АЛДАШ – ГУНОҲ
Таҳлиллар сўнгги йилларда фуқаролар ўртасида фирибгарлик ҳолатлари кўпайганини кўрсатмоқда. Аслида бировни алдаш гуноҳ.Қонун нуқтаи назаридан қараганда эса жиноят ҳисобланади. Яқинда судда шундай иш кўриб чиқилди.
Эндигина 30 ёшга кирган Ж. Тўраев фирибгарликни “касб” қилди. У ўзини тадбиркор деб кўрсатиб, одамларни чув туширишни одат қилди. Суднинг ҳукми билан унга бир неча марта синов муддати берилган. Сўнг эса озодликдан маҳрум этилган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармади. Ж. Тўраев ўтган йилнинг 15 февралида Яккасарой туманида жойлашган кафеларнинг бирида фуқаро Б. Халиловга “Спарк” русумли автомашинани бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиб беришни ваъда қилади. Бироқ у ваъдасини бажармаган. Пулларни эса ўзининг эҳтиёжига сарфлаб юборган.
Шу ўринда жабрланувчининг суддаги кўрсатмасини келтирсак:
– Кафеда официант бўлиб ишлардим. 2022 йилнинг январь ойларида кафега бир мижоз келди. У билан бир неча марта суҳбатлашдим. Ж. Тўраев ўзини машина олди-сотдиси билан шуғулланадиган тадбиркор сифатида таништирди. Февраль ойининг бошларида мен унга машина сотиб олиш учун пул йиғиб юрганимни айтдим. Шунда у “сизга ёрдам қиламан, хоҳласангиз “Спарк” олиб бераман”, дея 1 000 АҚШ доллари олди. Мени ишонтириш учун паспортимнинг нусхасига 1 000 АҚШ доллар олганлиги ҳақида тилхат ёзиб берди. Ўзаро келишувимизга биноан мен ҳар ойда 300 доллардан бериб туришим керак эди. Хуллас, 10 000 АҚШ доллари берганимдан кейин “Спарк”ни менинг номимга ўтказиб бериши керак эди. Бироқ у ваъдасини бажармади. “Бугун-эрта”, дея алдади. Орадан бироз вақт ўтиб, телефон аппаратини ҳам ўчириб қўйди. Шундан кейин пулларни қайтариб олиш мақсадида ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилдим. Бугунги кунда Ж. Тўраевнинг оила аъзолари томонидан моддий зарар қопланган. Шу сабабли Ж. Тўраевга нисбатан ҳеч қандай даъвойим йўқ.
Суд Ж. Тўраевга жазо белгилашда барча жиҳатларни эътиборга олди.
Унга Жиноят кодексининг тегишли моддаси тартибида Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2022 йил 13 декабрдаги ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 9 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Алишер ЖАЛИЛОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман судининг раиси
Фикр қолдириш