ОЛИЙ СУД МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ “QALAMPIR.UZ МУХБИРИ СУД МАЖЛИСИГА КИРИТИЛМАДИ. ПРЕЗИДЕНТ ГАПИ ЕРДА ҚОЛДИМИ?” МАТЕРИАЛИ ЮЗАСИДАН РАСМИЙ БАЁНОТИ
Маълум бўлишича, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари ва бошқа моддалари билан айб эълон қилиниб судга берилган бир гуруҳ судланувчиларга оид жиноят ишини биринчи инстанция судида кўриб чиқиш бўйича судья Х. Шермухамедов раислигида навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 22 январь куни соат 11:00 га жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди биносига тайинланган.
Бундан ташкари жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 23 сентябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари ва бошқа моддалари билан судланган бир гуруҳ шахсларга оид жиноят иши ҳам апелляция инстанция судида кўриб чиқиш бўйича судья Р. Мадумаров раислигида навбатдаги суд мажлиси ҳам шу куни соат 11:00 га жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди биносига тайинланган.
Шу куни соат 11:30 ларда “Qalampir.uz” мухбири Зафарбек Солижонов апелляция инстанциясида котиблик қилаётган суд ходимига мурожаат қилиб, ушбу суд мажлисида қатнашиши ва суд процессини видео тасвирга олишлигини маълум килган. Судья катта ёрдамчиси эса, апелляция суд жараёнини видео тасвирга олиш учун Жиноят-процессуал кодекси талабига кўра, аввал раислик қилувчига илтимоснома билан мурожаат қилиш лозимлиги, агар раислик қилувчи рухсат берса, суд жараёнини видео тасвирга олиши мумкинлигини тушунтирган. Аммо “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов суд ходимининг тушунтиришига қулоқ солмай, судга ташриф буюрган бошқа фуқаролар олдида, суд процессини видео тасвирга олиш учун унга ҳеч ким тўсқинлик қилишга ҳаққи йўқлигини, Жиноят-процессуал кодекси қонундан устун эмаслигини, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида журналистлар хоҳлаган жойга кириб, видеорепортаж тайёрлашга ҳақли эканлигини, буни 500 минг сўмдан баҳс боғлаши эвазига исботлаб бера олишини айтган. Шунда суд ходими унга баҳс боғламоқчи эмаслигини, фақат кодекс талабини тушунтираётганини таъкидлаган. Шундан сўнг “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов ўзининг мобил қўл телефонига суд ходимини видео тасвирга олган ва “сени бугуннинг ўзидаёқ “Озодлик”ка чиқариб юбораман!” – дея таҳдид қилган.
Бу вақтда биринчи инстанция судида иш кўраётган судья Х. Шермухамедовнинг ёрдамчиси судга келган тарафлар ва иштирокчиларга суд мажлиси бошланиш арафасида эканини, шунинг учун тезроқ суд мажлиси залига кириш зарурлигини маълум қилган.
Шу орада “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов суд мажлиси зали жойлашган суд биносининг 1-қаватига бир неча маротаба кириб чиққан (кузатув камералари ёзиб олган видеотасвирлар мавжуд).
Бундан кўринадики, “Qalampir.uz” мухбири З. Солижоновни очиқ суд мажлиси залига бошқа фуқаролар каби кириб ўтиришига имкони бўлган ва унга ҳеч ким тўсқинлик қилмаган.
Аммо “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов биринчи инстанция суди бошланаётган суд мажлиси залига кирмасдан, у апелляция инстанция судида кўрилаётган иш бўйича суд ходими билан баҳслашишни давом эттирган. Таажубланарли томони шундаки, З. Солижонов суд ходимига айнан қайси суд мажлисига келганини аниқ айтмасдан, фақатгина “металл” билан боғлиқ бўлган жиноят иши бўйича келганлиги ҳақида мурожаат қилган (шу куни биринчи ва апелляция инстанцияларида кўрилаётган ҳар иккала жиноят ишлари ҳам “Ўзметкомбинат” билан боғлиқ ишлар бўлган).
Мухбир суд ходими билан гап талашаётган пайтда судья Х. Шермухамедов биринчи инстанция судида кўраётган жиноят иши бўйича суд терговини бошлаб юборган эди.
Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) га мувофиқ, барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилади, суд мажлиси залида тартибни сақлаб туриш зарур бўлган ҳолларда, суд айрим шахсларнинг суднинг очиқ мажлисларида ҳозир бўлишини тақиқлашга ҳақли.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 408-моддаси (суд мажлисида раислик қилувчи) га мувофиқ, раислик қилувчи суд мажлисига раҳбарлик қилади, ишнинг барча ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириш ҳамда ҳақиқатни аниқлаш учун ушбу Кодексда назарда тутилган ҳамма чораларни кўради, кўрилаётган ишга алоқаси бўлмаган ҳолатларни суд муҳокамасига киритмайди. Раислик қилувчи суд мажлиси залида тартибга риоя қилинишини таъминлайди. Унинг фармойишлари тарафлар ва барча ҳозир бўлганлар учун мажбурийдир.
Тарафлардан ёки бошқа шахслардан бирортаси раислик қилувчининг ҳаракатларига эътироз билдирган тақдирда бу эътирозлар суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади.
Бундан ташқари Жиноят-процессуал кодексининг 424-моддаси (суд мажлисининг тартиби) га асосан, суд процессининг барча иштирокчилари, шунингдек, суд залида ҳозир бўлган барча шахслар раислик қилувчининг суд мажлисида белгиланган тартибга риоя қилиш тўғрисидаги фармойишларини сўзсиз бажариши лозим.
2020 йил 22 январь куни “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов суд мажлисига раислик қилувчи судья Х. Шермухамедовга жиноят ишида журналист ёки оддий иштирокчи сифатида иштирок этиш ҳақида мурожаат қилмаган. Унинг ушбу жиноят ишида иштирок этиши учун келганидан суд мажлисида раислик қилувчининг мутлақо хабари бўлмаган. Чунки ушбу иш бўйича илгари бўлиб ўтган суд мажлисларига “Qalampir.uz” мухбири З. Солижоновни кириб ўтиришига суд мажлисига раислик қилувчи судья Х.Шермухамедов томонидан ҳеч қандай эътироз бўлмаган ва у икки маротаба суд мажлисида иштирок этган.
Шундан сўнг судья катта ёрдамчиси ва бошқа ходимлар томонидан вазиятга аниқлик киритилганида, “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов апелляция инстанцияси судида кўрилаётган жиноят иши бўйича эмас, аксинча, биринчи босқичда судья Х. Шермухамедовнинг раислигида кўрилаётган жиноят иши бўйича келгани маълум бўлган.
Шундан сўнг тахминан соат 12:00 ларда “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов биринчи инстанция судида жиноят иши кўрилаётган суд зали эшигини очиб, ичкарига кирмоқчи бўлади.
Суд залида ўз хизмат вазифасини бажараётган конвой соқчиси (ички ишлар органи ходими) суд зали эшигини очган шахс, яъни “Qalampir.uz” мухбири З. Солижоновдан ким эканлигини сўрайди ва раислик этувчига суд мажлисига журналист келганини маълум қилади. Шунда суд мажлисига раислик қилувчи юқорида қайд этилган қонун талабларидан келиб чиқиб, суд мажлиси бошланиб бўлгани, судга ташриф буюрувчилар суд мажлиси бошлангунига қадар суд залида ҳозир бўлиши лозимлиги, суд терговини тўхтатмаслик ҳамда суд мажлиси залида тартибни сақлаб туриш учун суд мажлисида танаффус эълон қилингунига қадар кечикиб келган бошқа шахслар суд мажлиси залига киритилмаслиги ҳақида оғзаки фармойиш берган. Суд мажлисига раислик қилувчининг ушбу ҳаракатига нисбатан суд мажлиси иштирокчилари томонидан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмаган.
Шу куни суд мажлисидан кейин ҳам “Qalampir.uz” мухбири З. Солижонов ёки бошқа шахслар бу масала юзасидан шахсан суд мажлисига раислик қилувчига мурожаат қилишмаган.
Юқорида қайд этилганларидан кўринадики, “Qalampir.uz” мухбирининг “судга иштирок этишга руҳсат берилмади” деган даъвоси мутлақо асоссиз.
Мухбирнинг суд мажлиси давом этаётган пайтда унда иштирок этишга уриниши қонун талабига зид. Раислик қилувчи суд мажлисини қонун талабига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга масъул шахс ҳисобланади.
Шундай экан, қонун талабига қатъий риоя этиш суд мажлисига раислик қилувчи ҳам, иштирокчилар ҳам бирдек мажбурдир.
Бугун судларнинг эшиги барча учун очиқ бир пайтда “Qalampir.uz” сайти мухбири асоссиз равишда ёлғон хабар билан жамоатчилик фикрини чалғитишга уриниши суд ва судьяларнинг обрў-эътиборини атай тўкишга қаратилган уринишдан бошқа нарса эмас.
Шундай экан, “Qalampir.uz” сайти мутасаддилари рўй берган ҳолатни қонун нуқтаи назаридан холис баҳолаб, ўзларининг адолатли хулосаларини билдиради, деган умиддамиз.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш