тутади.

Шу маънода, ҳар бир иш берувчи меҳнат қонунчилигини пухта билиши ва унга қатъий амал қилиши ходимлар ҳу­қуқларини ишончли ҳимоя қи­лиш билан бирга низоларнинг олдини олишнинг муҳим омилидир.

Нодиржон Расулов,
фуқаролик ишлари бўйича
Кармана туманлараро судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: