ФИРИБГАРГА АЙЛАНГАН ҲУҚУҚШУНОС

Қўштепа туманида яшовчи Жўрабек Фазлиддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) мактабни битириб, олийгоҳнинг юриспруденция йўналишига ҳужжат топширганда яхши билим олиб, келгусида тажрибали ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилган эди. Зеро, эзгу ният билан бошланган иш бароридан келади, албатта.

Шу маънода айтганда, Жў­рабек ҳам университетни тамомлагач, аввал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда иш ўрганиб юрди. Ана шу кезларда ўзига ишониб топширилган вазифаларни уддалай ол­ди чо­ғи, уни ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идоралардан би­ри­га инспектор лавозимига ўтказишди.

Аммо…

Аммо Ж. Фазлиддинов нафс қутқу­сига учиб, тўғри йўлдан адашди. Йўқ­­­­са, ўзи ҳуқуқшунос бўла туриб, жиноятга қўл урмас эди. Яъни 2016 йилда фирибгарлик кўчасига қадам қўяди. Оқибатда унга нисбатан Жи­ноят­ кодексининг 168-моддаси 1-қис­ми билан жиноят иши қўз­ғати­ла­ди. Сўнг жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2017 йил 10 январдаги ажрими билан юритилган жиноят иши ярашув институтига мувофиқ тугатилади.

Одатда, оқ-қорани таниган киши билиб-билмай, бирор хатога йўл қўй­са ёки жиноят содир этса, бундан зудлик билан ўзига тегишли хулоса чиқариб олади. Ҳаётда қайта хато қилмасликка, тўғри йўл­ни топишга ҳаракат қилади.

Бироқ «қаҳ­ра­мон»и­миз орадан 4 йил ўтиб, иккинчи марта фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятини содир эт­­ди. Аниқланишича, фуқаро Абдумалик Асқаров 2020 йилнинг февраль ойи охирларида туман ҳокимлигига боради. Шунда бир гу­руҳ нуронийларнинг Қўр­ғонча маҳалласи масжидини очиш ҳаракатида келишгани, бунинг учун эса, Тошлоқ туман адлия бўлими ходими Жўрабек Фазлиддинов ёр­дам бераётганлигидан хабар топади. Шунинг учун Абдумалик ака ҳам адлия бў­лимига бориб, Ж. Фазлиддиновни топиб гаплашади. Яъ­ни туманнинг Сўк­чилик маҳалласида жойлашган масжидни ҳам очиш юзасидан маслаҳатлашади.

— Бу иш туманда ҳал бўл­майди, — дея гап бошлайди Жў­­­рабек. — Бунинг учун мен Тошкент бориб келишим зарур. Гапнинг қисқаси, бу масаланинг ўзига яраша чиқими ва тегишли тўловлари бор. Шу­­ни тайёрлаб берсанглар, муаммо йўқ.

— Хўш, қанча йиғиб беришимиз керак? — қизиқиб сў­райди А. Асқаров.

Бунга жавобан эса, Ж. Фазлиддинов борди-келди ва ҳужжатлар учун тахминан 40 миллион сўм кетишини айтади. Бинобарин, Абдумалик ака унинг гапларига ишониб, бир ой деганда дастлаб 5 миллион сўм, сўнг 34 миллион сўмни санаб беради. Аммо Жўрабек ҳали карантинни, ҳали бошқа нарсаларни важ қилиб, ишни чўзиб юраверади. Пулларни эса, масжид очилиши учун талаб этиладиган тўловни амалга оширишга сарфлаганини айтади. Бироқ тўловни тас­диқ­ловчи квитанцияни ҳам унга бермайди.

Шу тариқа, орадан 4 ойдан кўпроқ вақт ўтса ҳам масжид очилишидан дарак бўлмайди. Шундагина Абдумалик Асқаров алданганини тушуниб етади.

Пировардида унинг Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департамаентининг Тошлоқ туман бўлимига қилган мурожаати асосида ҳуқуқ­шунос «ҳожатбарор»нинг си­ри фош этилади.

Буни қарангки, Жўрабек Фазлиддиновнинг ҳакалак отган нафси юқо­ридаги воқеа би­лан таскин топмаган экан. Аниқроғи, у қинғир ишларини давом эттириб, фуқаро Музаффар Мирзажоновдан ҳам пул таъма қилганлиги аён бўл­ди.

Маълум бўлишича, Музаффар Мирзажонов 2020 йилнинг март ойи­да жияни Мухиддинжон Қодиржонов билан бирга туман ҳокимининг тегишли қа­рори асосида туманнинг Ни­луфар кўчасида фойдаланилмасдан ётган 1 000 квадрат метр бўш ер майдонини маҳалла гузари ва 5 қа­ватли уй қу­риш учун давлат хусусий шерикчилиги асосида олади. Ке­йин эса, қу­рилишни бошлайди. Қу­ри­лиш ишлари авжига чиқ­қан­да эса, ернинг со­биқ эгаси С. Ҳошимов пайдо бўлади. С. Ҳошимов туман ҳокимининг бу хусусдаги — 2020 йил 16 мартдаги 439-сонли қа­рорини бекор қилишни сў­раб, Тошлоқ тумани маъмурий судига мурожаат қилади. Бундан хабар топган устамон Жў­рабек бўлса, айни масалани унинг фойдасига ҳал қи­либ беришини айтиб, М. Мирза­жоновни алдашга тушади.

— Ҳаражатига рози бўл­сан­гиз, мен судья билан гаплашиб, бу масалани сизнинг фойдангизга ҳал қилиб бераман, — деб М. Мирзажоновнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўл­диради у.

Яъни бунинг эвазига 500 АҚШ доллари олади. Аммо муаммо муаммолигича қолиб кетади. Шундан сўнг алданган фуқаро Департаментга мурожаат қилади. Оқибатда мазкур жи­­ноят­ ҳам ўз ўрнида фош этилиб, Жў­рабек Фазлиддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми би­лан жи­ноят иши қўзғатилди ва судда қонуний жазо та­йинланди.

Шу ўринда таассуф билан тилга олиш жоизки, ўзи ҳу­қуқ­шунос бўл­ган шахснинг такроран коррупция гирдобига тушиши муроса қилиб бўл­мас ҳолатдир. Чунки у юқо­­ри­даги қилмишларнинг жиноят эканини била туриб, содир эт­ди. Эн­­­ди ўзингиз ўй­ланг: Жў­ра­бек Фазлиддиновнинг ғайриқонуний ишидан хабар топган юртдошларимизнинг давлат органларига бўлган ишончи сусаймаслигига ким кафолат беради? Шундай экан, унга берилган жазодан коррупция­га мойил бўлган бош­қа шахс­лар тегишли хулоса чиқариб олиши шарт. Зе­ро, ким бўлишидан қатъий на­зар, қонун олдида барча баробардир.

Азамат ҲАБИБУЛЛАЕВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: