ДИЁНАТСИЗЛИК НАФС БАНДАЛАРИНИ ОҒИР ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ
Чортоқ туманида яшовчи Эркин Абдусатторов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳозир қирқ ёшга тўлган. Одатда, бу ёшга кирган ҳар бир киши кўпроқ ўсиб-униб келаётган фарзандларининг ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши, умуман айтганда, ҳаётда ўрнини топиши учун саъй-ҳаракат қилади. Аммо Э.Абдусатторов ҳақида бундай деб бўлмайди, у айни ёшда учинчи маротаба судланиб, жазо мудаттини ўтамоқда…
Буёғини сўрасангиз, у бундан 20 йил муқаддам, яъни 20 ёшида жиноят кўчасига қадам қўйган. Ўшанда Э. Абдусатторов баданга оғир шикаст етказган ҳолда босқинчилик, атрофдагилар учун хавфли усулда ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш, унга зарар етказиш жиноятларини содир этгани учун 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Мазкур жазо муддати амнистия актлари туфайли қисқариб борган. Охир-оқибат у 2013 йилда озодликка чиққан.
Кейин эса, 2021 йилда Э. Абдусатторов фирибгарликка қўл уриб, яна суднинг қора курсисига ўтирган. Бироқ II-гуруҳ ногирони бўлгани боис тайинланган аҳлоқ тузатиш иши жазосидан Жиноят кодексининг 75-моддасига мувофиқ озод этилган. Энди эса…
Гап шундаки, икки марта судланиб ҳам сўқир кўзи очилмаган бу йигит ўтган йилнинг 10 август куни Наманган шаҳрида истиқомат қилган эски таниши ва жиноий шериги Р. Шоисаев билан яна ўғирлик жиноятини содир этди.
– Агар хўп десангиз, битта зўр иш бор, – дейди воқеадан бир ойча аввал Э. Абдусатторов Р. Шоисаев билан учрашганда.
– Қандай иш экан? – деб қизиқиб сўрайди Р. Шоисаев.
– Уйга борганда айтаман.
Шундан сўнг Э. Абдусатторов қаердан ва нима ўғирлашни режалаштирганини айтади.
– Майли, розиман, – дея жавоб беради Р. Шоисаев ўйлаб ҳам ўтирмай. Чунки унинг бўйнида катта қарзи бор, шуни қандай узишни билмай юрганди.
Хуллас, ўша кун тунда икковлон юзларига ниқоб тақиб Чортоқ туманининг “Балиқкўл” маҳалласида жойлашган “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳи музейига келишади. Аввалига чор-атрофни кузатиб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилишади.
Шунга қарамай, улар ўзларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зиёратгоҳ чироқларини асосий тармоқдан узиб қўйишади. Сўнгра музейда сақланаётган, ҳаттотлар томонидан 1874 йилда кўчирилган нодир қўлёзма – муқаддас Қуръони Каримни ўғирлашади.
Э. Абдусатторов муқаддас китобни ўзининг “Кобальт” русумли автомашинаси юкхонасига яшириб қўяди. Наманган шаҳрига келгач, муқаддас китобни Р. Шоисаевнинг синглиси Нафосат Шоисаеванинг уйига беркитишади. Аммо хонадон соҳибасига китобнинг ўғирланганини айтишмайди.
Аммо улар хомтаъма бўлганидек, бу жиноий қилмиш очилмай қолмади.
Аксинча, ўғрилар тез орада қўлга олинди. Чунки зиёратгоҳ ҳудуди ва атрофига ўрнатилган видеокузатув мосламалари жиноятнинг қисқа фурсатда фош этилишини таъминлади.
Натижада муқаддас китоб “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳига қайтарилди. Жиноятчиларга нисбатан эса, жиноят иши қўзғатилди.
Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, Туризм ва маданий мерос агентлигининг 2022 йил 22 декабрдаги санъатшунослик экспертизаси хулосасида ушбу муқаддас китобнинг мамлакатимиз ички бозоридаги баҳоси 92 000 000 сўм деб белгиланган.
Яқинда ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судида кўриб чиқилди. Суд Э. Абдусатторов ва Р. Шоисаевни Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Бу воқеани баён этишдан мақсад шуки, ҳаётда тўғри йўлдан адашган кимса нафси йўлида ҳар қандай тубанликдан қайтмаслигини таъкидлашдир. Э. Абдусатторов ва Р. Шоисаев тап тортмай муқаддас китобни ўғирлашга уриниши ва уни сотиб мўмай даромад олишни кўзлаши улар инсоф ва диёнатини аллақачон йўқотганини кўрсатади.
Ҳаёт ҳақиқати шуки, ҳалол меҳнат билан топилмаган ҳар қандай даромад кишига ҳеч қачон буюрмайди. Шунингдек, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди.
Иброҳим ЖАББОРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Чортоқ тумани суди раиси
Фикр қолдириш