УНДИРИЛГАН ИШ ҲАҚИ: СУД ХОДИМЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛДИ
Меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, меҳнат шартномаси шартларига ўзгартириш киритиш, интизомий жазоларнинг тўғри қўлланилиши, меҳнат шартномасини бекор қилиш, ишдан бўшатиш ва бошқа турдаги қонуний талабларга риоя этилмагани оқибатида меҳнат низолари юзага келади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда у билан иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши лозим. Хусусан, Меҳнат кодексининг 110-моддасига асосан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда ходимга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ёки у ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.
Бундан ташқари Меҳнат кодексининг 154-моддасига мувофиқ иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни қонунда кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт. Меҳнат шартномасининг тарафлари келишуви билан белгиланган меҳнат ҳақи миқдори жамоа шартномаси ёки келишувида кўрсатилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.
Бироқ Жиззах шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги қарорига асосан Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги давлат унитар корхонаси директори лавозимига тайинланган Хайрулла Алиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва ҳисобчи лавозимига ишга қабул қилинган Комил Шароповга нисбатан ушбу қонун талаблари амал қилмади.
Гап шундаки, Жиззах вилояти ҳокимининг 2020 йил январдаги қарорига мувофиқ вилоятдаги барча давлат унитар корхоналари тугатилиб, уларнинг ўрнида Жиззах вилояти давлат муассасаси ташкил этилган. Тугатилган корхоналарга оператив бошқариш ҳуқуқи билан тегишли бўлган мулклар, асосий воситалар, шунингдек, товар-моддий бойликларини белгиланган тартибда ҳуқуқий ворис сифатида Жиззах вилояти давлат муассасаси тасарруфига ўтказиш белгиланган. Бундан ташқари тугатилган корхоналар ходимларига компенсация тўловларини ҳисоблаш ва тўлаш мажбурияти ҳам янги муассаса зиммасига юклатилган.
Шундай бўлса-да, янги муассаса Хайрулла Алиев ва Комил Шаропов билан тегишли тартибда ҳисоб-китоб қилмаган. Шу боис улар иш ҳақини ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилишган.
Судда мазкур низо кўрилиш вақтида даъвогарларнинг 48 350 030 сўмлик иш ҳақи, якуний ҳисоб-китоб ва компенсация пуллари тўланмагани аниқланди.
Суд қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризасини қаноатлантирди.
Бироқ биринчи босқич судининг ҳал қилув қароридан норози бўлган Жиззах вилояти давлат муассаси апелляция шикояти билан юқори инстанция судига мурожаат қилган.
Жиззах вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ажримига асосан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Чунки Жиззах вилояти давлат муассаси ходимларнинг иш ҳақини қонунга зид равишда тўлаб бермаган.
Шу тарзда суд ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклади ва уларнинг ҳақини ундириб берди.
Собир Набиев,
Жиззах вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш