ОШИҚ ҚИЁФАСИДАГИ ФИРИБГАР ЁКИ ЎЗГАНИНГ ҲАҚИ БУЮРМАЙДИ
Йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи «Бек такси» масъулияти чекланган жамият ҳайдовчиси С. Равшанқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг ширин сўзи, атрофдагиларга яхши муомаласи билан жамоада эътибор қозонди.
Хизмат тақозоси туфайли С. Равшанқулов корхона оператор-диспетчери Фарзона Пўлатжонова билан ҳар куни телефон орқали боғланиб турарди.
Ҳазилкаш, ҳозиржавоб бу йигитга нисбатан қизнинг кўнглида ҳам илиқлик уйғонганди.
Бора-бора Султонали бўш пайтларида Фарзона ўтирадиган хонага эмин-эркин кирадиган, у билан узоқ суҳбат қурадиган бўлди. Қиз ҳам бунга эътироз билдирмади. Аксинча, уларнинг муносабати янаям қалинлашди.
— Харажатларим кўпайиб кетиб, танишларимдан қарз бўлиб қолдим, — деди С. Равшанқулов бир гал Ф. Пўлатжонова билан учрашувга чиққанида куйиниб. — Устига-устак, отамнинг кўзини даволатишга ҳам пул зарур бўлиб турибди.
Яқин вақтлар ичида тўй ўтказишга ваъдалашгани боис қиз хушторининг моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолганига ачинди.
— Менга ёрдаминг, — дея гапида давом этди С. Равшанқулов. — Банкдан сенинг номингга кредит олсак. Уни фоизи билан ойма-ой ўзим тўлаб берардим.
Бу таклифга рози бўлган Фарзона ўзининг фуқаролик паспорти нусхасини С. Равшанқуловга беради. С. Равшанқулов шу куннинг ўзидаёқ Ф. Пўлатжонованинг номига кредит маблағи олиш учун ҳужжатларни тайёрлашга киришади. Бир неча кундан сўнг у корхонага келиб, автомашинасида Ф. Пўлатжоновани «Микрокредитбанк»нинг филиалига олиб боради ва ҳужжатларга имзо қўйдиради.
Банкдан Ф. Пўлатжонова номига асаларичилик хўжалиги ташкил этиш учун 33 миллион сўм кредит маблағи ажратилаётган экан. Ҳужжатлар тўлиқ, кам-кўстсиз бўлиши учун Ф. Пўлатжонова асалари қутилари ёнида суратга тушиши керак экан. Шу боис С. Равшанқулов уни тумандаги «Наврўз» маҳалласига олиб боради. Фарзона йўл четидаги бедапоя ичида турган Жўрақул бобонинг асалари қутилари ёнида суратга тушади.
— Энди охирги ишимиз қолди, — дейди орадан икки кун ўтиб Фарзонанинг ҳузурига келган С. Равшанқулов. — Асалари сотиб олганлик тўғрисида расмиятчилик учун таъминотчига тилхат ёзиб беришинг керак.
Худди шу мақсадда С. Равшанқулов қизни ўзининг синфдоши Бекзоднинг отаси Қурбон Амирқуловнинг туман марказидаги дўконига олиб боради.
Қурбон бобо Фарзонага юк хати ва яна аллақандай қоғозларни бериб, кўрсатган ўринларга имзо қўйдиради. Лекин дўкон атрофида асалари қутилари кўринмасди. Фарзона англадики, Қурбон бобо асалари берадиган таъминотчи экан.
Эртасига С. Равшанқулов кечга томон Фарзонанинг олдига мамнун ҳолда келиб, кредит олганини айтади.
Кунлар шу зайлда бир-бирини қувлаб ўтаётганди. Бир куни банк филиали ходими Ф. Пўлатжоновага қўнғироқ қилиб, ажратилган кредит маблағидан мақсадли фойдаланилаётганини билиш мақсадида мониторинг ўтказиш режалаштирилганини айтади. Қиз бундан тезда С. Равшанқуловни хабардор қилади.
Қисқаси, С. Равшанқулов банк ходимлари ҳамда Фарзонани олиб, Жўрақул бобонинг асалари қутиларини кўрсатиб, суратга тушилган «Наврўз» маҳалласига олиб боради.
Ўшанда суратга тушганда қатор тизилиб турган асалари қутилари жойида йўқ эди. Фарзона Султонали нега бу ерга олиб келгани, нима деб жавоб қайтаришига ҳайрон эди. Аммо Султонали асаларилар Бахмал туманига олиб кетилганини таъкидлаб, сувдан қуруқ чиқади.
Банк кредитидан гап очилганида Султонали тўловларни ойма-ой амалга ошириб бораётганини айтганди, Фарзона севган йигитининг ҳожатини чиқарганидан хурсанд эди. Аммо бу қувонч узоқ чўзилмади. Кредит маблағи олинганига олти ой деганда, банк филиали ходими Фарзонадан кредит маблағига ҳисобланган ойлик фоиз ва асосий қарз тўловини тўлашни талаб қилади.
Табиийки, Фарзона бу гапни Султоналига етказди-ю, худди қаҳратон қиш чилласида устидан бир челак муздек сув қуйиб юборилган одам ҳолига тушади. «Мен банкдан ҳеч қандай кредит маблағи олмаганман, — дейди у. — Ким олган бўлса, ўша тўласин!».
Қиз аввалига бу Султоналининг навбатдаги ҳазили деган хаёлга боради.
Қарасаки, ҳазил эмас, чинга ўхшайди, жиддий гапиряпти, кредит маблағи олганидан тоняпти.
Фарзонанинг кўнгил хуфтонлиги ва тушкун кайфияти уйдагиларга ҳам кўчди. Азбаройи йўқ жойдан пайдо бўлган ташвишдан қизини қутқариш учун ота-она ҳам ўртага тушди. Шунда С. Равшанқулов «банк кредит маблағини қизингизнинг ўзи олган, ишонмасаларинг Бекзоддан сўранглар, унинг отаси Қурбон бобо тақдим этган ҳужжатларга Фарзона имзо қўйган» дейишдан ҳам уялмайди.
Бекзод банк кредити ҳужжатлари Фарзонанинг номига расмийлаштирилгани, аммо пулни С. Равшанқулов олганини маълум қилади.
Аслида ошиқ қиёфасидаги қаллоб С. Равшанқулов Ф. Пўлатжоновани алдаб, унинг номига банк муассасасидан анча миқдорда кредит маблағи олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборганди.
Бу ёғини сўрасангиз, Султонали фирибгарлиги етмагандек, талончилик жиноятига ҳам қўл уради. У тилла буюмлар олди-соттиси билан шуғулланувчи Зилола исмли аёлни уйига олиб бориш учун автомашинасига ўтқазади.
Зилола ўша куни Жиззах шаҳридаги ўзига таниш савдогардан 10 граммлик эркаклар тилла занжирини беш миллион сўмга сотиб олиб, бўйнида тақиб келаётганди.
Йўлда кета туриб, аёлнинг бўйнида тақиб келаётган тилла занжирни кўрган Султонали унга қизиқиб қолади. Султонали «менга ҳам ёқди, уйлансам худди шу занжирдан оламан» дейди ва «тақиб кўрсам майлими?» — дея сўрайди.
Аёл тилла занжирни бўйнидан ечиб, Султоналига беради. Бу пайтда Зилола манзилига етиб борган, машинадан сумкаларини тушираётганди, шу заҳотиёқ Султонали машинасини ҳайдаб юборади. Зилола тилла занжирни ташлаб кетишини айтиб, орқадан ҳай-ҳайлаганича қолаверади.
Уйига юкларини олиб кирган Зилола С. Равшанқуловнинг қўл телефонига қўнғироқ қилади. Нариги томондан жавоб бўлмайди. «Ҳазиллашяпти, қайтариб беради» кўнглидан кечиради аёл. Танишлиги сабаб у ички ишлар идорасига бу ҳақда хабар бермайди.
Шу куни кеч соат йигирма иккиларда С. Равшанқулов Зилоланинг уйига келиб, кечирим сўрайди. У тилла занжирни сотиб, пулини қарзларига бергани маълум қилиб, Зилолага бир миллион сўм пулни тутқазади ва қолган пулни бир-икки кунда тўлиқ қайтариб беришини таъкидлайди.
Аммо орадан ойлар ўтса-да, тилла занжирнинг пули қайтмайди. Шундай кунларнинг бирида Зилола кўчада тасодифан С. Равшанқуловга дуч келиб қолади ва пулни беришни сўрайди. Шунда Султонали фуқаролик паспортини гаров сифатида Зилолага беради ва тез орада пулни беришини айтади.
Аммо Султонали Зилолани яна алдаган эди. Охири тоқати-тоқ бўлган З. Урдушева ички ишлар бўлимига мурожаат этганда ҳаммаси фирибгар аллақачон ўзига янги фуқаролик паспорти олиб олгани аён бўлади.
Бундан ташқари Султонали Рашида исмли таниш қизнинг нархи 1 миллион 800 минг сўмлик, синфдоши Салиманинг 1 миллион 400 минг сўмлик телефон аппаратини очиқдан-очиқ талончилик йўли билан олиб қўйиб, уларни сотиб, пулини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.
Ошиқ қиёфасидаги қаллоб ва талончига нисбатан жиноят иши очилиб, тергов мобайнида жиноий қилмишлари тўлиқ исботини топди. Биринчи босқич суди С. Равшанқуловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди ва 166-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топиб, унга беш йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ҳам ундириладиган бўлди.
Аммо бундан норози бўлган С. Равшанқулов апелляция тартибида шикоят аризасини ёзди.
Яқинда Жиззах вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида ушбу апелляция шикояти кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати биринчи босқич судининг ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.
Бировнинг ҳақи ҳеч қачон ўзгага буюрмайди. Бу — исбот талаб қилмайдиган ҳаёт ҳақиқати. Уни инкор қилиш, эътиборга олмаслик ҳамиша аянчли якун топади.
Шуҳрат ХУДОЁРОВ,
Жиззах вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш