ҲАҚЛИ ДАЪВО СУД ТАРТИБИДА ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Мамлакатимиз Конституциясида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур экани қатъий белгилаб қўйилган.

Ушбу қоида халқимизнинг миллий қадрият ва урф-одатларининг ёрқин ифодаси ҳи­соб­ланади. Фарзанд ва ота-она ўр­тасидаги меҳр-оқибат, ях­ши-ёмон кунда суянчиқ бўлиш, ғамхўрлик кўр­сатиш халқимиз табиатига хос.

Айтиш керакки, юртимизда кексайган, қаровга муҳтож ота-онасига ғамхўрлик қилаётган, иссиқ-совуғидан ўз вақтида хабар олиб, уларни меҳр билан парваришлаётган юрт­дош­ла­римиз жуда кўпчиликни ташкил этади.

Бироқ гуруч орасида курмак учрагани каби авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимизни унутган, кекса ота-онасини ўз ҳо­лига ташлаб қўйган, уларга моддий таъминот беришдан бўйин товлайдиган кимсалар ҳам оз бўлса-да, учраб туради.

Яқинда очиқ суд мажлисида гулистонлик Янгибой Хушмуродов (исм-шарифлар ўз­гар­ти­рилган) нинг даъво аризаси кўриб чиқилди.

Янгибой Хушмуродов ўз даъво аризасида фар­занд­лари Нажмиддин, Аслиддин, Аҳлиддин, Азмиддин ва Зуҳриддин Хушмуродовлардан моддий таъминот ундириб бе­ришни сўраган.

Суд мажлисида маълум бў­лишича, Я. Хушмуродов ҳо­зирда саксон ёшдан ошган. Турмуши давомида етти нафар фарзанд кўрган. Улардан бир нафари вафот этган, бир нафари қиз. Қолган беш нафар ўғил унинг ҳолидан хабар олмай қўй­ган. Соғлиғи яхши эмас, ҳар ойда оладиган пенсияси кун­далик эҳ­тиёж­ла­ри­дан ортмайди. Шу сабабли ота фарзандларидан алимент ундиришни сўраб, судга мурожаат қилган.

Шу ўринда бу борадаги қо­­нун талабларига эътибор қа­ратсак, Оила кодексининг 110-моддасига кў­ра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласа, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

Ота-она алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир неч­тасига нисбатан қўйганидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳи­собга олиши лозим.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўр­сатиб, ажрим чиқариши мумкин. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўл­маслиги керак.

Оила кодексининг 136-моддасига асосан алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳу­қуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Суд даъво талабини муҳокама қи­либ, даъвогар Янгибой Хушмуродовга ёшга доир пенсия тайинлангани, моддий ёр­дамга муҳтожлиги, жавобгарлар фойдали меҳнат фаолияти би­лан шуғулланиб келаётган бўлса-да, ўз ихтиёри билан отасини моддий жиҳатдан таъминламаётганини инобатга олди ва даъвогарнинг али­мент ундириш ҳақи­даги даъвосини асосли деб топди. Шу боис даъво та­лаби қаноатланти­ри­либ, жавобгарлардан Янгибой Хушмуродовнинг фойдасига меҳнатга ҳақ тў­лаш энг кам миқдорининг 20 фоизи миқдоридан алимент ундириш тўғ­ри­сида ҳал қилув қарори қабул қил­ди.

Шу тариқа кекса Я. Хушмуродовнинг ҳақли даъвоси суд тартибида қаноатлантирилди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ота-она фарзандини дунёга келтириб, вояга етказиш, таълим-тарбия бериш, уйли-жой­ли қилиш, ҳаётда ўз ўр­нини топиши учун беқиёс машаққат чекади. Ўз навбатида, фарзанд ҳам уларга кексайган чоғида ғамхўрлик кўрсатади, ҳар тарафлама қўл­лаб-қувватлайди. Халқимизга хос бўлган ушбу инсоний фазилат миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Инсонийлик ва фарзандлик бурчи бажарилмаганда ана шу қонун талаби ёр­дам беради. Баён этилган воқеа тафсилоти бунинг ёрқин исботидир. Ундан тўғри хулоса чиқариш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ.

Камол НАМОЗОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Гулистон туманлараро

суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: