ЎЙЛАМАЙ БОСИЛГАН ҚАДАМ АЯНЧЛИ ОҚИБАТЛАРГА ОЛИБ КЕЛДИ

Пахтачилик Феруза Мансурова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўғли Шоҳруҳни чуқурлаштирилган тиббий кў­рикдан ўтказиш учун туман марказий поликлиникасига олиб борган чоғида қўл телефонига нотаниш киши қўнғироқ қилади. Фе­руза қўнғироқ қилувчидан кимлигини сў­райди.

— Раимқул акангизман, — дея ўзини таништиради қўн­ғироқ қилувчи. — Патир ёпиб чарчамаяпсизми?

Феруза Раимқул деган таниши йўқ­лиги, патирчи эмаслигини айтиб, суҳ­батга якун ясайди. Аммо орадан чамаси икки соатлар ўтгач, бояги одам яна қўнғироқ қилади. Аёл ундан нима мақсадда қўнғироқ қилаётганини сў­райди.

Шунда нотаниш эркак «Сизни ёқ­тириб қолдим, бирга бў­лайлик» дейди уялмай-нетмай.

— Мен оилалиман, — дея тутақиб кетади Феруза. — Эрига хиёнат қиладиган аёллардан эмасман. Телефон рақамимни кимдан олдингиз?!

— Биламан, — дейди Раимқул. — Эрингиз Россияга ишга кетган, иккимизнинг яқинлигимизни ҳеч ким билмайди. Яхшиси, бирон-бир ошхонада ўтириб, бафуржа гаплашиб олайлик. Ўшанда телефон рақамингизни кимдан олганимни ҳам айтаман.

Феруза кутилмаган бундай очиқ-ошкор сурбетликдан жаҳли чиқиб турганда тасодифан қайинукаси Анвар келиб қолади. Янгасининг ранги-рўйига кўзи тушган Анвар салом-аликни ҳам унутиб, «Тинчликми?» — деб сўрайди.

Аламдан юраги тўлиб турган Феруза Анварга қўшни қишлоқлик Раимқулнинг гапларини оқизмай-томизмай сўзлаб беради. Жаҳл­дан мушти тугилиб, ўзини базур босиб турган Анвар янгасига Раимқулга телефон қилишни, унинг гапларини эшитмоқчи эканини айтади.

Раимқул аёлнинг телефон қўнғироғига жавоб бериш асносида ҳамма саволларга жавоб беради ва уни яна учрашувга таклиф қилади. Ўртада бўлиб ўтаётган суҳбатни Анвар ўзини базўр босганча қаҳр-ғазаб билан тинглайди.

— Ҳа, қўшни қишлоқлик Раимқулни яхши танийман, —дейди Анвар. — У бева, эри хорижга ишга кетган аёлларга кўп илакишади, деб эшитганман. Жағига бир-икки мушт тушириб, сизга умуман гапирмайдиган қи­либ қўя­ман…

Шунда Феруза қайинукасига масалани жанжалсиз ҳал қилиш, Раимқулга ётиғи билан тушунтириб, уни бу йўлдан қайтаришни уқтиради. Бу гап ташқарига чиқиб кетса, шаънига доғ тушиши мумкинлигини эслатади. Анвар бунга рози бўлиб, ака-укалари билан маслаҳатлашишини билдиради.

Кечқурун Ферузанинг укаси Бойбек, қайинукалар Анвар, Алишер ва Бобошер Ферузанинг уйида йиғилишади. Анвар уларга янгасининг қўл телефонига ёзиб олинган Раимқулнинг овозини эшиттириб, қариндошлардан бунга қандай чора кўриш лозимлигини сўрайди.

— Раимқулни алдаб учрашувга чақириб, ушлаб олиш керак, — дейди Бобошер. — Кейин уни участка инспекторига топширишсак бўлади.

— Йўқ, — дея бу таклифга эътироз бил­диради Анвар. —Бундай қилсак, у осонгина қутулиб кетади. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, ўртада янгамнинг «гап-сўз» бўлгани қолади.

— Тўғри, у Мустафоқулнинг хотини билан «юраман», деб гап тарқатиб юборса, ҳаммамиз иснодга қоламиз, — деб фикр билдиради Алишер.

— Унда опам телефон қилиб, Раим­қулни овлоқ жойга чақирсин. Яхшилаб дўп­послаб, кўзини очиб қўямиз. Шу билан Раимқул опамга гап қотмайди, кўрса, узоқроқдан айланиб ўтадиган бўлади — дейди Бойбек.

Укасининг таклифидан сўнг Феруза Мансурова Раимқулга қўнғироқ қилади.

— Мен розиман, — дейди Феруза ёлғондакам. -Кеч соат тўққизларда уйи­миз яқинидаги эски боғча биносига келинг.

— Жуда яхши, ўша ерга боргач, сизга ўзим қўнғироқ қиламан, — дея хушнуд ҳолда жавоб беради Раимқул.

Учрашув муддати яқин қолганида Анвар, Алишер, Бобошер ва Бойбек ўзлари билан белкурак дастаси ва бир до­на аёллар рўмолини олиб, анча йиллардан бери қаровсиз ётган боғча биносига бориб, Раимқулни пойлаб туришади. Бир-икки мушт уриб, Раим­қулни қўрқитиб қўйиш Ферузанинг олдида номигагина айтилган пўписа эди. Аслида эса, ғазабдан кўзлари қонга тўлган бу кимсалар Раимқулни ўлдиришни режалаштиришган эди.

Кўп ўтмай Раимқул Ферузага қўнғироқ қилиб, унинг уйи яқинига келгани ҳақида хабар беради.

— Сиз боғча томонга бораверинг, — дейди Феруза бамайлихотир. — Мен бироздан сўнг ўзим етиб бораман…

Бошида ажал ўткир қиличини ялонғочлаб турганидан мутлақо бехабар Раимқул Асқаров боғча ҳовлисига қадам қўйиши билан калтак остида қолади. ўазаб отига минган тўртовлон уни ўртага олиб, тепкилаган ку­йи белкуракнинг йўғон дастаси билан Раим­қулнинг дуч келган жойига уришади.

Кетма-кет тепки ва калтак зарбидан ерга йиқилади. Худди шу пайтда Бойбек рўмолни эшганча Раимқулни бўйнидан бўғади. Бир неча дақиқадан сўнг оёқ остида топталиб ётган Раим­қул қимирламай қолади.

Шунда Бобошер ариқдан идишда сув келтириб, Раимқулнинг юзига сепиб, уни ҳушига келтирмоқчи бўлди. Афсуски, бу пайтда у ҳаёт билан видолашган эди. Бундан талвасага тушган шериклар энди мурдани нима қилишни маслаҳат қилишади. Узоқ тортишувдан ке­йин мурдани Нарпай каналига ташлаб юборишга келишишади. Шундан сўнг қотиллар Раимқулнинг жасадини автомашинага ортиб, Пахтачи тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Нарпай каналига олиб боришади ва уни сув қаърига отишади.

Содир этилган мудҳиш жиноий қилмиш тез орада фош этилди. Р. Асқаровни шафқатсизларча ўлдирган қотиллар тергов ва суд жараёнида айб­ларини тўлиқ тан олишди. Суд судланувчиларни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж», «п» бандлари ва 267-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жи­ноят­ларни қасддан содир этганликда айбдор деб топди.

Судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда уларнинг жиноий қилмишни содир этишдаги иштирокчилик даражаси ҳи­собга олинди. Суд ҳукмига асосан Бойбек Норқўзиев ўн саккиз йил олти ой, Анвар Асадов ўн олти йил, Алишер Асадов ўн беш йил уч ой, Бобошер Асадов ўн уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Шу тариқа ҳали қирқ ёшга тўлмаган навқирон йигитлар ўзларининг озод, эмин-эркин яшаш ҳуқуқини йўққа чиқаришди. Агар ақлни устун қў­йиб, муроса-ю мадора билан иш тутганларида улар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиб, айни куч-қувватга тўлиб-тошган даврини совуқ темир панжара ортида ўтказишмас эди.

Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоиз: «Қарс» ик­ки қўлдан чиққа­ни каби аянчли ўлим топишида Р.Ас­қа­ровнинг ҳам айби бор. Чунки шаҳват қулига айланган бандаларни фаҳш ботқоғи ўзига тортиб, умрига зомин бўлади. Зеро, зино ва фаҳшга қадам босишгина эмас, у ҳақда кўнгилдан кечиришнинг ўзи ҳам оғир гуноҳ. Муқаддас Ислом динида бу ҳақда шундай дейилган: «Ҳар кимнинг кўнглида шаҳват кўп бўлса, уни лаънат кафанига ўрагайлар ва надомат тупроғига дафн қилгайлар. Ҳар ким шаҳват нафсини ўлдирса, уни раҳмат кафанига ўраб, саломат тупроғига дафн айлагайлар».

Баён этилган воқеалар бу ҳақиқатни тўлиқ исботлайди.

Жамшид БОТИРОВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: