ҲАЛ ЭТИЛГАН НИЗО ЁХУД ШАРТНОМА ШАРТЛАРИ ИЖРОСИ

Ҳаётда ҳар бир нарсанинг тартиб-таомили бўлгани каби пеня ундиришнинг ҳам муайян талаблари мавжуд. Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, қайси ҳолатларда айбдордан пеня ундирилади? Қолаверса, кафиллик шартномаси билан боғлиқ муносабатларда қарздор ўз мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда, кредитор кафил ҳисобидан пеняни сўзсиз (акцептсиз) равишда ундириб олиши мум­кинми? Ушбу саволларга суд амалиётини таҳлил қилиш орқали жавоб топиш мумкин.

Савдо-саноат палатаси Сир­­дарё вилояти бошқармаси «Оқолтин дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти манфаатини кўзлаб, «Агробанк»нинг Сирдарё вилояти бош­қар­ма­си ҳисобидан 1 798 159 619 сўм зарар ва 216 296 262 сўм жарима ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритган.

Иш ҳужжатларига кўра, банк ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари ўртасида 2020 йилда бир нечта кредит шарт­номалари имзоланган.

Шартнома шартларига кў­ра, банк фермер хўжаликларига «Ғалла — 2020 йил» ҳосилини иккинчи озиқлантириш мақсадида минерал ўғитлар сотиб олиш учун йиллик 28 фоиз устама тўлаш шарти билан келишилган миқдорда кредит бериш, фермер хўжаликлари эса, кредит ва унга ҳисобланган фоизларни белгиланган тартиб ҳамда муддатда қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Банк фермер хўжаликларига келишилган миқдордаги кредит маблағини ажратиб берган. Бироқ фермер хўжаликлари муддати ўтган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида тўламаган. Натижада қарздорлик юзага кел­ган.

Шу ўринда айтиш жоизки, кредит маблағлари қайтарилишининг таъминоти сифатида банк, фермер хўжаликлари ҳамда Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси ўртасида кредит шартномалари расмийлаштирилган саналарда кафиллик шартномалари ҳам имзоланган.

Кафиллик шартномалари шартларига асосан Савдо-саноат палатаси Сирдарё ви­лоя­ти бошқармаси қарз олувчилар кафиллик билан таъминланган мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда банк талабларига биноан кредит бўйича тў­лов ва фоизларни қарз олувчиларнинг кредит шартномасидаги мажбуриятида белгиланган муддат ва миқдорда банкка тўлаш ҳамда банк олдида «қарз олувчи» сифатида тў­лиқ ҳажмда жавоб бериш мажбуриятини олган.

Фермер хўжаликлари томонидан кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилмагани, кредит ва унга ҳисобланган фоизлар келишилган муддатда тў­ланмагани сабабли банк Савдо-саноат палатаси Сирдарё ви­лоя­ти бошқармасининг ҳи­соб-рақамига тўлов талабномалари қўйган ва бир миллиард 798 мил­лион 159 минг 619 сўм­ни фермер хўжаликларининг кредит бўйича қарздорликларини қоплаш мақсадида ечиб олган.

Шундан сўнг Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бош­қармаси банк томонидан бошқармага 1 798 159 619 сўм­лик зарар етказилган, деган хулосага келиб, судга мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қи­­­лув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, банк ҳисобидан даъвогар фойдасига 1 079 753 108 сўм асосий қарз, 120 000 000 сўм жарима ҳамда 19 600 сўм почта харажатини ундириш, даъвонинг қолган қисмини қа­ноатлантиришни рад этиш белгиланган.

Суднинг ушбу ҳал қилув қа­роридан норози бўлган банк судга апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Сирдарё вилояти суди иқ­тисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция шикоятини қис­ман қаноатлантириш, биринчи инс­танция судининг ҳал қи­лув қарорини бекор қи­лиш ва банк ҳисобидан «Оқ­олтин дон маҳсулотлари» корхонаси фойдасига 5 миллион 623 минг 203 сўм зарар, 5 миллион 623 минг 203 сўм жарима ҳамда 19 600 сўм почта харажатини ундириш, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилган.

Апелляция инстанцияси бундай хулосага келишда бир қатор қонуний талабларга асосланган. Хусусан, биринчи инс­танция суди банк томонидан Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳи­собидан тўлов талабномалари асосида ундириб олинган маблағ таркибида кредит ва унга ҳисобланган фоизлардан ташқари тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳам мавжудлигига эътибор қаратмаган.

Ишни апелляция инстан­ция­сида кў­риш жараёнида аниқланган ҳолатга кўра, банк Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳи­соб-рақамидан 5 623 203 сўм пеняни асоссиз ра­вишда ундириб олган.

Ҳолбуки, та­раф­лар ўртасидаги кафиллик шарт­нома­ла­рида банк­нинг фермер хўжаликлари кредит ва унга ҳисобланган тўловларни кечиктирганлик учун даъвогардан тўлов талабномалари орқа­ли сўзсиз (акцептсиз) равишда пеня ундириб олиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгар устав капиталининг 0,01 фоизи миқдорида, яъ­ни 216 миллион 296 минг 262 сўм жари­ма ундириш тўғрисидаги даъ­во талаби бўйича қа­рор қа­­бул қилишда ҳам ха­толикка йўл қўйган. Аниқроқ айтганда, Савдо-саноат палатаси Сирдарё ви­лоя­ти бош­қармасининг банк­ка нисбатан Марказий банк томонидан 2018 йил 16 майда 78-5 рақам билан рўй­хатга олинган жавобгар уставига киритилган ўзгартиришнинг 18-бандида кўрсатиб ўтилган устав капитали миқдори — 2 162 962 627 920 сўмнинг 0,01 фоизи, яъ­ни 216 296 262 сўм жарима ун­ди­ришга оид даъво талабини асосли деб ҳисоблаб, амалдаги Фуқаролик кодексининг 326-моддаси асосида жарима суммасини 120 000 000 сўмга камайтириш ҳақида нотўғри тўх­тамга келган.

Аслида «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қо­нун­нинг 13-моддаси би­­­­ринчи қисмига кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори юз миллиард сўмни ташкил этиши ло­зим. Бинобарин, судлов ҳайъати банкнинг Савдо-саноат палатаси Сирдарё ви­лоя­ти бошқармасидан 5 миллион 623 минг 203 сўмлик пеняни асоссиз равишда ундириб олгани сабабли Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси манфаатларига ушбу миқдорда зарар ет­­казилган, деб ҳисоблаган.

Шу боис судлов ҳайъати банк ҳисобидан 5 623 203 сўм­лик зарар ҳамда Фуқаролик ко­дексининг 326-моддаси талабларига таянган ҳолда жарима миқдорини зарар миқдорига мутаносиб равишда 5 623 203 сўмга камайтиришни лозим топган.

Бундан норози бўлган Савдо-саноат па­латаси Сирдарё вилоя­ти бошқармаси кассация ши­коя­ти билан юқори суд инс­танциясига мурожаат қил­ди. Олий су­ди­нинг иқтисодий ишлар бў­йи­ча судлов ҳайъати ушбу кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этиш ҳамда апелляция инстанцияси қарорини ўз­гаришсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ка­филлик шартномасида қарздор кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада ба­жармаганда, кафилдан пеня ундириб олиш ҳа­қидаги келишув бўл­маган тақдирда, банк қарздорнинг кредит ва унга ҳисобланган тўловларни кечиктирганлик учун кафил ҳисобидан пен­яни сўз­сиз (акцептсиз) равишда ун­дириб олиши мумкин эмас. Ушбу қо­нун талаби барча тарафларга бирдек тааллуқли бў­либ, унга амал қилмаслик қонунбузар­лик ҳи­собланади.

Элёр Соибназаров,

Сирдарё вилояти

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: