ХОДИМНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА ТИКЛАНДИ
Маълумки, Бош қомусимизнинг 44-моддасида «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади», дея қайд этилган.
Фарғоналик Барно Фозилова ҳам (исм-шарифлар ўзгартирилган), ўзининг ана шу конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, Фарғона вилоят судига мурожаат қилди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Б. Фозилова қандай муаммога дуч келдики, судга мурожаат қилишга мажбур бўлди?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, Барно Фозилова 2000 йилдан буён юртимизнинг нуфузли молия муассасаларидан бири — «Асакабанк» акциядорлик жамиятининг Фарғона вилоят филиалида фаолият юритиб келаётганди. Ўтган 22 йил мобайнида у касса амалиётлари бўлими кассири, кечки касса кассири каби турли вазифаларда меҳнат қилди. Аммо шунча йилдан сўнг ноҳақликка дуч келди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 30 октябрда банк бошқарувининг «Асака» банкнинг оптимизацияси ва меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинган. Унда банк бош офиси ва филиалларининг штат жадвали тасдиқланиши ҳамда 2021 йил 16 январдан амалга татбиқ қилиниши, ходимларни огоҳлантириш, вакант лавозимлар рўйхатини шакллантириш ва лавозими қисқартирилаётган ходимларни бўш лавозимга ишга жойлаштириш белгиланган.
Мазкур ҳужжатнинг 10-бандида «Асакабанк» акциядорлик жамиятининг филиаллари ходимлари билан аниқ мажбуриятларни белгилаган ҳолда муддатли меҳнат шартномаларини тузиш амалиётини жорий этиш қайд этилган.
Мазкур буйруққа асосан 2020 йил 25 ноябрда «Асакабанк» акциядорлик жамияти Фарғона вилоят филиали томонидан Барно Фозиловага меҳнат шартномаси бекор қилиниши юзасидан огоҳлантириш хати берилади. Шу билан бирга, унга жисмоний шахсларга амалий хизмат кўрсатиш бўлими етакчи мутахассиси лавозимига муайян муддатга тузиладиган меҳнат шартномаси ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари асосида янги иш таклиф қилинади.
Таклиф хатида ходимга тузиладиган меҳнат шартномаси 2021 йил 31 декабргача амал қилиши тушунтирилади. Албатта, Б. Фозилова айни таклифга розилик билдирган.
Бинобарин, 2020 йил 25 ноябрда у билан банк филиали ўртасида меҳнат шартномаси тузилади. Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача этиб белгиланади. Бироқ…
Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, яъни 2022 йил 5 январда банк филиалининг буйруғига биноан Барно Фозилова билан тузилган меҳнат шартномаси муддати тугаганлиги сабабли бекор қилинади. Табиийки, бундан ходим изтиробга тушади. Негаки, аёл бошқа лавозимга ўтказилгач, қадрдон меҳнат жамоаси билан ишини давом эттиришидан кўнгли тўлиб, хотиржам бўлганди.
Шундан сўнг Б. Фозилова фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Асакабанк» акциядорлик жамияти Фарғона вилоят филиалининг 2022 йил 5 январдаги буйруғини бекор қилишни ҳамда мажбурий поргул кунлари учун иш ҳақи ва етказилган маънавий зарарни ундириб беришни сўрайди.
Аммо суд ўзининг 2022 йил 14 мартдаги ҳал қилув қарори билан унинг даъвосини рад этади.
Бунга Барно Фозилованинг муддатли меҳнат шартномаси тузилишига розилик берганлиги, меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришларни ўзи имзолаганлиги, даъво муддатини узрли сабабларсиз ўтказиб юборганлиги, буйруқни қабул қилишда қонун талаблари бузилмаганлиги асос қилиб келтирилган. Аммо даъвогар суд қароридан норози бўлиб, апелляция инстанциясига мурожаат қилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини асосли деб топмади.
Чунки Меҳнат кодексининг 270-моддасига мувофиқ, ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддатда суд ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш мумкин. Шу маънода, Барно Фозилова ўзининг даъво аризасини 2022 йилнинг 4 февраль куни судга топширган. Яъни ходим даъво муддатини ўтказиб юбормаган.
Меҳнат кодексининг 105-моддасида муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилиниши, агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланиши белгиланган.
Ушбу қонун талабига кўра, 2020 йил 25 ноябрда Б. Фозилова билан банк филиали ўртасида тузилган меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилган ҳисобланади. Шундай экан, жавобгарнинг 2022 йил 5 январдаги буйруғини қонуний деб бўлмайди.
Бундан ташқари апелляция инстанцияси меҳнат шартномасини бекор қилишда қонун талаблари бузилгани, Барно Фозилованинг банк филиалида 20 йилдан ортиқ меҳнат қилгани, ёлғиз она экани ва икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини қонуний ва асосли деб топмади.
Бинобарин, Фарғона вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2022 йил 14 мартдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юзасидан янги ҳал қилув қарори қабул қилди.
Аниқроғи, «Асакабанк» акциядорлик жамияти Фарғона вилояти филиалининг 2022 йил 5 январдаги буйруғини ғайриқонуний деб топиб, бекор қилди. Барно Фозиловани банк филиалининг жисмоний шахсларга амалий хизмат кўрсатиш бўлими етакчи мутахассиси лавозимига ёхуд шунга тенг лавозимга ишга тиклаш, унинг мажбурий прогул кунлари учун жавобгардан 21 914 216 сўм иш ҳақи ҳамда 5 000 000 сўм маънавий зарар ундириш хусусида ажрим чиқарди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали қонун устуворлигини таъминлаш судлар зиммасидаги энг муҳим вазифа, уларнинг фаолиятини баҳолашда бош мезон саналади. Бу, ўз навбатида, ҳамюртларимизнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Фозилжон ҲОТАМҚУЛОВ,
Фарғона вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш