“БИЗНЕС ЮРИТИШ–2020” ЙИЛЛИК ҲИСОБОТИНИНГ “ШАРТНОМАЛАР ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ” ИНДИКАТОРИДА ЎЗБЕКИСТОН НУФУЗИ ЯНАДА ЯХШИЛАНДИ
Мамлакатимизда бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш мақсадида тизимли равишда ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Ушбу ислоҳотларнинг самараси натижасида “Бизнес юритиш 2020” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 7 поғона юқорига, яъни 190 мамлакат орасида ўтган йилги 76-ўринддан 69-ўринга кўтарилиб, ишбилармонлик муҳитини яхшилашда энг юқори кўрсаткичга эришган 20 давлат қаторига кирди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан “Doing business” индексининг Контрактлар ижросини таъминлаш индикаторида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш учун Олий суд масъул сифатида белгиланган.
Мазкур халқаро рейтингнинг шартномалар ижросини таъминлаш индикатори бўйича мамлакатимиз ўрнини яхшилаш мақсадида Олий суд томонидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган 2019 йил 20 мартдаги “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, 2019 йил 23 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги каби Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди. Шунингдек, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд иш юритуви самарадорлигини ошириш, низоларни ўз вақтида ва сифатли ҳал қилиш бўйича муҳим натижаларга эришилди.
Мамлакатимизда амалга оширилган ана шундай кенг қамровли ислоҳотлар натижасида “Бизнес юритиш” халқаро рейтингининг шартномалар ижросини таъминлаш индикатори бўйича мамлакатимиз ўтган йилги 41-ўриндан 22-ўринга кўтарилди.
“Бизнес юритиш 2020” йиллик ҳисоботида ҳақли равишда қайд этилганидек, асосан одил судлов сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини кучайтириш, медиация институтини қўллаш орқали шартномалар ижросини соддалаштириш, шунингдек, тарафларни низоларни медиация орқали ҳал қилишга жалб этиш учун имтиёзлар яратиш бўйича кўрсаткичлар яхшиланди.
Жумладан, Олий суднинг веб сайтида судлар фаолиятига, хусусан иқтисодий низоларни ҳал қилишга оид статистик маълумотлар мунтазам равишда жойлаштирилиб борилмоқда.
Низоларни муқобил ҳал қилиш усулларидан бири бўлган медиация институти судгача, шунингдек, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш ва низони ҳакамлик судида кўриш чоғида ҳам қўлланилиши белгиланди.
Эътиборлиси, агар низони суд тартибида кўриш жараёнида тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилса, давлат божи қайтариб бериладиган бўлди.
Шу билан бирга:
судларда ишларни суд раисининг иштирокисиз автоматик равишда тақсимлаш;
суд қарорларини Олий суднинг веб сайтида жойлаштириб бориш, иқтисодий судларда ишларни ўз вақтида ва сифатли кўрилишини таъминлаш учун судгача мажлис ўтказиш;
суд мажлисларини асоссиз узайтирилишини чеклаш мақсадида фақат кутилмаган ва фавқулодда ҳолатлардагина суд муҳокамасини кейинга қолдиришга йўл қўйилиши;
ишларни тезкор ҳал қилиш учун соддалаштирилган тартибда кўриш тартиби;
шунингдек, судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган барча тўловларни, шу жумладан давлат божини ҳисобга олиш ва тўлашнинг ягона электрон тизими жорий этилди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур соҳада аниқ мақсадларга йўналтирилган ислоҳотлар қатьият билан давом эттирилмоқда.
Келгусида ушбу ислоҳотлар ҳам шартномалар ижросини таъминлаш соҳасини такомиллаштириб, “Бизнес юритиш” халқаро рейтингида мамлакатимиз нуфузини янада яхшилашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Халқаро рейтинглар билан ишлаш бўлими
Фикр қолдириш