ШАРТНОМА ШАРТИ МАСЪУЛИЯТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ
Бу ҳаётда тарафлар ўртасидаги шартномалар қандай кўринишда тузилмасин, у наинки ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ҳамда илиқ муносабатларни мустаҳкамлайди, балки жамият тараққиёти учун ҳам муҳим омил ҳисобланади. Бу каби жиҳатлар амалдаги қонунларда ҳам белгилаб қўйилган.
Ўз-ўзидан аёнки, қонунларга итоат этмаслик, аниқроғи, ваъдага вафо қилмаслик оқибатда беҳуда югур-югур ва оворагарчиликларга сабаб бўлади.
Гап шундаки, «Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулияти чекланган жамияти маъмурияти билан якка тартибдаги тадбиркор Одинахон Назарова ўртасида 2020 йил 8 июлда корхона ишчи-ходимлари учун махсус кийимлар етказиб бериш бўйича 151091-сонли шартнома имзоланади.
Мазкур шартномага асосан якка тадбиркор О. Назарова 128 миллион 700 минг сўмлик миқдордаги маҳсулотни етказиб беришни зиммасига олади.
Яна шу ўринда айтиш жоизки, шартномада кўрсатиб ўтилганидек, ижрочи маҳсулотни банкдаги ҳисоб рақамига маблағ ўтказилгани ҳақидаги хабарни олган кундан эътиборан 5 иш куни ичида етказиб бериши керак эди.
Бироқ О. Назарова шартнома талабларига мутлақо риоя қилмасдан, маҳсулот етказиб беришни пайсалга солиб келди.
Бу орада «Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулияти чекланган жамияти маъмурияти бир неча марта тадбиркорни оғзаки ва ёзма тартибда огоҳлантиришига қарамай, у турли баҳоналарни рўкач қилишдан нарига ўтмади.
Шундан сўнг «Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулияти чекланган жамияти судга ушбу низоли масалани қонун доирасида ҳал қилиш ҳақида даъво аризаси киритди.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 ноябрдаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки маълум даражада бажармаганлиги учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 12-бандида белгиланишича, Фуқаролик кодексининг 333-моддасига асосан, агар қонун хужжатларида бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармагани учун жавобгар ҳисобланади.
Суд даъво талабларини қисман қаноатлантириш, тарафлар ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш ҳамда маҳсулот олиш учун олдиндан тўлаб берилган 128 миллион 700 минг сўм маблағни «Шўртан газ кимё мажмуаси» масъулияти чекланган жамияти ҳисобига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқадиган хулоса шундан иборатки, шартнома шартларига амал қилмаслик ёхуд қонунларни четлаб ўтиш нохуш оқибатларга олиб келади.
Бу ҳаётий хақиқатни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Нодир ХЎЖАҚУЛОВ,
Ғузор туманлараро
иқтисодий cуди раиси,
Абдунаби БОБОЁРОВ,
журналист
Фикр қолдириш