КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ СУДЛАР ОЛДИДАГИ АСОСИЙ ВАЗИФАДИР
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий замини яратилди. Натижада бу соҳада қонун устуворлиги таъминланиб, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги тобора ортмоқда.
Президентимизнинг яқинда қабул қилинган «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур қарорга мувофиқ, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи тақдим этилди. Айниқса, бундай талабларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлар ўтказилиши айни муддао бўлди.
Амалдаги қонун ҳужжатлари талабига кўра, давлат бошқаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судларда кўрилади.
Худди шундай қарорлар, ҳаракат ё ҳаракатсизликлар оқибатида етказилган зарарларни ундиришга доир ишлар эса, тааллуқлигига кўра, фуқаролик ёки иқтисодий судларда кўрилиши белгиланган.
Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, туман давлат солиқ инспекциясининг 2020 йил 29 июндаги қарорига асосан, қарздор «EEPL» компаниясидан (номи ўзгартирилган) 2 006 204 306 сўм миқдорида солиқ қарзини ундириш белгиланган. Ушбу қарор ижро учун Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимига юборилган.
Мазкур қарор ижроси юзасидан Мажбурий ижро бюроси 2020 йил 10 июлда ижро иши юритиш тўғрисида қарор қабул қилиб, компанияга қарздорликни ихтиёрий тўлаш учун 5 кунлик муддат белгиланган.
Аммо компания қарор ижросини ихтиёрий тарзда бажармаган. Шу сабабли Мажбурий ижро бюроси томонидан 2020 йил 16 июлдаги ижро йиғимини ундириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, компания ҳисобидан ижро йиғими ундириб олинган.
Бундан норози бўлган компания маъмурий судга мурожаат этган.
Маъмурий суд 2020 йил 21 августда Мажбурий ижро бюросининг компаниядан ижро йиғимини ундириш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ва асоссиз ундирилган маблағни қайтариш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган. Бироқ суднинг ушбу қарори Мажбурий ижро бюроси томонидан эътиборсиз қолдирилган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил компания манфаатини кўзлаб, иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Бунда Мажбурий ижро бюроси ҳамда ўазначилик бошқармасидан компанияга етказилган 420 124 086,12 сўм миқдоридаги зарарни ундириб бериш сўралган.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 73-моддасига мувофиқ, фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.
Шу боис Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 13 августдаги қарорига асосан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган.
Ушбу мисолдан кўриш мумкинки, ўзаро боғлиқ бўлган талаб бўйича шахс ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида иккита судга икки маротаба мурожаат қилишига тўғри келган. Ҳолбуки, ушбу низони бевосита маъмурий суднинг ўзида ҳал қилиш мумкин эди.
Бундан ташқари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, иқтисодий судлар томонидан чиқарилган ижро ҳужжатлари бўйича давлат ижрочисининг қарори устидан иқтисодий судга мурожаат қилиш тартиби мавжуд. Бу тартиб «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 86-1-моддасида белгиланган.
Шунингдек, ушбу қонуннинг 88-моддасига асосан, давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги устидан маъмурий судга мурожаат қилиш мумкин. Қонунчиликда бу тахлит мурожаат қилиш тартибларининг мавжудлиги бу борада ҳам айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Жумладан, иқтисодий суднинг ижро ҳужжатига асосан давлат ижрочиси томонидан қўйилган «инкассо» топшириқномасини ижро этиш мумкин эмас, деб топиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш масаласида судлар ўртасида ягона ёндашув мавжуд эмас.
Бу ўринда, бир томондан, «инкассо» топшириқномаси иқтисодий суднинг ижро ҳужжатига асосан қўйилганига эътибор берган ҳолда, мазкур тоифадаги ишлар иқтисодий суд томонидан ҳал қилиниши лозимлиги ҳақида тўхтамга келингани мақбул, деган фикрдамиз.
Бошқа томондан, давлат ижрочиси тадбиркорлик субъектининг ҳисоб рақамига «инкассо» топшириқномасини қўйиши — бу маъмурий орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати, деганидир. Шу маънода, мазкур тоифадаги ишлар маъмурий суд томонидан ҳал қилиниши зарурлиги тўғрисидаги қарашлар ҳам эътиборга молик. Демак, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш зарур.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг янги қарори суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, халқимизни давлатдан рози қилишга қаратилган.
Мақсуд САИДОВ,
Тошкент шаҳар суди
раиси ўринбосари
Фикр қолдириш