МЕДИАЦИЯ ИНСТИТУТИ ОРТИҚЧА ХАРАЖАТ ВА ОВОРАГАРЧИЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ
Тараққиёт ўзининг энг юқори чўққисига интилгани сари ҳуқуқ ҳам замонга ҳамнафас равишда мукаммалликка эришиб бормоқда. Ҳуқуқ ўзининг бу даражадаги мақомига замонлар оша босиб ўтилган оғир синовлар орқали етиб келди.
Бугунги замонавий дунёда ҳуқуқнинг нозик жиҳатларига ҳам эътибор қаратилмоқдаки, бу инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида баҳолашга, қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликларнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳуқуқ институтлари, хусусан, медиация институти ва ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти кенг қўлланилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 17 июнда қабул қилинган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.
Шу асосда Иқтисодий процессуал ва Фуқаролик процессуал кодексларга “медиация” атамаси киритилди. Ушбу кодексларга мувофиқ, ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш ёки низони ҳал этишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлаши ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши, шунингдек, ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси сифатида баҳоланади.
Айтиш керакки, “медиация” – замонавий ҳуқуқий тушунчалардандир. Ушбу институт XX асрнинг иккинчи ярмида АҚШ, Австралия ва Буюк Британия каби давлатлар ҳуқуқ тизимида ривожлана бошлаган.
Медиация институти бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида, жумладан, Германия, Австрия, Япония, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларда ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
Хўш, аслида медиация ўзи нима?
Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.
Медиатор эса, медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланади.
Мамлакатимизда мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Медиация тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади. Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд маслаҳатхонага киргунига қадар қўлланиши мумкин.
Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳам, ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар ҳам қўлланиши мумкин.
Медиацияда иштирок этганлик факти айбни тан олиш далили бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
Медиация институтини қўллашнинг кафолати сифатида қонунда назарда тутилган ҳолларда, ваколатли давлат органи ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлаши мумкин ва медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади. Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда даъво муддатининг ўтиши тўхтатиб турилади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.
Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.
Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда, тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли.
Медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу битимнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин.
Бу институтнинг амалдаги татбиғига мисол келтирамиз. Биргина Зарафшон туманлараро иқтисодий судида 2021-2022 йилларда 13 миллиард 353 миллион сўмлик 16 та даъво аризаси бўйича медиатив келишувга эришилган.
Бунинг натижасида тарафларнинг 267 миллион сўм маблағи тежаб қолинган. Ушбу маблағларни эгалари томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун сарфлаш имкони юзага келган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, низолашаётган тарафларнинг медиатив келишув тузишга эришишлари уларнинг келгусидаги манфаатли ҳамкорлигининг давом этишига хизмат қилади. Бу институт, шунингдек, мавжуд низони низосиз ҳал қилиш, турли оворагарчиликларнинг олдини олиш ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ давлат божидан озод бўлиш борасидаги муҳим ва зарур воситадир.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш