ЗАНГИОТА ТУМАНИ СУДЛАРИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда жиноят ишлари бўйича Зангиота туман ва Зангиота туман маъмурий судларининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов, Судьялар олий кенгаши раиси У. Мингбоев, вилоят ва туман сектор раҳбарлари, судлари раислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда судлар мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар илгари жазоловчи сифатида қаралган органни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, нуфузини, одамларнинг судларга нисбатан ишончини оширишда Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Жорий йилда 42 та судлар учун 18 та янги бино қуриш, 8 та суд учун эса 6 та бинони реконструкция қилиш режалаштирилган, – дейди Олий суд раиси К. Комилов. – Айни пайтга қадар шундан 16 та туман судлари учун 7 та янги бино қурилиб, 6 та бино реконструкция қилинди. Шунингдек, йил якунига қадар 13 миллиард сўмлик фонд маблағлари ҳисобидан 140 та суд биноси капитал таъмирланади.

Замонавий ва миллий меъморчилигимизни уйғунлаштирувчи 2 қаватдан иборат муҳташам Зангиота тумани суди биносида барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, бинога мамлакатимизда биринчилардан бўлиб электрон табло ўрнатилган. Электрон қурилма орқали фуқаролар суд томонидан чиқарилган якуний суд ҳужжатлари билан танишиш, улардан нусха олиши мумкин. Шунингдек, мазкур қурилма судларга электрон мурожаат қилиш, суд жараёни ҳақида маълумот олиш, жараённи онлайн- кузатиш каби қулайликларни яратади. Бу судлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, одамларнинг вақтини тежашга хизмат қилади.

Бинода шунингдек, замонавий талабларга мувофиқ келувчи суд заллари, маслаҳатхона, адвокат ва прокурорлар учун хона, бинога келувчилар учун кутубхона ва кутиш зали ўрин олган. Суд жамғармасининг қўшимча 130 миллион сўмлик маблағи ҳисобидан энг замонавий компьютер ва ахборот технологиялари билан таъминланган. Лойиҳа қиймати қарийб 5 миллиард сўм бўлган бино “Геостройпрестиж” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Р. Холматов иштирок этди.

ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: